Дунёдаги энг яхши университетлар рейтинги эълон қилинди

Жаҳон университетлари рейтинги маркази (CWUR) ўзининг 2026 йил учун мўлжалланган дунёнинг энг илғор олий таълим муассасалари рўйхатини жамоатчиликка тақдим этди. Мазкур нуфузли ҳисобот доирасида ер юзининг қарийб 100 та давлатидан 21 мингдан зиёд университет фаолияти атрофлича ўрганилиб, улар орасидан энг сара 2 мингтаси танлаб олинди. Минг афсуски, бу йилги глобал "Топ-2000" таркибидан Ўзбекистоннинг бирорта ҳам олий ўқув юрти жой ололмади.
CWUR рейтингининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда турли субъектив сўровномалар ёки олийгоҳларнинг ўзлари тақдим этган шубҳали ҳисоботларга умуман таянилмайди. Бутун жараён фақатгина қуйидаги реал ва шаффоф мезонларга асосланади:
Таълим сифати (25%): Талабаларнинг билим олиш даражаси ва шароитлари.
Битирувчиларга бўлган талаб (25%): Талабаларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва карьера ютуқлари.
Профессор-ўқитувчилар таркиби сифати (10%): Илмий ходимларнинг халқаро миқёсдаги нуфузи.
Тадқиқот фаолияти (40%): Миллионлаб илмий нашрлар, мақолалар ва уларга берилган иқтибослар ҳажми.
Рейтинг таҳлилларига кўра, дунё олий таълимида ҳамон АҚШ мутлақ етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Бироқ Буюк Британия, Япония, Канада, Франция ва Хитой каби давлатлар ҳам юқори ўринларда фаол рақобат намойиш этган. Мазкур рейтингнинг энг кучли ўнталигидан жой олган таълим даргоҳлари билан танишинг:
Ҳарвард университети (АҚШ)
Массачусетс технология институти (MIT) (АҚШ)
Стэнфорд университети (АҚШ)
Кэмбриж университети (Буюк Британия)
Оксфорд университети (Буюк Британия)
Принстон университети (АҚШ)
Пенсилвания университети (АҚШ)
Колумбия университети (АҚШ)
Йейл университети (АҚШ)
Чикаго университети (АҚШ)
Хўш, юртимиз олийгоҳлари нега бу рўйхатдан четда қолди? Таҳлилларга кўра, маҳаллий олий таълим муассасаларимиз халқаро миқёсдаги илмий тадқиқотлар ҳажми, нуфузли журналлардаги иқтибослар сони, профессорлар таркибининг сифати ва битирувчиларнинг дунё бозоридаги карьера ютуқлари каби энг асосий талаблар бўйича ҳали етарлича натижа кўрсата олмаган.
Ушбу натижа юртимиз таълим тизими олдида глобал меҳнат бозори ва илм-фан дунёси билан ҳамнафас бўлиш учун ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эканини кўрсатиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!