1 314
Олий таълимга қабулда нималар ўзгармоқда? Абдуқодир Тошқулов энг сўнгги янгиликларни айтди
Фото: «Дарё»
2022/2023-ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича бир қатор ўзгаришлар қилинмоқда. Бу ҳақда 16 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов батафсил тўхталди, дея хабар бермоқда «Дарё».
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, дастлабки муҳим янгилик — тизимда масофавий таълим жорий этилмоқда.
«Бу ҳамма олий таълим муассасаларига берилмади. 12 та ОТМга 3 минг 410 та квота ажратилди. Таълимни янги босқичга кўтаришимиз керак. Бундай тажриба дунёда бор», — деди вазир.
Маълум қилинишича, кейинги ўзгариш — хорижий ва нодавлат ОТМларига давлат грантлари квотаси 2 баробарга кўпайтирилди. Яъни квоталар сони бир йилда мингтага етказилди.
«Хотин-қизларга бериладиган мингта квота ҳам икки мингтага кўпайтирилди. Ундан ташқари, 5 йил стажи бўлган хотин-қизлар учун ҳам 500 та квота ажратилади. Масалан, ҳамшира 5 йил ишлади. Тиббиёт академиясига ўқиш учун ҳужжат топширса ва хотин-қизлар қўмитаси унга тавсиянома берса, конкурсда қатнаша олади. Ғолиб бўлса, ўқишга киради», — деди Абдуқодир Тошқулов.
Вазирнинг айтишича, бу йил ўқишга қабулда хусусий ОТМларга кўпроқ квота берилган.
Яна бир янгилик — ўқишни кўчириш билан боғлиқ. Абдуқодир Тошқулов «перевод»га энди фақатгина 2 та шарт билан рухсат берилишини айтди.
«Талаба турмуш ўртоғи яшаётган ҳудудга кўчиб борса, унга ўқишини «перевод» қилишга розилик берилади. Иккинчиси, давлат хизматчисининг иш жойи бошқа ҳудудга кўчса, унинг вояга етмаган фарзанди талаба бўлса, ўқишини кўчириши мумкин. Ўқишни кўчиришни бало деб айтаман. Бу олий таълимни обрўсига путур етказмоқда. Биз ўқишга кираётганда асосан 2 та савол берадиган бўлиб қолдик. Биринчиси, ўтиш балли энг паст ОТМ қайси вилоятда? Иккинчиси, қайси таълим йўналиши энг паст балли? Нега бундай савол берилгани сўралса, «биз шунга топшириб кейинги йилга ўқишни кўчирмоқчимиз», дейишади. Қани бу ерда мақсад? Қани Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшаман деган эзгу ғоя? Битта мақсад — диплом олиш. Ота-онаси совчиликка борганда «ўғлим олий маълумотли», деган гап керак. Энди бу эскилик нарсалардан воз кечиш керак», — деди вазирлик раҳбари.
Айтилишича, эндиликда олий таълим тизимида академ мобиллик йўлга қўйилади. Бунда талаба ўзи ўқиётган ОТМдан бошқа кучлироқ ОТМда вақтинча ўқиб, у ердаги муҳитни ўрганиб, яна ўз олийгоҳига қайтади. Бу талабалар алмашинуви орқали ақлий ўсишга ёрдам берадиган жараёнлиги таъкидланди.
«Магистратурадан мутахассислик имтиҳони олиб ташланди. Шунинг билан энг катта муаммо ҳал қилинди. Энди халқаро тил сертификати бор бакалавриат битирувчилари магистратурага ҳужжат топширса, ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинади. Биз ёшларнинг тил билишига кўпроқ урғу беряпмиз. 4 йил ўқиган талаба тилни мустақил ўргана олмаса, унга магистратурада нима бор? Репетиторга бормасдан, онлайн платформадан тилни ўрганиб, 7 балл оляпти ёшлар», — деди вазир.
Аввалроқ Ўзбекистон давлат олийгоҳлари учун қабул квоталари тасдиқлангани хабар қилинганди. Хусусан, квоталар бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига 77 минг 477 нафар, сиртқи таълимга 26 минг 95 нафар, кечки таълимга 3 минг 725 нафар, масофавий таълимга 3 минг 410 нафар қилиб белгиланган. Магистрлар тайёрлаш учун 10 минг 688 ўрин ажратилган.
Шунингдек, молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларининг кузатув кенгашларига ҳамда қабул параметрларини Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқлаш ваколати берилган олий таълим ташкилотларига тегишли қабул параметрларини 2022 йил 20 июнга қадар тасдиқлаш тавсия этилган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди