3 611
“Дадамга қарши чиқардим, агар онам ҳаёти ўртага қўйилмаганида” – турмуш қуришга мажбурланган қиз ҳикояси

Фото: AP
“Ёшим 23 да. Олий маълумотлиман. Тошкентда ўзимга мос, юқори даромадли ишда ишлардим. Ўзига тўқ оиланинг фарзандиман. Бундан икки йил олдин ўз розилигим билан бир йигитга унаштирилдим. Ҳаммаси ўз маромида кетаётган пайтда жигаримда инфекция аниқланди, операция қилишди. Шундан кейин ҳаёт менга ўз синовларини бирин-кетин юборишни бошлади. Касал келин керакмас, деб куёв томон тўйни қайтарди. Стрессда юрган пайтимда бошқа жойдан сўраб келишди. Дадам мендан сўраб ҳам ўтирмасдан розилик бериб юборди. Йигитда кўнглим йўқ эди. Охиригача қаршилик қилдим. Йиғлаб-сиқташимга қарамасдан дадам турмушга берди...”
Иложсиз вазиятга тушганмисиз? Ҳаммага нажот кўзи билан қарайсиз: чўкаётганингизни ҳамма кўриб турадию, ҳеч ким ёрдам беролмайди. Сиз эса охирги нажот – юракнинг тубидаги митти учқун ўчмаслигидан умидворсиз. Ҳаётим отамнинг биргина қарори туфайли ўзгариб кетди. Падарим бўлса ҳам, хубдинларча чиқарилган қарорга бўйсунмай, уйдан бош олиб кетишни ўйладим. Икки ўт орасида қолган онамни ўйладим-у, фикримдан қайтдим. Онам бечора нимаям қилсин: бир тарафда турмуш ўртоғи, бир тарафда эса мен. Сизга айтиб берадиган ҳикоям бошқа ўзбек қизлариникидан фарқ қилмаслиги мумкин, аммо қизини турмушга бераётган ота-оналарни мушоҳада қилишга ундаса, ажабмас.
“Ўзига тўқ оиланинг фарзандиман”
Бахтли болаликни кўрдим. Оилада икки фарзанд: мен ва укам бор, холос. Дадам туманимизда катта тадбиркор. Топиш-тутуши яхши бўлган доим. Онам эса кўпчилик аёллар каби уйим-жойим дейдиган, эрига бўйсунадиган оддий ўзбек аёли. Тўқ хонадоннинг фарзандлари бўлсак ҳам, укам иккаламиз кибрга берилмадик: бизни меҳнатга ўргатиб вояга етказишди. Укам энди 19 ёш бўлишига қарамасдан кичкина бизнеси бор. Ўзим эса ўқишдан кейин ишлардим.
Жаҳон тиллари университетига биринчи йилдаёқ ўқишга кирдим. Дадамнинг ўзи олий маълумотли бўлишимни хоҳларди. Олийгоҳда ўқимагани учун орзуси рўёбини менда кўришни истарди. Ўқишга киргач, Тошкент сари отландим. Ақлли, итоаткор қиз эдим. Дадамнинг чизган чизиғидан чиқмасдан юрардим.
Кутилмаган ҳодиса
Бир йигитга унаштирилдим. Тўйимиз яқин. Унчалик кўнглим бўлмаса ҳам бирга яшаш учун мос номзод эди. Йигитга ота-онамнинг хоҳиши билан розилик бердим. Ҳаммаси бир маромда кетаётганди. Кунлардан бир куни жигаримда инфекция борлиги аниқланди. Операция қилиниши керак эди. Куёв томон буни жиддийроқ касал, деб ўйлаб тўйни қайтаришди. Бир тарафдан касаллигим, иккинчи тарафдан рад этилганим катта зарба бўлди. Тез орада тузалиб чиқдим, ўқишга қайтдим.
