
Сиёсатшунос ва тарихчилар Камолиддин Раббимов, Ҳамид Содиқ, Баҳром Ирзаев ва Шуҳрат Барлос меҳмон бўлган AzonTV даги “Таҳлил” дастурининг навбатдаги сонида сиёсатнинг тарихга таъсири кўриб чиқилди. Жумладан, тарих сиёсатга бўйсунадими, деган савол ўртага ташланди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Одатда фуқаролик, ватандошлик жамиятлари ривожланган демократик, ҳуқуқий давлатларда тарихчилар алоҳида кластер ҳисобланади. Уларга сиёсий босим ўтказиш, фикрлаш ва сўзлаш эркинлигидан маҳрум қилиш имконсиз. Лекин ҳали бизда ватандошлик жамияти тўлақонли шаклланиб улгургани йўқ. Бу жараён энди бошланяпти. 2016 йилдан иккинчи тўлқинни бошланган. Демак, бизда ҳали тарихчиларга, тарихга сиёсий босим бор ва менинг назаримда, бу яқин орада тўлиқ йўқолмайди, афсуски. Чунки, геосиёсий жойлашувимиз шундайки, шимолда бир қудратли агрессив давлат ва шарқда ҳам дунёнинг иккинчи қудратли давлати мавжуд.
Ҳозир Уйғуристондаги битта масалани кўтарадиган бўлсангиз, шу заҳоти Хитой элчихонаси ўзининг таъсир каналлари билан бу масалани ёпишга ҳаракат қилади. Яъни биз тарихни шу қадар кучли билишимиз ва миллатни сиёсийлашувиннг замирида тарихий хотира туриши керакки, кейин уйғурларнинг аҳволига тушиб қолмаслигимиз керак. Ҳозир Хитой Халқ Республикаси шакллантирган давлат бу - технологик тоталитар давлатдир. Яъни рақамли, информацион, тотаритар давлат.
Тарих шундай нарсаки, уни авторитар ёки тотаритар давлатлар тўлақонли монополия қилиб олишга ва бу орқали жамиятни, халқни ва одамларни тўлақонли манипуляция қилишга ҳаракат қилади. Душман ўзини дўсти деб кўрсатади ва ўша халқнинг, миллатнинг ҳақиқий ака-ука биродарларини душман сифатида кўрсатади. Тарихнинг манипуляция қилиш мақсади ҳам худди шу ва бу орқали бутун бир ресурсларингизни, келажагингизни хоҳлаганча ўмариш, ўғирлаш оддий, осон бўлиб қолади, дейди Камолиддин Раббимов.
- Лекин ёлғон тарих яратиб, қолганларни лақиллатмоқчи бўлган халқнинг ўзи қийналиб қолиши мумкин, дея қўшимча қилди тарихчи Шуҳрат Барлос. - Чунки одамларнинг онги эгалланганидан кейин уни бошқариш қулай. Бироқ ҳозир тарихни ёлғон қилиб, миясига сингдирса, кейин анқовлар пайдо бўлади. Анқовларни эса бошқариш осон. Бироқ бу анқовлар эртага ўша ёлғон таризга ишониб ўз раҳбарлари олдига бажарилиши имконсиз талаблар қўя бошлайди.
Мана ҳозирги Арманистон пароканда бўлмоқда. Ниманинг эвазига? Ёлғон тарих эвазига! Чунки қайси арманни кўрсангиз, у денгиздан бу денгизгача амранларнинг ери”, деб Дашнакцутюннинг ёлғон ғояси, яъни “Буюк Арманистон” ғояси билан яшайди. Лекин бутун дунё - Европада ҳам, Америкада ҳам у ерга арманлар кўчириб олиб борилганини билади. Уларга ер берилди, лекин тарих сохталаштирилгандан кейин ғазаб, ташвиш, алам, ғам ичида тўлган, кин адоват билан яшаётган инсонлар оломони яратилди. Бу уларнинг ўзига зарар қилди. Мана ҳозир уларнинг талаблари катта. Раҳбарият эса бу талаблар ва реал вазият ўртасида овора, деди тарихчи Шуҳрат Барлос.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар