2 166
Иқтисодиётни тиклаш: Аҳолига бевосита бериладиган молиявий ёрдам масаласи ҳамон долзарбми?
Фото: norma.uz
Коронавирус хавфи Ўзбекистонга бевосита таҳдид сола бошлаган кундан бери 3 ой ўтди. Бошида саросимага тушган халқимиз аста-секин бу бало ҳақида турли маълумотларни ҳижжалаб ўқиб чиқиб, вирусология ва эпидемиология соҳасида қарийб мутахассисга айланди.
Фикримча, айнан халқимизнинг кўп давлатларга нисбатан интизомлилиги, сабрлилиги бу касалликнинг вабо каби тез тарқалмаслигини таъминлади. Ўз-ўзини изоляция қилиш ва ҳукумат томонидан ўрнатилган чекловларни сўзсиз бажаришда халқимиз кўпчиликка ўрнак бўлди.
Лекин масаланинг иккинчи томони – ўрнатилган чекловлар ва жорий этилган карантин туфайли кўпчиликнинг даромади кескин камайди, баъзилар эса умуман даромад манбайидан маҳрум бўлди. Албатта, аҳолининг турли қатламларига ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилди. Жумладан, ўтган вақт давомида президентнинг 6та фармони ва шу қаторда қарорлари ҳамда бошқа тегишли ҳукумат тизимлари қарорлари қабул қилинди.
Уларга асосан:
- Аҳолига ер ва мулк солиқлари юзасидан турли солиқ имтиёзлари берилди;
- Аҳолига коммунал хизматлар учун тўловлар муддати кечиктирилди;
- Аҳоли банклардан олган истеъмол кредитларини тўлаш муддатлари кечиктирилди;
- Инқирозга қарши захира тузилиб, унинг маблағлари биринчи навбатда соғлиқни сақлаш тизимини тиклашга, мамлакатда санитария ва тозалаш ишларини амалга оширишга, соғлиқни сақлаш тизимидаги ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга қаратилди;
- Озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларини импорт қилишдаги акциз ва божхона тўловлари бекор қилинди;
- Кам таъминланган оилаларга тўловлар муддати узайтирилди ва қамрови оширилди;
- Якка тартибда фаолият юритаётган тадбиркорлар қисман даромад ва ижтимоий солиқлардан озод қилинди;
- Банклардан кредит олаётган хусусий ташкилотларга банк фоизлари 8 фоизгача компенсация қилина бошлади;
- Туризм соҳасида ишлайдиган барча корхона ва хусусий шахсларга турли иқтисодий ва солиқ имтиёзлари берилди.
Лекин энг асосий масала — аҳолига бевосита ҳокимият томонидан бериладиган молиявий ёрдам ҳануз ҳал бўлмаган ва турли важлар билан ортга суриб келинмоқда.
Ҳукумат кўндаланг турган бундай саволга ижобий жавоб бермай, бу масалани четлаб ўта оладими?
Айтиш керакки, бугунги кунга қадар Молия вазирлиги қошида тузилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 7,5 триллион сўмга яқин маблағ тўпланган бўлиб, бунинг 3,33 триллион сўми биринчи навбатда ана шу юқорида кўрсатилган мақсадларга сарфланган.
Яна нималар қилиниши керак?
Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда Ўзбекистон аҳолига бевосита моддий ёрдам кўрсатмади. Бунинг том сабабини, тўғрисини айтганда, тушуниш жуда қийин. Шунинг учун қандай изоҳ беришни ҳам билмайсан, киши.
Лекин шахсий кузатувларим бўйича амалдаги карантин туфайли аҳолининг камида 70 фоизи турли даражада моддий қийинчиликларга дуч келмоқда ва 50 фоизи бевосита моддий ёрдамга муҳтож.
Улар кимлар? 34 миллионлик халқимизнинг бугунги кунда бевосита моддий ёрдамга муҳтож бўлган қатламлари, менинг фикримча, қуйидагилар:
- Кўп болали ва кам таъминланган оилалар: мавжуд бўлган 4 турдаги ойлик давлат тўловлари бу тоифадаги инсонларнинг 50 фоизини ҳам қамраб олмайди. Иккинчидан, тўланаётган компенсация (тўловлар) ҳажми бир оила учун ойига 500 минг сўмга ҳам бормайди ва барчани бошқа кўмак топишга мажбурлайди. Бундай оилаларда яшайдиганларнинг умумий сони камида 4 миллион кишини ташкил этади;
- Covid-19 туфайли турли давлат ва хусусий ташкилот ва корхоналардан «тўловсиз меҳнат таътили»га чиқарилган ходимлар. Масалан, бошланғич ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари 1 ой давомида ўз ҳисобидан таътилга чиқарилди. Ёз давомида уларга тўловлар қандай бўлади, буни ҳали ҳеч ким билмайди. Турли шифохоналардаги шифокорлар тўловсиз таътилга чиқарилди. Бу категориядаги муҳтожларнинг умумий сони 3 миллион кишини ташкил этади;
- Бевосита Covid-19’дан аввал ва шу туфайли ишсиз қолган, меҳнатга лаёқатли турли касб эгалари. Турли баҳоларга кўра, уларнинг сони 2 миллион кишини ташкил этади;
- Биргина боқувчи фарзандига таянган ва турли сабабларга кўра ягона боқувчи ҳам ўз даромадидан айрилган кексалар — буларнинг сони тахминан 0,5-1 миллион кишини ташкил этади.
Шу тахминлар асосида айтишимиз мумкинки, бугунги кунда мамлакатнинг 10 миллион аҳолиси ёки тахминан 3,5 миллион оила бевосита молиявий ёрдамга муҳтож ва турли озиқ-овқат ёрдами билан бу муҳтожликни енгиб бўлмайди.
2019 йил декабрь ойида президентимиз ўз нутқида айтиб ўтган 13-15 фоиз камбағал аҳоли сони ҳам камида 4,4–5,1 миллион кишини ташкил этади. Лекин Covid-19’гача бир аҳвол эди, ҳозир сўнгги 3 ой давомидаги ўзгаришлар туфайли, аҳвол бутунлай бошқача.
Агар Давлат солиқ қўмитаси маошга белгиланган солиқлар ва солиқ тўловчилар динамикасини ҳар бир ҳудуд бўйича эътиборга ҳавола қилса, буни яққол кўришимиз мумкин. Ҳозирча эса, атрофдаги инсонлар билан суҳбатлар ва шахсий кузатувлар натижаси, узуқ-юлуқ статистика маълумотларидан фойдаланиб, ана шу миқдорларни тахмин қилишга мажбурмиз.
Нега айнан бевосита молиявий ёрдам масаласи жиддийлашди?
Чунки инсон ойлар давомида фақат озиқ-овқат билангина ҳаёт кечира олмайди. Пул универсал алмашув воситаси сифатида турли бошқа ҳаёт эҳтиёжларини қондириш учун зарур: дори-дармонлар, турли маиший хизматлар, кийим-кечак ва шахсий гигиена воситалари учун.
Бундан ташқари, баъзи истиснолар ҳисобга олинмаса, деярли барча мамлакатлар, жумладан, қўшни мамлакатлар ўз аҳолисига бевосита молиявий ёрдам кўрсатди.
Бу масалани бир ёқлик қилмасдан туриб, олдинга силжишимиз анча мураккаб бўлади. Бунинг бир неча сабаби бор:
- Халқ ўзининг энг бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун молиявий ёрдамга муҳтож ва қаттиқ изтиробда;
- Ҳаттоки элементар эҳтиёжларини ҳал қила олмаётган аҳоли орасида руҳий тушкунлик ва жоҳиллик даражаси кескин кўтарилган. Ички ишлар вазирлиги томонидан берилаётган хабарларнинг мазмуний таҳлили ва турли мудҳиш воқеаларнинг сабаблари айнан шунга бориб тақалса керак;
- Оғир кунда ёрдам қўлини чўзишига ўз ҳукуматига нисбатан ишончсизлик даражаси ортиб бораётган халқ ўз норозилигини турли жойларда ва турли сабаблар билан кўрсата бошлайди;
- Руҳий тушкунлик шароитида умумий меҳнат унумдорлиги ва самараси, аҳоли фаоллиги кескин тушиб, бу умумий ўсиш ва турли ишлаб чиқариш натижаларига салбий таъсир этади.
Масалани қандай ҳал қилиш мумкин?
Агар биз Covid-19 шароитида ишлаб чиқилган, саховат жамғармасидан ҳар бир оилага 1 миллион сўм атрофида пул ажратиш механизмини асос қилиб олсак, 3,5 миллион оилага ҳар ойда 3,5 триллион сўм пул керак бўлади. Агар оиладаги кишилар сонига қараб, масалан, 4 кишилик оилага 2 млн сўм, 5 кишилик оилага 2,5 млн сўм берилса, бу ҳажм 5 трлн сўмгача ошиши мумкин.
Бундай маблағларнинг ҳар ойда савдо, тиббиёт ва турли маиший хизмат соҳаларига кириб келиши негадир Марказий банкни қўрқитади.
Боз устига, аҳолидан ташқари кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳам катта зарар кўрган ва улар ўзига келгунича бир неча ойлар ўтади. Уларга ҳам фоизсиз, гаровсиз айланма маблағларини бериш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, улар бу қарзларни 3 йил давомида тўлаб берган бўлишар эди.
Хайриятки, коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири бошқа мамлакатларга нисбатан қирғинбаротли бўлгани йўқ. Бизнинг иқтисодиётни ушлаб турган 5та омил бор:
- Асосий экспорт моли бўлган олтин, кумуш ва ҳаттоки мис нархлари жаҳон бозорида ўсиб бормоқда;
- Ўзбекистонда етиштирилаётган мева ва сабзавотларга, тўқимачилик маҳсулотларига, чармга талаб камаймади ва экспорт салоҳияти янада ошди, чунки кўпгина логистика муаммолари ечила бошлади. Uzbekistan Airways деган «мағрур» ташкилот ва ниҳоят ишлаб чиқарувчилар томон юз бурди;
- Иқтисодиётимиз бошқа мамлакатларга нисбатан ишлаб чиқарувчилар тури (давлат ва хусусий) ва фаолияти турлари бўйича диверсификацияси катта бўлгани муҳим аҳамиятга эга. Шунча қийинчиликларга қарамай, майда ва ўрта бизнес ўз кунини ўзи бир амаллаб кўряпти. Яъни иқтисодиётимиз эгилувчан;
- Муҳими шуки, бизнинг иқтисодиётда қишлоқ хўжалигига боғлиқлик ҳануз жуда катта ва бу омил ҳар қандай инқирозда катта аҳамиятга эга. Ер – ҳаммани боқади;
- Энг муҳими, меҳнаткаш ва оғирликларни кўтарадиган халқимиз бор.
Ана шу омиллар туфайли Жаҳон банки прогнозига кўра, 2020 йил давомида бутун Марказий Осиё бўйича иқтисодиёт ҳажми 4,7 фоизга камайгани ҳолда, Ўзбекистон иқтисоди (ялпи ички маҳсулот) 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Демак, иқтисодиётимиз тезроқ тикланиши ва ривожланишини истасак, аҳолига давлат томонидан бевосита молиявий ёрдам масаласини ижобий ҳал этишимиз керак.
Халққа бевосита моддий ёрдам бериш масаласида коррупцияга ишора қилиш аслида катта пул массаси айланмага чиқиб кетиши ва шу туфайли инфляция даражаси янада кучайиши остидаги қўрқув ниқоби бўлса керак. Аслида турли ташкилотлар, шахслар, кўнгиллилар саховат қилиб халқимизни озиқ-овқат билан таъминладиларку?
Қидирса яхши ишловчи механизмни топса бўлади. Фақат ижтимоий назоратни кучайтириш керак, оммавий ахборот воситалари кучини ишга солиш керак. Шунда коррупция ва ўғрилик ҳоллари кескин камаяди.
Абдулла Абдуқодиров,
Иқтисодий шарҳловчи.
Иқтисодий шарҳловчи.
Манба: Kun.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”