Сиқилиб юрган пайтимда дадам яна бошқасига турмушга беришни ўйлаб қўйган экан. Орадан кўп ўтмай бошқа йигитга унаштириб қўйишди. Жанжал қилдим, сиқилдим. Фойдаси йўқ: ҳеч нарса ўзгармади. Қизининг “исёнкор”лигини кўтаролмаган дадам юрак инфарктига чалинди. Шифохонада даволанди. Бу пайтда қариндошлар ҳаммаси мени айблай бошлади. Ҳаммаси бир бўлиб мени ўртага олиб уришганини эсласам, юрагим жизиллайди. Наҳотки, мен ўзим хоҳламаган инсонга турмушга чиқишни истамаслигимни айтолмасам? Балки, ўшанда дадам билан юзма-юз ўтириб тушунтирганимда, бунақа воқеалар бўлмасмиди?!
“Дадамнинг обрўсини тўкиб турадиган қора доғ эдим, гўё”
Дадам тўйни тезлатгани сабаби – эл-юрт олдида юзини ёруғ қилиб олиш. Унаштирувим бекор бўлганидан кейин дадам маҳалла-кўйда бош кўтаролмай қолди, юзи шувут бўлди. Одамлар олдида ўз “айби”ни ювиш учун мени тезроқ турмушга бериш ҳаракатига тушиб қолди, қариндошлар ҳам аралашди. Уйимизга совчилар келди. Йигитни танимайман, ота-онамга маъқул келибди, мендан сўрамасдан розилик бериб юборишди.
Дадамнинг обрўсини тўкиб турадиган “қора доғ” эдим, гўё. Ундан қутулиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Дадам ўта худбин инсон. Ўз обрўси учун бизни қурбон қилди. Укамни 19 ёшга кирар кирмас яқин дўстининг қизи билан унаштириб қўйди. Нимага биласизми? Укам ҳам мен каби исён кўтаролмаслиги учун ҳозирдан тақдирини ҳал қилиб қўйишди.
Кўп маротаба ўйлаганман: ҳаммасидан воз кечиб, қочиб кетиш. Онам ушлаб турарди фақат. Дадам онамни кўз олдимизда урарди: бизга тўғри тарбия бермаганликда айблаган. Онам бечора барчасига чидаб яшарди. “Агар биздан воз кечсанг, нимадир нохуш иш қилсанг, ўзимни ўлдираман”, дерди онам дадамнинг зулмидан қўрқиб. Йўлимдан қайтдим.
“Қатъиятсиз инсон”
Тўйимизга 6-7 ой қолганди. Мен Тошкентда, у эса вилоятда эди. Деярли гаплашмасдик. Чунки гаплашадиган мавзумиз йўқ эди. Уни бор-йўқлиги менга умуман қизиқ эмасди. Ҳатто қаерда ишлашини ҳам билмасдим. Никоҳдан ўтиш учун борганимиздаям гаплашиш тугул юзига қарамаганман. Унда кўнглим йўқлигини, мажбуран узатишаётганини биларди. Кўп маротаба унга айтганман: “Тўхтатайлик. Сени севмайман. Бир-биримизга тўғри келмаймиз”. У эса индамасдан мени эшитарди. Тўйни қайтарса, ота-онаси эл олдида бош кўтариб юролмас экан. Ҳатто тўйга 2-3 кун қолганда яхши гап билан ҳам, қўполлик билан ҳам тўйни қайтаришини сўрадим. Ҳеч қандай реакция билдирмасдан индамай инжиқликларимни қабул қилди. Ҳеч нима қўлимдан келмади. Тўй ўтди. Тўйдан кейин эса...
