“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа таркиби ва ҳимоя чизиғидаги вазият юзасидан ўз қарашларини билдирди. Испаниялик мутахассис айниқса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусановнинг ўнг қанотдаги ҳаракатларига тўхталиб ўтди.
“Ҳозирги футболчилар Кайл Уокер услубида ўйнашлари шартми? Йўқ, албатта. Мен ҳар бир собиқ футболчимизни сақлаб қолишни хоҳлардим, улар клубга жуда катта ҳисса қўшишган. Бироқ футболнинг ўзи шундайки, кимдир келади, кимдир эса ўз йўлини давом эттиради. Ҳар бир спортчи ўз карьерасида қадам ташлаб бориши лозим.
Ҳусанов ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳозирча аниқ хулоса чиқариш эрта. Лекин мен ундан розиман – у яқинда ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилди ва ишонч уйғотди. Шу билан бирга, бизда Матеус Нуниес, Рико Льюис ёки Жон Стоунс каби футболчилар ҳам бу чизиқда ўйнай олишади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, барчаси мувозанатда. Клуб бу йўналишда янгича қидирув олиб боряптими ёки йўқми, бу ҳақда ҳозир аниқ гапиролмайман”, – деди Гвардиола.
Гвардиоланинг бу сўзлари Ҳусановнинг “Сити”даги келажагига ишонч юқори эканини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, бош мураббийнинг фикрича, рақобат кучли ва ҳар бир футболчи ўзини янада кўпроқ намоён қилиши зарур.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!