(Танловга келган мақола)
Бугунги глобаллашув даврида курраи заминда ҳамма нарса даражама-даража ўзгариб боряпти. Инсоният дунёқарашида улкан эврилишлар рўй беряпти. Турли урф-одатлар аста-секинлик билан унутиляпти. Бироқ халқимиз онгида тўй ҳақидаги дунёқараш ҳамон ўша-ўша. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида кўтарилган муаммолар бугун ҳам очиқ яра бўлиб турибди. Беҳбудий мақола ибтидосида ўқувчига қарата бизни кемиргувчи иллатлар сил ёки мохов касалимикин, деб ўйларсиз, дейди. Йўқ, бу иллат ана шу касалликдан ҳам ёмонроқ дардки, туркистонийларни инқирозга учратадиган тўй ва аза исмидаги икки қаттол душмандир.
Биз маърака ва тўй учун ҳафталаб, ойлаб ишдан қоламиз. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликни кўмгандан кейин тез тарқалиб кетмоққа, марҳум хонадонида уч кундан ортиқ аза тутмасликка буюрадилар.
Биз нима учун Аллоҳ ва унинг расули сўзига ёки ўзимизга наф тегадиган ҳаётга амал қилмаймиз?
Шариат китобларида марҳумнинг молидан исрофсиз кафан қилиб дафн этишга, ортгани қарзига, ундан ортгани меросхўрлари-фарзандларига бўлиб берилиши амр қилинади. Биз эса кафандан ортганини қарзга бермай, ҳатто етим ва муштипар аёлларни мероссиз қолдириб, маърака қиламиз. Бу билан бечора ўлик ҳам ортидан оиласига йўқсиллик ва мусибат қолдиради.
“Тўй ва таъзияга сарф қилинадиган пулларимизни биз, туронийлар илмга сарфласак европаликлардек тараққий этамиз, ўзимиз ҳам, динимиз ҳам ривож топади. Ҳозирги ҳолимизда давом этаверсак мискинликдан бошқа насибамиз бўлмайди!” (“Ойна” журнали. 1915 йил, 13-сон, 338-342-бетлар.)
Мақола ёзилганига юз йилдан ошган бўлса-да, унда илгари сурилган ғоя ҳамон эскирмаган. Тўғри, ўша давр муҳити, одамлар руҳиятини бугунги кун билан асло солиштириб бўлмайди. Бугун халқимизнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўсган. Бироқ тўй ва аза борасидаги дунёқарашимиз ўзгармай қолган. Бу ҳақда матбуот саҳифаларида, интернет саҳифаларида кўп ва хўб ёзилди. Телевидениеда кўрсатувлар намойиш этилди, радиода эшиттиришлар берилди. Лекин бу тарғиботларнинг фойдаси бўлмади.
Илтимос, хулоса ясашга шошилманг. Мени қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг душмани деб санаманг. Биз ҳозир аза эмас, тўй ҳақида фикр юритмоқчимиз. Тўй қилавериб силласи қуриган оила соҳибининг ичидаги дардлари эхтимолки, кимнидир тўғри хулоса қилишга ундар.
Бир куни йўлга чиқиб, машинага қўл кўтарсам, Дамас тўхтади. Ҳайдовчидан тортиниб, орқа ўриндиқдаги матоҳларни йиғиштириб, ўтириб олдим.
– Бу эл латта-путталарга кўмилиб яшайверади, опа – деди алам тўла оҳанг билан. – Салкам бир ҳафтадан бери Қумтепа бозорига қатнайман. (Фарғона вилояти, Қўштепа туманида жойлашган буюмлар савдо мажмуаси). Пешона терим билан топган ўттиз миллион пулимни хотинимни қўлига тутқазгандим. Тўй харажатига етмади. Тахмонга яқин келсанг кўрпа-тўшак устингга ағанайди. Қуда томонга, куёвга қилинган сарполар санаб улгурмайсан. Келинни уйига кирсанг нақ тижорат дўкони. Шунча тер тўкиб бир уюм латтага ишлабман-да. (Тўйбоши орқа салондаги ялтироқ пардаликлар, газламалар, кийим-кечакларга ишора қилди). Ҳали буёқда наҳорги ош, хотин оши, кечки базм дастурхонини безаш турибди. Неча кунлардан бери тушлик қилмайман, сув ичиб кун кўраман. Бу аҳмоқона ҳаракатга тузукроқ чора кўрадиганлар борми? Тўйлардан ўлиб қутиламан, шекилли.
– Сизни биров мажбурлаяптими, жуда бўлса наҳорги ошни қилмай қўя қолинг, – дедим.
– Наҳорги ошни қилмасам, яқинларимдан балога қоламан. Биринчи навбатда ота-онам сени бировдан кам жойинг борми? Ота-бобомиз қилиб келган одатни сен қилмасанг бўлмас. Шунча одамнинг наҳорги ошига боргансан, қиласан, деб шарт қўйишади.
Ҳа, бу ижтимоий иллат қон-қонимизга сингиб кетганки, аччиқ тажрибалар ҳам бу иллатни кеткиза олмаяпти. Пойтахтда, билмадикку бизнинг Фарғоналарда шаҳар ичида ҳам, шаҳар ташқарисида ҳам 500-600 кишилик муҳташам тўйхоналарга гурас-гурас одамлар келишади. Шифтдаги кўз қамаштирадиган оғир қандилларни зириллатиб, қулоқни қоматга келтирадиган мусиқалар жаранглаяпти. Биров бировни эшитмайди. Қўлини кўксига қўйиб илжайиб қўйишдан нарига ўтолмайди.
Ўтган йиллар мобайнида пандемия шароитида тўйлар бироз ихчамлашди. Бугун эса... шаҳару қишлоқларда тўйлар авжида.
Наҳорга ош, хотин оши, “юз очди” икки ёш учун кечки базм авжида. Ёз кунларида, кун мисдек қизиган кунларда ҳам, хотин-халаж, бола-чақа тўйхонага ошиқаверди. Гўдагини кўтариб олган ёш оналар, қари-қартанг онахонлар ҳам тўй столи атрофида жам бўлишаверади. Тўйга бориб, иссиқ урган ёки турли ошқозон-ичак касалига чалинган оналар ва болалар юқумли касалликлар шифохонасида.
Ҳар куни оч қоринга наҳорги ошни тановул қилиб, ошқозонда гастрити қўзиган, қон босими ошаётганларнинг шикоятини соҳа шифокорлари бот-бот таъкидлашмоқда.
... Ҳайдовчи яна ҳасрат қопини очди.
– Чуқурроқ ўйлаб кўрайлик. Тўйларимиз тартибларини мутлақо ўзгартириш вақти келмадими, опа? Атиги ўттиз-қирқ кишилик, ихчам, камчиқим дабдабасиз тўйларни тарғиб қилишнинг айнан бугун мавриди эмасми? Эркаклар саҳар туриб ошга бормаса, “юз очди”, ёшлар базмига чек қўйилса, келин-куёв тўйхона тўрисига чиқиб ўтирмаса, ёшлар бемаза-тузсиз мусиқа-қўшиқларга сакраб, беўхшов қилиқлар қилмаса ўзбекнинг обрўси тушиб кетадими?
Эркак киши латта-путтанинг дастидан йўловчига дод дегунча, столга бир мушт уриб, даҳмазани йиғиштирамиз, деса оворадан ўзи қутиларди. Хуллас, манзилга етгунча нолиш эшиттим. Норози бўлиб олинган буюмлар бировга татирмикан?
Маъмура АБДУРАҲИМОВА
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди