Замонамиз қаҳрамонлари. Улар кимлар? Қандай фазилатлари билан алоҳида ажралиб туради? Бугун қайси тоифадаги кишиларни қаҳрамонлар сафида эътироф этиш мумкин?
Аслида, уларни узоқдан излашга ҳожат йўқ...
“Ромитан туманида иш излаб Россия ё Қозоғистонга бораётганлар деярли қолмади ҳисоб. Қишлоқ йигитлари кластерда ишлаб, жарақ-жарақ пул топяпти. Биргина бизнинг ҳудуддан 115 нафар киши “BCT Cluster”да иш билан таъминланди...”
Бундан 2 йил бурун “Қумработ” МФЙ раиси Қобил Камоловнинг шу гапларини эшитганда, очиғи, ишонмагандик. Бунинг учун асосларимиз бор эди-да! Билишимизча, тумандаги пахтачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларида доимий ишчилар сони 436 нафар бўлиб, уларнинг маоши 450 минг сўмга ҳам етмасди.
Тумандаги 8 минг гектар экин майдони кластерга берилгач, аҳолининг 4000 нафари ишга қабул қилинибди. Эътиборлиси, мавсумий ишларга эмас, йил — ўн икки ой меҳнат қилиб, ўртача 2 миллион сўмдан ойлик маош олишаётган экан. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кластерда етиштирилган пахта толасини чуқур қайта ишлайдиган Бухородаги тўқимачилик комбинатида яна 1500 киши иш билан таъминланган. Агар бунга тез орада фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаёган чигитни қайта ишлаш заводида яратиладиган иш ўринларини ҳам қўшадиган бўлсак, кластер қишлоқ жойлардаги бандлик масаласини таъминлашда асосий кучга айланиб бораётганини илғаш қийин эмас.
— Президентимизнинг ғояси асосида агросаноат тизимида жорий қилинган ишлаб чиқаришнинг кластер усули моҳиятан халқни бой, элни фаровон қилишга қаратилган, — дейди мамлакатимиздаги қалдирғоч кластер раҳбари, сенатор Муртазо Раҳматов. — Сўнгги уч йилликдаги энг муҳим янгиликлардан бири бўлган маҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг занжирсимон усули, биринчи навбатда, қишлоқ одамларининг ҳаёт даражасини кўтаришга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Таниқли тадбиркорнинг айтишича, бунга қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш орқали тезроқ эришиш мумкин. Сабаби аграр тармоқнинг ўзидан юқори даромад олишнинг имкони йўқ. Хусусан, пахтачиликда қўшимча қиймат ишлаб чиқаришнинг якуний босқичида яратилади. Шунинг учун у фермерлар билан шартнома имзолаб, тайёр хом ашёни қабул қилишга асосланган осон йўлни танламади. Пахта етиштиришни ҳам, уни қайта ишлашни ҳам бир тизим — кластерга жамлаб, олинган фойданинг маълум қисмини иштирокчилар ўртасида тақсимлашни йўлга қўйди. Бундан далада меҳнат қилган деҳқону сувчидан тортиб, менежергача ўз улушини олаётгани эътиборга моликдир.
Тадбиркорлар олими, олимлар тадбиркори
Муртазо Раҳматовни яқиндан билганлар уни худди шундай таърифлашади: тадбиркорлар олими, олимлар тадбиркори. Негаки, иқтисодиёт фанлари доктори назария ва амалиётни уйғунликда олиб бораётган кам сонли ишбилармонлар сирасига киради. Не ажабки, унинг “Корхоналар фойдаси ва унинг тақсимланиши” мавзуидаги номзодлик илмий ишида илгари сурилган ғоялар бугун кластерда тўла-тўкис ўз инъикосини топди. Буни у Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаб берган ислоҳотларнинг янги босқичи билан боғлайди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон дунёга очилди. Тадбиркорлар, инвесторлар дарди тингланиб, бизнес юритиш учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва эркинлик яратилди. Аҳамиятлиси, бу жараён изчил давом эттирилиб, бизнес юритишда дуч келинаётган ғовлар босқичма-босқич олиб ташланмоқда.
