12:56 / 19.04.2023
381

Бир ўқитувчи дарди: “Ўқитувчиликни ташлаб, даромади яхшироқ бошқа иш қилгим келяпти”

Бир ўқитувчи дарди: “Ўқитувчиликни ташлаб, даромади яхшироқ бошқа иш қилгим келяпти”

Олий тоифага эга сирдарёлик ўқитувчи мактабда 20 соат дарс беради, синф раҳбарлик қилади ҳамда дафтар текширади. Шулар билан бирга ҳисобланганда 3 млн 700 минг сўм ойлик олади. Педагог ўзининг Twitterʼдаги саҳифасида соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири ойлик ҳақида ёзиб, ўқитувчиликдан кетиш ҳақида ўйлаётганини таъкидлайди.

“Ўқитувчиликни ташлаб, даромади яхшироқ бошқа иш қилгим келяпти. Ойлик оласан-да бошинг оғриб ўйлайсан: бу пулни нимага етказсам экан, деб коммунал тўловлар, кредит, ойлик тўланиши зарур бўлган тўловлардан ортган пулни қандай тақсимлаш ҳақида бош қотирасан”, – дея ёзади ўқитувчи.

Шуми ўқитувчига ҳурмат, меҳнатига жавоб?

Боланг ўсиб боряпти — уст-боши кичрайиб қолади ёки дарров йиртилади, эскиради, нимадир егиси келади, ҳиқиллаб туради, айлангиси келади, ундан ташқари, ҳар куни кундалик харажатлари учун пул бериб туриш керак. Истаганларини муҳайё қилишга имконинг етмайди.

Онангни йўқлагинг келади, нимадир обергинг, егиси келганини оғзига тутгинг келади, лекин чўнтагингдаги ҳисоб-китобли арзимаган пулингга қараб юрагинг эзилади.

Боланг оғрийди, ўзингни касаллик қийнайди йиллаб, лекин докторга боришга ўйланасан, имконинг етмайди, болаларимнинг олдида виждоним қийналади.

Аёлларга хос одатларни ҳам унутяпман: чиройли кийиниш, зеб-зийнатлар ҳақида-ку орзу ҳам қилмай қўйганман, фақат “бор-ку, шу борини кийиб турай”, – дейдиган бўлганман. Болаларимга ҳам тинмай “сабр қил, сабрли бўл”, дейишдан нарига ўтолмайман.

Болам яхшироқ натижага эришсин деб хусусий мактабга ўтказгандим, афсуски тўловини тўлаш бир томонимни ўйиб олгандай бўляпти, сўнгги дақиқада амаллаб тўлаймиз, минг хил гапни эшитиб...

Даволаниш туфайли янаям харажатларни қисқартирдим, қарз бўлишга ҳам улгурдим. Баъзида болам исён қилиб қолади: “қачон бизнинг уйимиз битади, қачон меҳмон чақирамиз биз ҳам, ўртоқларим ундоқ, бундоқ”, – деб. У куни банкда ишлайдиган бир дугонам: “эрим 14 млн ойлик олади, мукофот пулларидан ташқари”, – деди. Мен олий тоифали ўқитувчи бўлиб, бу маош учун 4 ой ишлайман. Шуми ўқитувчига ҳурмат, меҳнатига жавоб?” – дея хўрсинади.

Қандай қилиб шунча етишмовчиликлар ичида яшаётган одамдан натижа кутасиз?

“Сиз бир кун 6-7 ёшли гўдакка дарс ўтиб кўрганмисиз? Бир болага ўргатиш, таълим-тарбия бериш қанчалар машаққатли эканини биласизми? Биз эса нечталаб болаларга меҳримизни, жонимизни, бор билимимизни берамиз, асабимиз, соғлигимизни сарфлаймиз.

Лекин оқибатда “Сизлар ойликни ошириш ҳақида эмас, таълим сифатини ошириш ҳақида ўйланглар”, деган миннатли гапни эшитамиз. Бошқа соҳа ходимларидан қаеримиз кам? Меҳнатимиз шунақа арзимас баҳоланадими? Қандай қилиб шунча етишмовчиликлар ичида яшаётган одамдан натижа кутасиз?

Гапирсанг гап кўп, юрак оғрийди фақат... Юқори ойлик оладиган ўқитувчилар фоизи умумий ўқитувчиларнинг қанчасини ташкил этади? Нега ҳамманинг ойлиги бирдан оширилмайди?

Билмадим, одамнинг ишлагиси ҳам келмайди. Кетай десанг шунча меҳнат увол бўладими деб ачинасан, кетмай десанг ҳар куни қаердан пул топсам деб бошинг оғрийди…”, – дея ёзган тредига якун ясаган ўқитувчи.

Эслатиб ўтамиз, 18 апрел куни интернетда Сурхондарёдаги мактабларнинг бирида икки аёл ўқитувчи дўппослангани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат Узун туманидаги 31-мактабда содир бўлгани маълум бўлди. Бош прокуратура ўқитувчи аёллар ҳамкасби томонидан дўппослангани ва муштумзўрнинг қўлга олингани ҳақида хабар берди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолатни “жуда ачинарли” деб атаб, икки аёл ўқитувчининг шифохонада эканлигини ва улар назоратда эканлигини маълум қилди.

Маълумот учун, конституциявий қонун лойиҳасида педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилиб, ўқитувчи касбига нисбатан ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилганди.  Хусусан, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланиши қайд этилмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият