
Қатарда 17 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Дунёнинг энг нуфузли оммавий ахборот воситаларидан бири — Al Jazeera бу йилги мусобақа ҳақида қизиқарли таҳлилий мақола эълон қилиб, унда иштирокчи жамоалар, турнирнинг тузилиши ва чемпионликка даъвогарлар ҳақида маълумот берди. Эътиборлиси, ушбу рўйхатда Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳам алоҳида тилга олинди.
Нашрнинг таъкидлашича, бу йилги мундиал иштирокчилари орасида кутилмаган натижалар кўрсатиши мумкин бўлган жамоалар сифатида айнан Осиё вакиллари — Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони кўрсатилган.
Бразилия терма жамоаси эса анъанавий равишда асосий фаворитлардан бири ҳисобланади. Жанубий Америка чемпиони бугунга қадар U-17 жаҳон чемпионатида тўрт бор ғолиб чиққан ва Қатарда бешинчи бор кубокни қўлга киритишни мақсад қилган. Нигерия жамоасининг бу сафарги мундиалга чиқолмагани бразилияликларнинг ғалаба эҳтимолини янада оширган.
Шунингдек, Португалия ва Франция жамоалари ҳам асосий даъвогарлар қаторида тилга олинган. Португаллар июнь ойида Европа чемпионатида ғалаба қозонган бўлса, Франция термаси кўп йиллардан бери ёшлар мусобақаларида барқарор натижа қайд этиб келмоқда.
Германия термаси 2023 йилдаги мусобақада чемпион бўлган бўлса-да, Европа чемпионатида гуруҳ босқичидан чиқа олмагани сабабли, бу сафар улардан юқори натижа кутилмаяпти.
Яна бир тажрибали ва икки марта Жаҳон чемпиони бўлган Мексика ҳам бу йилги турнирда етакчилардан бири бўлиб қолмоқда — бу уларнинг кетма-кет саккизинчи иштирокидир.
Агар фаворитлар орасида Бразилия, Португалия ёки Франция каби жамоалардан бири ғалаба қозониши кутилса, мутахассислар фикрича, Ўзбекистон термаси ёшлар орасидаги тажрибаси, техник ўйини ва жамоавий интизоми билан барчага сюрприз бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!