07:55 / 16.11.2022
803

Содиқ Сафоев Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ҳақида гапирди

Содиқ Сафоев Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ҳақида гапирди
Пойтахтимизда бўлиб ўтган Марказий Осиё экспертлар форуми бугунги куннинг муҳим жараёни ҳисобланади. Сабаби, минтақадаги муаммоларни ҳал этишда илмий ёндашув ва таҳлил айнан экспертларга боғлиқлиги форумнинг асосий масаласи бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўз нутқида алоҳида таъкидлади:

— Марказий Осиё экспертлар альянси, сиёсатшунослик борасида иш олиб борадиган экспертларни ҳамфикр қилиб, минтақа олдидаги муаммоларни ечишда муҳим жараён ҳисобланади. Сўнгги 5-6 йил давомида минтақадаги сиёсий вазият ўзгарди. Бу ўзгаришлар замирида Ўзбекистон Республикасининг янгиланган ташқи сиёсати, Марказий Осиё сиёсий мулоқотларини қайта бошланганлиги мужассам. Бунга мисол сифатида фуқароларнинг ҳаётидаги ўзгаришларни келтиришимиз мумкин. Масалан, авваллари мамлакатимиз фуқаролари 10-15 нафаригина қўшни давлат чегаралари орқали ўтган бўлса, бугунги кунда 130 минг одам қариндошлари, дўстлари ва ҳамкорлари билан жонли мулоқотда бўлиши мумкин.

Албатта, Марказий Осиёдаги вазият кўплаб «башоратчи»лар таъкидлаган салбий сценарийларнинг олдини олишга эришган бўлсакда, олдимизда қиладиган ишларимиз кўп. Ҳали-ҳануз сиёсий мулоқот, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда ҳамкорлик борасида қилинадиган ишлар кўп. Масалан, чегарадаги масалалар қайси бир давлат билан тезроқ, бошқа бирида секин ўз ечимини топяпти. Лекин, ҳозирча чегара масаласи долзарблигича қолмоқда.

Яна бир муҳим масала савдо соҳасидир. Тўғри 5-6 йил мобайнида савдоларимиз кескин ошди, қўшни мамлакатлар билан ўзаро савдо 2-3 баробарга кўпайди. Афсуски, шунга қарамасдан умумий савдо ҳажмида Марказий Осиёдаги минтақавий савдо ҳажми 10%га ҳам етмайди. Бу миқдор бошқа минтақаларга нисбатан 8-10 баробар кам.

Таҳдидлар бор ва уларнинг ечими аввало илмий таҳлилларга боғлиқ. Албатта ҳар бир давлат бу борада ўзининг илмий таҳлилларини олиб боради. Лекин, умумминтақавий масалаларни биргаликда кўриш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш масаласи бор. Ва бу ҳолатда экспертларнинг бошини қовуштирадиган бирлашма тузиш масаласи кўрилмоқда. Бу муҳим қадам бўлади, деган фикрдаман. Сабаби олимларнинг асосий вазифаси келажакда нима қилишимиз кераклиги, қандай ривожланиш лозимлиги каби саволларга жавоб бериш ҳисобланади.

Шунингдек форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистлар томонидан берилган саволларга ҳам жавоб берди.

Савол: Давлатларнинг интеграциялашувида дунёқараш ва сиёсий тузумлар яқинлиги муҳим. Шундай экан айрим демократия бўлмаган давлатларнинг борлигини ҳисобга олсак, минтақадаги бу бешта давлат бирлаша оладими?

— Давлатларга баҳо бериш мақсадимиз йўқ. Умуман олганда бу хато тушунча. Бизнинг бугунги учрашувимиздан мақсад фарқларимизни излаш эмас аксинча бирлаштирувчи омилларни таҳлил қилишдир. Лекин, сизнинг саволингиз ҳам ўринли. Дунёқараш ва тузумлар яқинлиги муҳим. Бу яқинликни барпо этиш экспертлар ҳамжамиятининг ҳам вазифаси саналади.

Савол: Экспертлар томонидан ишлаб чиқилган қарорлар тавсиявий кучга эга бўладими?

— Мақсад қарор беришдан иборат эмас балки интеллектуал ва чуқур фундаментал озуқа бериш. Шунингдек, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориб, ҳукуматларга ва парламентларга қайси йўл тўғрилиги хусусида тавсия бериш ҳисобланади. Бундан аввал албатта фундаментал ва чуқур изланишлар бўлиши керак.

Савол: Бу бирлашмада сўз эркинлиги қанчалик таъминланади?

— Сўз эркинлигисиз, фикрлар плюрализмисиз ҳеч қандай жиддий фан мавжуд бўла олмайди. Экспертлар альянсининг вазифаси қилинган ишларни юқори баҳолаб, мақташдан иборат эмас. Биринчи навбатда муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича фикр алмашиш ҳисобланади. Бу албатта фикрлар эркинлигини талаб этади.

Савол: Сўзга чиққан экспертлардан бири давлат бошқарувида ўз тавсияларини берди. Унга кўра республикачилик тамойилларини ушлаш кераклигини, қариндош-уруғчиликдан воз кечиш хусусида фикрлар бор. Сиз қандай фикрдасиз?

— Менинг фикримча нотиқнинг фикрлари чуқур таҳлил бўлди. Яъни тараққиётни нима билан боғлашимиз керак? Менинг тушунишимча, эксперт сиёсий ва иқтисодий модернизацияга биринчи навбатда демократик тамойилларни сингдириш ва очиқ жамият барпо этиш билан боғлади. Мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Савол: Келажакда Марказий Осиё давлатлари интеграциялашиши тартибсиз ҳаракатланадиган жараёнда бўлиши мумкинми?

— Минтақанинг ривожланиши ва бутун дунёда нодир бўлган ҳудудга айланиши интеграциялашуви билан боғлиқ. Ва бунга бошқа муқобил вариант йўқ. Жаҳонда энг юксак поғоналарга эришган давлатчиликнинг қурилиши ҳам Марказий Осиёнинг маданий, иқтисодий ва керак бўлса сиёсий бир ҳудуд бўлишига боғлиқ. Масалан, ҳеч ким ўзининг ҳудудидаги энергетика заҳиралари, моддий ресурсларини жаҳон бозорига олиб чиқиш учун бошқа давлатлар устидан ҳатлаб ўтолмайди. Фақат биргаликда бу масала ҳал бўлади. Глобал муаммолар бўлган транспорт, ёқилғи ва экологик муаммоларни давлатнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бунда экспертлар альянси ўз ҳиссасини қўшади деган фикрдаман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Содиқ Сафоев Марказий Осиё давлатлари интеграцияси ҳақида гапирди