Яширишнинг ҳожати йўқ, ишбилармонлар “югур-югур”лардан чарчаганди. Идорама-идора юришдан эса зада бўлиб кетгани ҳам бор гап. Ана шундай мураккаб бир пайтда Президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев янгиланишларни иқтисодий ислоҳотларни либераллаштиришдан бошлади. Жумладан, тадбиркорларга эркинлик бериш, уларнинг ишига ҳуда-беҳуда аралашмасдан, аксинча, ёрдамлашиш, ростмана қулай ишбилармонлик муҳити яратишга киришди. Бу эса чет эллик инвесторларда Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш уйғотган бўлса, ўз бизнесини хорижда юритаётган юртдошларимизда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтирди. Натижада улар Ватанга қайтиб, йирик лойиҳалар ижросига киришиб кетишди.
Муртазо Раҳматов иқтисодий тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшишга интилаётган ана шундай фидойи юрт фарзандларидан биридир. У дастлаб Бухоро вилоятида “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйган бўлса, орадан бир йил ўтиб, аниқроғи, 2018 йилда Қуйи Чирчиқ туманида “ТCT Cluster”ни ташкил этди. Бугунги кунда иккала кластер жамоаси аъзоларининг сафи 12 минг кишига етди.
Архив фото
Ишонасизми, дастлабки кезларда Қуйи Чирчиқда механизатор топилмагани туфайли Сирдарёдан ишчилар жалб қилишга мажбур бўлинган. Эндиликда кластер машина-трактор паркидаги 2500 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини маҳалла йигитлари бошқаряпти. Хусусан, 25 та пахта териш машинасини ҳам.
— Туркияда “Кейс” техникаларини ҳайдаётган эдим, — дейди оператор Руслан Файзулин. — Кластерга шу русумдаги пахта териш машинаси олиб келиниб, операторларга яхши ҳақ беришаётганини эшитиб, ўтган мавсумда Туркиядан қайтиб келдим. Оилам бағридаман. Топиш-тутишим ҳам ёмон эмас. 4 миллион сўм маош оляпман. Бундан хабар топган бошқа ҳамкасбларим ҳам чет эллардан келишмоқда.
Ишлаган одам қаерда бўлмасин, яхши яшаши, тўқ ва фаровон ҳаёт кечириши керак. Бу сўзлар кластер ишчи-ходимларининг шиорига айланган. Бинобарин, жамоа етакчиси кўп бора таъкидлаганидек, ҳеч бир давлат, ҳеч бир миллат, қўйингки, ҳеч бир киши қаттиқ ишламасдан бой бўлмайди. Қайси соҳада бўлмасин, ўз касбига меҳр қўйиб, сидқидилдан меҳнат қилса, албатта, самарасини кўради. Халқимиз топиб айтган: меҳнатсиз роҳат бўлмайди.
Айтиш керакки, Муртазо Раҳматов бизнесга тасодифан эмас, аксинча, катта ҳаёт мактаби, узун илм йўлини босиб келган. 1989 йилда Cанкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университети (Россия)да номзодлик диссертациясини ёқлагач, бамисоли илм уммонига шўнғиб кетади. Дастлаб Москва давлат халқаро муносабатлар институти (Россия) қошидаги Халқаро бизнес мактабида, Лондон тил ва бизнес мактаби (Буюк Британия)да, сўнг Нешвилль халқаро институти (АҚШ)да таҳсил олади. Пировардида 1998 йилда Cанкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университетида докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди.
Бугунги бизнес фаолиятида ҳам илмга таянади, амалиётга илғор инновацияларни қўллашга интилади. Бунинг самараси ўлароқ, Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Швейцария, Бельгия, Япония сингари давлатларнинг дунёда етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг илғор ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган, ўзида йигирув, бўяш, тўқимачилик, матога ишлов бериш ва тикувчилик фабрикаларини бирлаштирган замонавий мажмуани бунёд этишга муваффақ бўлди. Мазкур йирик корхона жамоаси орасида 15 га яқин фан номзодлари ва докторлари, академик борлиги, шунингдек, илмга ташна ёшлар меҳнат қилаётгани муваффақият эшикларини очмоқда.
