Тошкентда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси (ACCI) раиси ўринбосари Ариян Азимий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва хусусий секторлар ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув жараёнида қатор амалий ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ҳар чоракда Тошкент, Кобул, Термиз ва Балх шаҳарларида тадбиркорлар ўртасида B2B форматдаги мулоқотлар ташкил этиш, шу орқали бизнес алоқаларни доимий йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, ACCIнинг Тошкентда ваколатхонасини очиш ва Афғонистон тадбиркорлари учун бизнес визаларини соддалаштириш бўйича келишувга ҳам эришилди.
Термиз порти орқали юк ташиш жараёнларини тезлаштириш, божхона тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва ҳар йили Кобул ҳамда Тошкент (ёки Мозори Шариф ва Термиз) шаҳарларида қўшма савдо кўргазмаларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокамадан ўтди.
Томонлар бу ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, инвестиция лойиҳаларини жонлантириш ва хусусий сектор ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Учрашув якунида Даврон Ваҳобов Афғонистон делегациясининг ташрифини икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларда янги саҳифани очадиган муҳим қадам сифатида баҳолади.
Бу мулоқот Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янада чуқурлашиши, минтақа иқтисодиётида янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!