“Тун... Тун юрак бағримни эзади”
Нимани ният қилиб, чин дилдан сўрасам, Аллоҳ деярли ҳаммасини берди. Аммо умр йўлдош борасида истаганимдек бўлмади. Ҳавас билан қараган, мен хаёлларимда тасаввур қилган инсонга заррача ўхшамайди. Бефарқ тингловчи, савиясиз суҳбатдош. Ҳатто овоз оҳанги ва гапириш услуби ҳам мени нафратлантиради. Яхшиямки, жирканч юзини кунига 24 соат кўришга мажбур эмасман. Аммо тун... тун юрак бағримни эзади. Унга ўзимни, бутун аёллик нафосатимни бағишлай олмаяпман. У бунга арзимайди. Ҳеч қачон унга меҳр-муҳаббатимни, эътиборимни бермайман. Нафратланаман. Унинг нафасини ҳам эшитгим келмайди. Ҳаётимдан йўқолиб кетишига, бутун умр ёлғиз ўтишга-да, тайёрман. Унга ўзимни бағишлашни истамаганимда, онасига айтиб бериш даражасигача борарди. Бу қандай ҳайвоний туйғу бўлдики, истамаган кўнгилни мажбурлаб севдирса?
“Гўё борлик ичидаги йўқликда яшаётгандекман”
Дунёдаги энг жонкуяр ва бир вақтнинг ўзида энг золим отам, сиз менга ҳамма нарсани бердингиз. Сиз сабаб шу даражага эришдим. Аммо нега ҳаётнинг муҳим қисмида “Болам, умрингни қандай инсон билан ўтказмоқчисан?”, деб сўрамадингиз? Гўё борлик ичидаги йўқликда яшаётгандекман. Бу яшаш тарзи эзиб қўймоқда. Эркинликни соғиндим. Дада, Аллоҳ сизни қарорингиздан, менга нисбатан қилган адолатсизлигингиздан бир кун келиб пушаймон қилдирсин. Сизни олдингидай яхши кўрадиган қизингиз энди йўқ. Шу хонадондан кетиш учун қулай фурсатни кутиб яшаяпман. Бу йўлда сабрим узоққа етмаслигини жуда яхши англаб турибман. Кетаман. Албатта, кетаман.
“Шунча талаблари бор экан, нега тўйдан олдин айтмади”
Бугун шу хонадонга келганимга бир ой бўлди. Кундан кунга бу жирканч махлуққа бўлган нафратим ортиб бормоқда. Бугун ҳам арзимас гаплар сабаб низо келиб чиқди. У тўйдан аввал нима қилиқ қилсам кўтарадиган одам эмас. Энди шу номард мени бошқаришга уринмоқда. Тўйдан аввал менга ҳеч қачон талаб қўймаганди. Энди бўлса, талаблари бир олам. Шунча дарди бор экан, нега тўйдан олдин гапирмади?
“Отамнинг қадди букилиб қолибди”
Фарзандни тушунадиган ва унга ҳар сонияда дўст бўлиб қоладиган ягона инсон – ОНА бўлишига амин бўляпман. Мени ўзимдек тушунадиган ва суянадиган инсон – бу отам, деб адашган эканман. Аҳ, онам-а, онам… Қанчалик кўп кўзёшларингизга, дард чекишингизга сабаб бўлдим. Уйга бордим: дадамнинг қадди букилиб қолибди. Ўй-хаёллари ва нотўғри қарори эзиб қўйганга ўхшади. Ким билсин, балки атрофидагилар таъсирида қилинган шошилинч қарорлари энди ич-этини еб битираётгандир. Дада, менга тўғри оила танлаб, узатдингиз-у, аммо муносиб турмуш ўртоқ танлай олмабсиз. Мен энди сизни деб қалб азобини тортяпман. Менинг айни пайтдаги бахтсизлигимга сиз сабабчи эканлигингиз кўпроқ азоб беряпти.
“Мени бу ерлардан, инсонлардан олиб кет”
Севсанг-у, аммо севилмасанг ҳам оғир. Унга ҳам қийин. Буни жуда яхши тушунаман. Севган инсони рафиқа бўлиб ёнида ётса-ю, лекин ботиниб уни бағрига босолмаса, бу оғриқ унга тунлари уйқу бермаслигини ҳис қиламан. Ўша оғриқ аламидан фақатгина бармоқларини қисирлата олган ва товушлари мени ҳам безовта қилган эркакка ачинаман. Мадорим тугаб бораётгандек. Тунлар менга азоб бермоқда. Ният ва истакларимга гўзал йўл билан етишишдан умидворман. Аллоҳим, сен билан ҳаммаси осонлигига ва менга томиримдан-да яқин эканлигингга ишонаман. Мени ташлаб қўйма. Севмаган инсонларим билан яшашга ва уларнинг бахтсизлигига сабабчи бўлиб қолишга маҳкум қилма.
“Мендан воз кечинг”
Чиройли жумлага кўзим тушди: “Ҳамма нарсани мажбуран сақлаб туриш нафасни ушлаб туришга ўхшайди: охирида бўғиласан”. Айни пайтда мени бу уйда сон-саноқсиз сабаблар ва мажбуриятлар ушлаб турибди. Вақт ўтиб барчаси якун топишига ва бу хонадондаги умрим тугашига ишонаман. Бир кун келиб хато қилишганини, севмаган кўнгилни мажбурлаб бўлмаслигини англаб етишади.
Сизда ҳам бирон кун хато қилдим, деган фикрлар ўтадими? Фақат сизнинг ҳаракатингиз билан сақлаб турилган муносабат учун ўзингизни азобламанг. Самимиятсиз туйғулар ҳаёт таъмини бузади. Аслида, ўзимда ҳам айб бор. Аввалбошда имкон бермаслигим керак эди. Ўзимга қарши чиқиб, бировларнинг босими билан уларга розилик беришим керакмасди. Аммо бу ҳақида уни огоҳлантирганимда ҳалиям кеч эмасди. Асли шу ҳолига ҳам айнан ўзи сабабчи. Воз кечинг, кетишимга қўйиб беринг. Иккимизни ҳам азобланишимиздан қутқаринг.
Ўй-хаёллардан бошим оғриб кетади. Умуман олганда, нолишга асло ҳаққим йўқ. Аммо мен кимни орзу қилгандим-у, қандай инсон билан яшаяпман? Гоҳида ҳеч нарса учун курашмасдан таслим бўлгим келади. Ҳатто ўлимимга ҳам рози бўламан. Мен аҳмоқ нималарни орзу қилибман-а?! Умр бўйи бирга илм олишимиз, дунё кезишимиз мумкин эди. Фақатгина жисмга эга бу бўм-бўш қалб эгасига қандай кўнгил берай ахир? Мени тушунмайдиган, ўзгача оламим ҳақида куйиб-ёниб гапирганимда тинглашни хоҳламайдиган инсонни сева олмайман.
Ҳозирги ҳолатимга кимнидир ёки ниманидир сабабчи ёхуд айбдор қилиб кўрсатиш тўғри эмас. Шундай бўлиши керак эди, бўлди. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Аслида, бошқача бўлиши керак эди, деб исён қилиб, гуноҳкор бўлиб қолишдан ҳам кўрқаман.
Психолог фикри
Сарвиноз Омонова, психолог:
Психологияда нарцисстик кенгайтма деган тушунча бор. Бу – бир инсоннинг ҳурмат, обрў қозониш учун бошқа инсонларга муҳтож бўлишидир: мукаммал фарзандларга, машҳур танишларга, бой қариндошларга, обрўли қудаларга ва ҳоказо. Яъни ўзига нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳис қилиши учун бошқа одамлар керак, бу одамлар нарцисстик кенгайтмадан жой олади.
Жамиятимизда нарцисс ота-оналар жуда кўп. Уларнинг бошқалар олдида ҳурмат, обрўга эга бўлишида асосий восита — фарзандларидир. Фарзандлар нарцисстик кенгайтмадан жой олганида нима бўлади? Улар ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, одобли, барча соҳада илғор, муваффақиятли, камчиликсиз бўлишига тўғри келади, ота-онасининг орзусидаги “бахтли ҳаёт”ни яшашга мажбур бўлади. Фарзанд нарцисс ота-онасининг кутувларини оқламаса нима бўлади? Ота ёки она депрессияга тушиши, касал бўлиши мумкин. Бир томондан, улкан уят ҳиссига чидолмайди. Иккинчи томондан эса, фарзандида айбдорлик ҳиссини пайдо қилади.