“Бизга ҳавас билан қарашади”
Қизиқ, нега айрим мамлакатлар бой бўлса, бошқалари камбағал? Бир гуруҳ олимлар ер ости бойликлари кўп минтақадаги мамлакатлар бой бўлади, деб ҳисоблайди. Аммо бугун иқтисодиёти ҳаммадан илгарилаб кетаётган Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Хитой ер усти ёки ер ости бойликларининг кони эмас-ку?!
Бошқаларнинг наздида, қадимдан цивилизация маркази бўлган, бой маданий-илмий меросга эга чиққан давлатлар нисбатан тез ривожланади. Шундай бўлган тақдирда, айрим кичик мамлакатлар жаҳон бозори “дарвозаси”га ҳам яқин келмаслиги керак эди. Худди шунингдек, уммон ва денгизлардан узоқ бўлиш ҳам тараққиётга ғов бўлолмайди. Гап бошқа жойда. Қаердаки, иқтисодий ислоҳотларнинг энг мақбул йўли танланиб, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш тўғри йўлга қўйилса, ўша давлат ривожланади, албатта, бой бўлади.
Шавкат Мирзиёев миллат етакчиси сифатида бугунги давр нафасини теран ҳис қилиб, Ўзбекистонни тараққиёт ўзанига йўналтириб юборди.
Дунё кўрган йирик инвестор Муртазо Раҳматов шундай мулоҳаза қилади. У сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар янгиланаётган Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яратиб, иқтисодиёт тармоқлари ривожида янги даврни бошлаб берганини таъкидлайди.
— Яқин истиқболда Ўзбекистонда яшаш брендга, бизнес юритиш эса трендга чиқади, — дейди М. Раҳматов. — Бугун кўпчилик бу америкалик, бу кувайтлик, деб уларга ҳавас билан қараётган бўлса, яқин 5-6 йил ичида бу киши ўзбекистонлик, дея ўзгача ҳурмат билан тилга олади, бизга ҳавас қила бошлайди. Мен бунга ишонаман. Ўзбекистон — ўта бой мамлакат. Бу заминда Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча маъданлар бор. Бироқ энг катта бойлиги унинг саховатли қуёши, унумдор ери, фидойи ва меҳнаткаш одамларидир.
Хорижлик тадбиркорлар билан суҳбатларда ҳозир Ўзбекистонга инвестиция киритишнинг айни фурсати, кейин кеч бўлишини кўп айтаман. Чунки иқтисодиёт тармоқларида инвестицияга чанқоқлик бор. Бевосита давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор улушини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратаётгани янги лойиҳалар устида ишлашга катта туртки бўляпти.
Жарқўрғон туманининг олис Янгиобод маҳалласида ўтган йили ишга туширилган цемент заводи қаҳрамонимизнинг навбатдаги инвестициявий лойиҳаси бўлди. Мазкур корхона барпо этилгунга қадар бу ерлар кўримсиз яйдоқ жой бўлиб, қум уюмларию, яккам-дуккам чўл ўсимликларини айтмаганда, тап-тақир кенглик эди, холос. Лойиҳавий қиймати қарийб 144 миллион АҚШ долларига тенг “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси қурилиши билан ҳудуд манзараси буткул ўзгарди.
Улкан ишлаб чиқариш мажмуаси 84,1 гектар майдонга ўзгача жозиба бағишлади. Энг муҳим жиҳати, 700 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлди.
Соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, бу корхонанинг афзалликлари кўп. У Австрия, Германия, Италия, Россия ва Хитойдан келтирилган энг сўнгги русумдаги технологик линиялар ва ресурс тежамкор ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, “қуруқ усулда” цемент ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бу жараёнда табиий газдан эмас, балки кўмирдан фойдаланилади. Мавжуд технологик линиялар тўлиқ қувватга чиқарилгач, йилига 1,2 миллион тонна юқори сифатли муҳим қурилиш материали етказиб берилади. Унинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Ҳамма бой бўлиш, тўкис ҳаёт кечиришга ҳақли
Тадбиркор қайси соҳа бўлмасин, унинг ривожи, истиқболини кластер усулида кўради. Масалан, айни пайтда Тошкент вилоятида 12 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуасини бунёд этишга киришилган бўлиб, бу ерда етиштирилган гўшт ва сут кластер усулида чуқур қайта ишланади.
