00:30 / 23.05.2022
1 692

Москвада ўғирланган туфли (Ҳаётий ҳикоя)

Москвада ўғирланган туфли (Ҳаётий ҳикоя)
Фото: Kun.uz
Ҳаётда турфа хил инсонлар жуда кўп. Кимдир тўғри ва ҳалол яшашга уринса, яна кимдир нотўғри йўлларга кириб, осон пул топишни ўзига одат қилади. Жазолаш ҳар доим ҳам инсонни яхши томонга ўзгартирмайди. Гоҳида кечиримли бўлиш кимларнингдир инсофга келишига сабаб бўлиши мумкин.

Қуйидаги ҳикояни анча йиллар аввал бир инсондан эшитган эдим. Айтишича, воқеа айнан унинг ўзи билан содир бўлган ва у анча пайтгача таъсирланиб юрган экан.

«Анча йиллар олдин иш юзасидан Москва шаҳрига бордим. У ерда бир неча кун юрар эканман, бўш пайтимда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўришга ҳаракат қилдим. Шу жумладан Москвадаги масжидларни ҳам.

Масжидларга асосан намоз пайтида боришга ҳаракат қилардим. У ерда турфа миллатларнинг бир сафда туриб ибодат қилишини кузатиш ёқимли эди. Намоздан сўнг масжидни томоша қилардим.

Шундай кунларнинг бирида пешин намози вақтини мўлжаллаб, шаҳардаги масжидлардан бирига жўнадим. Намоз ўқилишидан бироз олдин манзилга етиб бордим.

Масжид эшиги олдида йўлимни буғдойранг, кўринишидан ўзимизнинг юртдошларимизга ўхшаб кетадиган, ўрта ёшлардаги бир йигит тўсди. Йигитнинг қўлида рус тилида моддий ёрдам сўраб ёзилган қоғоз ҳам бор эди.

Йигит мени кавказлик ёки арабга ўхшатди шекилли рус тилида гап бошлади:

«Мен фалон давлатдан келганман. Кўринишингдан савобталаб одамга ўхшаяпсан. Юртимда, мен яшайдиган вилоятда катта масжид қуриляпти. Давлатимиз ва сахий одамлар ёрдам беришяпти, аммо масжид жудаям катта қилиб қурилаётгани туфайли барибир маблағ етмаяпти. Шунга сен ҳам баҳоли қудрат ҳиссангни қўшсанг савоб бўларди. Маблағ қанча тез йиғилса, масжид қурилиши шунча тез битади».

Йигитнинг талаффузи жуда ёмон, рус тилини бузиб, зўрға гапирарди. Унинг тутилиб-тутилиб гапирган гапини охиригача сабр билан эшитдим. У ёлғон гапираётган эди.

Йигит тилга олган вилоят марказида аввалроқ катта масжид қуриб битказилган, намозхонлар у ерда аллақачон ибодат қилишаётганди. Демак, у Москвадаги масжидлар олдида туриб, ёлғон гаплар билан юртимиз обрўсини тўкиб, шу баҳона ҳар кимлардан тиланиб пул сўраб юрибди.

Тахминимча, у бу ишни биринчи марта ҳам, охирги марта ҳам қилаётгани йўқ. Катта эҳтимол билан у осон пул топишнинг шу йўлини ўзига касб қилиб олган ва «масжид қурилиши»ни баҳона қилиб, Москва масжидларига келувчилардан пул сўраб юрган.

Йигитнинг юзига бирпас қараб турдимда, чўнтагимдан пул чиқариб қўлига тутқаздим. Сўнг ўзбекчалаб «Нега ёлғон гапирасан, сен айтаётган жойда қурилаётган масжид аввалроқ битиб бўлган. Бошқаси қурилаётгани йўқ. Сен тиланчисан. Мана бу пулни ол, аммо тиланиб юрган пайтингда юртимиз номини тилга олма. Масжид қурилишига пул етмаётгани ҳақидаги гапни умуман гапирма. Акс ҳолда, шу ёлғон гапларингни яна айтиб, одамлардан пул сўраётганингни кўрсам, полицияга топшириб юбораман», дедим.

Йигит ўзбекча гапирганимни кўриб аввалига анграйиб қолди. Полицияни эшитиб юзи қизарди ва атрофга аланглаб қараб қўйди. У гапини йўқотиб қўйганди.

Мен унга эътибор бермай масжид эшигига қараб юрдим. Шу пайт йигит ҳам мени ҳайрон қолдириб ортимдан эргашди.

Шу пайт хаёлимда «қара-я, йигитнинг инсофи ва виждони бор экан. Насиҳатим унга кор қилди. Мана энди тавба қилиб, гуноҳларига Яратгандан мағфират сўраш учун масжидга кирмоқчи», деб ўйладим. Ҳатто бироз аввал унга қаттиқ гапирганим учун хижолат бўла бошладим.

Йигит орқамдан келар экан, мен даҳлизда туфлимни ечиб бир четга қўйдим ва масжидга кириш учун ичкаридаги эшик томон юрдим. Эшикни очар эканман, йигитга қараш учун ортимга бурилдим. Шу пайт ортимдан даҳлизга кирган йигит ўзининг эски, кийилаверганидан ости едирилиб кетган туфлисини ечди. Сўнг чаққонлик билан менинг туфлимни кийиб, кўчага ўқдай отилиб чиқиб кетди.

Бир зум нима қиларимни билмай қараб қолдим. Хаёлим ўзига келганда эса йигит аллақачон масжиддан узоқлашиб, кўринмай кетиб бўлган эди. Шу онда мен қимматбаҳо туфлимдан айрилганим учун эмас, балки юртдошимнинг масжиддан ошкора ўғрилик қилгани учун ғазабланардим. Аммо энди йигитни қувиб етиб ёки қидириб топишнинг иложи йўқ эди.

Тақдирга тан бериб, намозни ўқидим. Масжиддан чиқиб йигит қолдириб кетган эски туфлини кийдим. Қарасам таги тешиклиги туфайли ёмғирли ҳавода ичи сувга тўлган экан, пайпоғим ва оёғим ҳўл бўлди.

Шу ҳолда масжид яқинидаги дўконга бориб, янги туфли ва пайпоқ сотиб олдим. Қайтиб масжидга келдим ва таҳоратхонада оёғимни обдон ювиб, янги туфли ҳамда пайпоқни кийиб масжиддан чиқиб кетдим. Бир неча кун деганда ишларим битди ва юртимизга қайтиб келдим. Кейинчалик ишларим билан бўлиб, у воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетди.

Кунлардан бир кун иш юзасидан қўшни вилоятга боришга тўғри келиб қолди. Ёнимга бир дўстимни олиб, машинамда жўнадик. Икки вилоятни ўртасида жойлашган тоғдаги довон йўлидан кетиб борар эканмиз, манзара жуда чиройли эди. Дўстим билан бирпас оёқларнинг чигилини ёзиш ва табиатни томоша қилиш учун тўхтадик.

Атрофнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб шу ерда бироз қолиб кетдик. Шу пайт довоннинг тепасидан бир машина тутунни бурқситиб тушиб келаверди. Яқинлашганда қарасак, ҳаммаёғи чириган, пачоқланаверганидан бўёқлари кўчиб тушиб кетган эски бир «Москвич» машинаси экан. У биз турган жойга етиб келганда пақ-пақ этиб овоз чиқарди ва ўчиб қолди. Бу машинани бошқариб келаётган одам довоннинг тепасигача қандай чиққанига ҳайрон бўлдик.

Машина тўхтагандан кейин, ундан бир йигит тушди. У олдимизга келиб, машинасини тузатиш учун калитларни бериб туришимизни сўради. Калитларни олиб бериш учун машинам томон юрар эканман йигитнинг юзи ва овози менга таниш туюларди. Аммо уни қаерда, қачон кўрганимни ҳарчанд уринсам ҳам эслай олмасдим.

Машинам юкхонасидан эгилиб калитларни олар эканман ёнимда тургани учун кўзим йигитнинг оёғидаги бефаросатларча кийилаверганидан пачоғи чиқиб кетган туфлисига тушди. Шу заҳоти унинг кимлигини эсладим. Бу ўша Москвадаги масжидда ўғрилик қилган йигит, оёғида ўша ўғирланган туфлим эди.

Калитларни қўлига берар эканман, йигитнинг башарасига беўхшовроқ тарзда кулимсираб қарадим. У ғалати қараётганимдан ҳайрон бўлди, аммо ошиқча савол сўрамади. Калитларни олди-ю, «танка»си томон кетди.

Йигит машинасига уннар экан, дўстимнинг олдига бориб, унга кула-кула Москвадага воқеани айтиб бердим. Шунда дўстимнинг авзои бузилди.

«Ҳозир бориб унга ўша воқеани эслатаман ва оёғидан эски бўлса-да туфлингни ечиб оламан. Йигитни оёқяланг ҳолда қолдирсак бу унга сабоқ бўлади, қайтиб бошқаларнинг нарсасини ўғирламайдиган, юртимизнинг номи сотмайдиган бўлади», деди.

Мен бунга рози бўлмадим. «Қўй дўстим, ўзи шундоқ ҳам унинг аҳволи танг. Акс ҳолда шу «металлолом»да юрмасди. Қолаверса, умрнинг мазмунини осон пул топишдан иборат деб биладиган ва ёлғон гапириб, бировларнинг ҳисобидан яшашга одатланган одамга нима ҳам дердинг?! Унга шу жазонинг ўзиям етади», деб уни бу ишдан қайтардим.

Шу тариқа дўстимнинг «йигитнинг эсини киритиш» режаси амалга ошмади. Ҳатто йигитга гапиришига ҳам рухсат бермадим. Бирпасдан кейин йигит амаллаб машинасини ўт олдирди. Сўнг раҳмат айтиб калитларни қайтариб берди ва йўлида кетди. Бироздан кейин биз ҳам йўлда давом этдик.

Ҳаётда турфа хил инсонлар жуда кўп. Кимдир тўғри ва ҳалол яшашга уринса, яна кимдир шу йигит каби нотўғри йўлларга киради ва осон пул топишни ўзига одат қилади. Жазолаш ҳар доим ҳам инсонни яхши томонга ўзгартира олмайди. Гоҳида кечиримли бўлиш кимларнингдир инсофга келишига сабаб бўлиши мумкин. Ўшанда йигитга Москвада бўлган ишни эслатмай тўғри қилдик, деб ўйлайман».

Ғайрат Йўлдош

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Москвада ўғирланган туфли (Ҳаётий ҳикоя)