Ҳиндистонда ақл бовар қилмас тиббий ҳолат қайд этилди. Уттар-Прадеш штатидаги шифокорлар 40 ёшли беморнинг ошқозонидан юзлаб ашёларни олиб ташлашга мажбур бўлди. The Times of India ёзишича, жарроҳлик амалиёти давомида бемор ошқозонида жами 29 та металл қошиқ, 19 та тиш чўткаси ва иккита ручка аниқланган.
Маълумотларга кўра, эркак бир ой аввал наркоманияни даволаш марказига ётқизилган. Бироқ у ердаги муомала ва қаттиқ ташвишлар сабаб ўзига хос хавфли одат пайдо бўлиб, турли бегона жисмларни юта бошлаган.
Орадан кўп ўтмай, у кучли қорин оғриғи билан шифохонага мурожаат қилди. Давлат клиникасига олиб келинган беморни текширув жараёнида шифокорлар унинг ошқозонида ўнлаб металл ва пластмасса буюмларини аниқлашди.
Жарроҳ Шям Кумар раҳбарлигидаги тиббий жамоа узоққа чўзилган мураккаб операция орқали барча ашёларни олиб ташлашга муваффақ бўлди. Дўстлар ва қариндошларининг айтишича, эркакнинг бу ҳолатга тушиши марказдаги ёмон муносабат ва руҳий босимлар билан боғлиқ бўлган.
Ҳозирда беморнинг аҳволи барқарорлашгани, у шифокорлар назорати остида экани маълум қилинди. Мутасаддилар эса бу каби ҳолатлар руҳий саломатлик ва инсонларга муносабат қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатиб берди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!