Эронда исломий қадриятлар ва жамоат ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган кафе ва ресторанлар фаолияти тўхтатилди, деб хабар берди “Azad Iran” Telegram канали. Маълумотларга кўра, Лорестан вилоятининг Боружерд шаҳрида 11 та муассаса ҳижоб тартибини бузгани ва эркак ҳамда аёллар аралаш ҳолда байрам ташкил этгани учун ёпилган.
Боружерд шаҳар полиция бошлиғи Меҳди Маҳдавийнинг сўзларига кўра, текширувлар давомида ушбу жойларда исломий меъёрларга зид ҳолатлар аниқланган. Шу сабаб, уларнинг фаолияти “жамоат тартибини мустаҳкамлаш ва ижтимоий интизомни таъминлаш” дастури доирасида вақтинча тўхтатилди.
Маҳдавий таъкидлашича, бу чоралар мамлакатда исломий қадриятларни ҳимоя қилиш ва жамоат жойларида ахлоқий меъёрларга қатъий амал қилишни таъминлашга қаратилган. Унинг сўзларига кўра, ҳар бир муассаса жамоат ахлоқи ва диний қоидаларни бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилади.
Сўнгги ойларда Эрон ҳукумати ҳижоб қоидаларига амал қилмаслик ҳолатларига қарши назоратни кучайтирди. Бунинг натижасида бир қатор шаҳарларда ўнлаб кафе, гўзаллик салонлари ва савдо марказлари вақтинча ёпилди.
Маҳаллий манбаларнинг қайд этишича, мамлакатдаги бу қатъий чоралар айрим фуқаролар орасида тортишув ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бир томондан, расмийлар бу орқали миллий қадриятлар ҳимоя қилинаётганини айтса, иккинчи томондан, фуқаролар бундай назорат шахсий эркинликни чеклаётганини таъкидламоқда.
Эрон ҳукумати эса ўз позициясида қатъий туриб, диний қоидаларни бузган ҳар қандай муассаса ёпилиши ва жавобгарликка тортилишини маълум қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!