Ҳикоясини сўзлаб берган қиз ҳам отасининг нарцисстик кенгайтмасидан жой оляпти. Қиз ҳис қилиб турганидек, отасининг бошқалар олдида ҳурматини сақлаш учун ўз ҳаётини қурбон қиляпти. Кўпинча, “ота-онам мени шунча ўстирди, ҳеч кимдан кам қилмади, ўқитди” дейдиган фарзандлар “қарз”ини узиш учун ота-онасининг танловига кўра касб ёки умр йўлдош танлайди. Гап шундаки, ота-она томонидан қондирилиши зарур бўлган ва моддий эҳтиёжлардан муҳимлиги кам бўлмаган эҳтиёжлар бор. Булар– психологик эҳтиёжлардир. Психологик эҳтиёжлар — соғлом боғланганлик, қабул қилиниш, ҳурмат, мустақиллик кабилардир. Уларни ота-она беролса, фарзанди соғлом руҳият билан улғаяди, ўзига ишончи мустаҳкам бўлади, ўзини ва бошқаларни яхши кўра олади.
Куёвга келадиган бўлсак, у ҳам ота-онаси кутилмаларини бажаришни фарзандлик бурчи, деб билади. У ҳали психологик томондан етук эмас. Қиз ва йигит психологик жиҳатдан бир хил даражада, яъни мустақил бўлмаган, ота-онаси обрўси учун ўзини қурбон қилаётганлар. Уларни психологик жиҳатдан ёш болалар, деса бўлади.
Ўсмирлик даврида шахсият шаклланиши даврининг охирги босқичлари рўй беради. Исён даврида “мен сизлардан фарқли фикрлайман, мен ўзимнинг сезгиларим, истакларимга таянган ҳолда ҳаёт кечиришни хоҳлайман”, деган ҳиссиёт бўлади. Инсон бу босқичдан ўз ҳиссиётларини асраган ҳолда ўтолса, мустақил шахс бўлиб етишади. Бу исён рўй бермаса, ёши фарқи йўқ: 30, 40, 50ми, ота-онасининг боласи бўлиб қолаверишади.
Қизнинг танловлар борасида ишончи ўта мўрт. Айбдорлик ҳисси унда жуда кучли. Уларнинг хоҳишларини бажарсам яхши бўлади, деган онгсиз ишонч бор унда. Ўзига нисбатан ишончи шу нарсага асослангани учун ҳам ўта суст. Инсоннинг ишончи ота-онасининг кутувларидан ташқаридаги ҳодиса бўлиши керак. Психологияда “сепарация” тушунчаси бор. Қадриятларимиз, ҳисларимиз ота-онамизникига боғлиқ бўлмаган ҳолда, ўз билим, тажрибаларимиз асосида шаклланиши керак.
Бу ерда қизнинг психологик эҳтиёжлари деярли қондирилмаяпти. Шунинг учун унга психологик фаровонлик ёт тушунча ва ўзи учун оғир ҳолатга рози бўляпти. Жамиятимизда аёл киши эркак учун ўзини қурбон қилиши, ўзини топшириши, танловларидан воз кечиши, шахсий фикрига эга бўлмаслиги натижасида фарзандлар ҳам худди шундай тақдирга дуч келмоқда. Мустақил, етук одам ўз қарорлари ҳақида атрофдагиларга тушунтиришга мажбур эмас. Агар у ҳаммани рози қилган ҳолда ечим изламоқчи бўлса, ўзи истаган ҳаётни қуролмайди. Ажрашгандан кейин нима бўлади, деган қўрқувлари бўлади. Ўзимиз яшамаган ҳаёт қўрқинчли туюлади, қийинчиликлар бўлиши ҳам табиий. Олдинда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Мустақил яшашнинг тўлови шундай.
Журналист Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.
Манба: Kun.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар