
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан Европа бозорида яна бир қадам олға силжиди, деб хабар берди zamon.uz.
“Янгийўл – Agro Star” компанияси “Бизнесни ривожлантириш банки” билан ҳамкорликда 36 тонна помидор қоқисини Италияга экспорт қилди. Бу мамлакат аграр соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим натижалардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Экспорт жорий йилнинг март ойида Италиянинг “Areafredda” компанияси билан тузилган 200 тонналик шартнома доирасида амалга оширилди. Ушбу келишув нафақат маҳсулот етказиб беришни, балки ишлаб чиқариш жараёнларини Европа стандартларига мослаштиришни ҳам ўз ичига олади.
Италиялик агрономлар помидор экиш, парваришлаш ва қуритиш жараёнларида бевосита иштирок этиб, маҳаллий фермерларга замонавий агротехник тавсиялар бериб боришган.
Натижада 623 тонна помидор хомашёси етиштирилиб, қайта ишлаш орқали экспортбоп маҳсулот тайёрланди. Жараён давомида 300 нафар фуқаро мавсумий иш билан таъминланди.
Лойиҳанинг самарадорлиги юқори бўлгани сабабли, 2026 йилда 2 минг тонна қоқи экспорт қилиш бўйича янги келишувга ҳам эришилган.
Компания келгуси йилда Қашқадарё, Андижон ва Сирдарё вилоятларида қоқи қуритиш плантасияларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу нафақат янги иш ўринларини яратади, балки фермерлар учун барқарор бозор тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!