Бундан ташқари, пахта хом ашёсини Бухородаги сингари туманнинг ўзида чуқур қайта ишлаш лойиҳаси ҳаракатга туширилган. Агар Бухорода жаҳон брендлари даражасида экспортбоп жинси шимлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилган бўлса, бу ерда пахмоқ матолар, сочиқлар, дастурхон ва парда учун газламалар, шунингдек, ўта юқори сифатга эга болалар гигиена маҳсулотлари тайёрлаш кўзда тутилган.
Кластернинг айни пайтда ижро учун тайёр бўлган 10 дан зиёд инвестициявий лойиҳалари билан танишар экансиз, уларни бир-бири билан боғлаб турган бир жиҳат эътиборингизни тортмай қолмайди. Бу қишлоқ аҳолисига муносиб меҳнат шароити яратиб бериш, уларнинг даромадини кўпайтириш орқали турмуш фаровонлигига эришишдир. Зеро, тадбиркор қишлоқларни обод қилиш борасида илгари сурилган ташаббусларни рўёбга чиқариш, дала меҳнаткашларига муносиб шароит яратиб беришга интилади. Бунинг амалий тасдиғига Ромитанга йўли тушганлар озми-кўпми гувоҳ бўлишган.
Гап шундаки, даланинг қоқ ўртасида қўш қаватли дала шийпони бунёд этилган бўлиб, ичкарига кирсангиз, ўзингизни кўп юлдузли меҳмонхонадагидай ҳис қилишингиз аниқ. Чунки бу ерда ишчилар нафақат дам олиши, балки маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Аёллар ва эркаклар учун замонавий кондиционерлар билан жиҳозланган алоҳида-алоҳида ётоқхона, ювиниш хоналари, шунингдек, мажлислар зали, кутубхона, бир пайтда 150 кишини қабул қила оладиган ошхона — буларнинг барчаси кластер ишчи-хизматчилари учун.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Дала шийпони мева-сабзавот етиштириш учун мўъжаз экин майдонига эга, чорва моллари, парранда боқиш учун қўшимча иморатлар солинган. Ҳатто тандир ва ўчоқ қурилган...
Инвестор “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги бунёдкорлик ишларини кластерлар амалга ошириши керак, деб ҳисоблайди. Кластерлар қошида бунёд этмоқчи бўлган тураржойлар ҳақида фикрларини эшитган кишининг қулфи дили очилиб кетади. Унинг фикрича, уйларни шунчаки қуриб бўлмайди. Айниқса, қишлоқ туманларида. Бунда миллий менталитетимиз, ўзбекона ҳаёт тарзимиз, албатта, инобатга олиниши зарур. Оиладаги болалар сони ва ёшига қараб, “хонадон ичида хонадон” тамойили бўйича қўшимча шароит яратиш муҳим. Мисол учун, ҳар бир хонадонни икки қаватли майдонга жойлаштириб, биринчи қаватида меҳмонхона, ошхона ва ювиниш хоналари бўлса, иккинчи қавати ётоқхоналар учун ажратилади. Бундай шарт-шароитга эга уйларда бемалол меҳмон кутиш, келин тушириш мумкин.
Бахт ва фаровонлик кластери
Бу йил халқимиз учун оғир келди. Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқироз таъсири Ўзбекистонда ҳам сезилмоқда. Давлатимиз томонидан ҳозирги мураккаб шароитда иқтисодиёт тармоқларига қўшимча енгилликлар бериш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун барча чора-тадбирлар ишга солинмоқда.
Тадбиркор бугунги синовли кунларда халқ, миллат тақдирига ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Шу боис у карантин пайтида эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига 300 миллион сўм ҳомийлик маблағи ўтказиб берди. Бундан ташқари, ихтиёрий равишда кластерлар ишчи-ходимлари иш ҳақларининг бир қисми, жами 490 миллион сўм миқдоридаги маблағ “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз йўналтирилди.
Архив фото
— Президентимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилгани, айтиш жоизки, халқимизнинг меҳр-саховат, ҳиммат каби юксак фазилатларини жўш урдирмоқда, — дейди сенатор Муртазо Раҳматов. — Бу ҳаракат, айниқса, давлатимизнинг беқиёс ғамхўрлигини чуқур ҳис қилиб турган биз, кластерлар раҳбарларини ҳам эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга саховат кўрсатишга ундамоқда. Натижада бизнинг кластерлар жамоаси ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1025 та оилани уч ой давомида оталиққа олиш ташаббуси билан чиқди.
Айни пайтда Бухоро вилояти ҳокимлиги кўмагида кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилиб, манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилмоқда. Бизнинг халқни рози қилиш йўлидаги хизматимиз эҳтимолки, денгиздан бир томчидек туюлар. Лекин унутмайликки, океан ҳам томчилардан ҳосил бўлади.
Ишонч билан айтамиз, Яратганнинг мадади, мамлакатимиз раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатлари билан, албатта, коронавирус балосини енгамиз, Сирдарё ва Бухорода юз берган офатлар оқибатларини бартараф этиб, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатларига, пировардида халқимиз турмуш фаровонлигига эришамиз.
Доимо одамлар фароғатда яшаши орзусида юрадиган, шу мақсад йўлида изланиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшишга интиладиган қаҳрамонимиз жонажон Ўзбекистонимизни бахт кластери, орзу-умидлар кластери, фаровонлик ва ободлик кластерига қиёслайди. Ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда юз бераётган мислсиз ўзгаришлар ушбу манзилларга тобора яқинлаштираётганига ишонади.
Дарҳақиқат, катта эврилишлар даврида буюк инсонлар ёнида шундай фидойи инсонлар, том маънода замонамиз қаҳрамонлари қанчалик кўп бўлса орзу қилган марраларга тезроқ етамиз. Қаҳрамонлар эса орамизда, шундоқ ёнгинамизда. Баъзан ҳаёт қувончу ташвишлари билан андармон бўлиб, буни илғамай, сезмай қоламиз. Уларнинг ўзлари эса қилган ишларини кўз-кўз этгиси, асло мақтангиси келмайди. Зиммасига олган юмушлари билан машғул бўлиб, эл корига ярайдиган, одамлар ташвишини енгиллаштиришга қаратилган янги-янги лойиҳалар устида изланаверадилар.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигида вужудга келган кластернинг илк қалдирғочи, унинг дастлабки натижалари ҳақида қисман ҳикоя қилдик, холос. Қалдирғочлар баҳорни етаклаб келгани сингари кластерлар Ўзбекистонимиз иқтисодиётининг баҳорини олиб келмоқда. Бу ҳақда келгусида батафсил сўз юритамиз.
***
Андрей ГРУЗДКОВ, Россия ФА Физиология институти ходими, профессор:
— Жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган тиббиёт, фармацевтика, чорвачилик кластерлари фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг муваффақият сирларидан воқиф бўлганман. Иш юритишнинг мазкур усули таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ўзида қамраб олганки, бу, ўз навбатида, амалиётга илм-фан янгиликлари ва ютуқларини биринчилардан бўлиб қўллаш имконини беради. Ўзбекистонда ана шу тамойилга асосланган пахта-тўқимачилик ва бошқа кластерлар ривожлантирилаётгани яқин келажакда ўзининг юқори самараларини беришига ишонаман.
* * *
Эфроим ГУРМАН, “Vetvitels” (АҚШ) компанияси раҳбари, академик:
— Ўзбекистонда пахтачилик ва енгил саноат ривожланган. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришда катта улушга эга бўлган ушбу соҳалар истиқболини эндиликда кластерлар белгилаб беради. Бунга юртингизга бир неча бор ташрифим давомида Бухородаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери, хусусан, унинг толани чуқур қайта ишлаб, жинси шимлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тўқимачилик комбинати фаолияти билан яқиндан танишиб, шундай хулосага келганман. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ҳам кластерлар ташкил этишга жиддий эътибор қаратилаётгани эса алоҳида диққатга сазовор.
Саид РАҲМОН
Манба: Xs.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди