Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, Италия футболи афсонаси Фабио Каннаваро яна Европа марказида. У бу сафар нафақат мураббий сифатида, балки медиа оламида ҳам фаол иштирок этмоқда. Каннаваро бугун кечаси Европа Чемпионлар Лигаси 3-туридан ўрин олган жаҳон футболидаги энг кутилган учрашув — «Реал Мадрид» ва «Ювентус» баҳсида Amazon Prime Video’нинг итальян тилли версияси учун жонли шарҳчи сифатида иштирок этади.
Маълумотларга кўра, Каннаваро бир неча кун аввал Европага йўл олган ва Мадридга етиб бориши билан Amazon Prime жамоаси билан шартнома бўйича келишувни якунлаган. Энди у «Сантьяго Бернабеу» аренасидан туриб тўғридан-тўғри эфирда ўз фикрларини билдириш, ўйин олдидан ва кейин баҳсни таҳлил қилиш билан шуғулланади.
Бу каби амалиёт Европада анча кенг тарқалган — кўплаб таниқли собиқ футболчилар ёки мураббийлар телеканаллар ва стриминг платформалар студияларида меҳмон сифатида қатнашиб, жонли баҳсларни таҳлил қилишади. Улар мухлисларга нафақат ўйин жараёни ҳақида, балки тактик ёндашувлар ва жамоаларнинг ички тайёргарлиги борасида ҳам қизиқарли маълумотлар беради.
Каннаваро ҳам айнан шундай форматда Amazon Prime студиясида ўзининг мутахассислик фикрларини баҳам кўради. Унинг иштирокидаги жонли эфир «Реал Мадрид» – «Ювентус» баҳси олдидан ва танаффус ҳамда ўйиндан сўнг эфирга узатилади.
Фабио Каннаваро бу сафарги чиқишида фақат итальян аудиторияси учун эмас, балки жаҳон футболи мухлислари учун ҳам қизиқ шахс. Унинг сўзлари кўпинча Европа спорт ОАВларида таҳлил сифатида келтирилади. Мураббийнинг Instagram саҳифасида ҳам у стадиондан олинган кадрларни жойлаштириб, «бу ерда бўлиш ҳар доим алоҳида ҳис» деб ёзган.
Маълумот учун, мазкур баҳс бугун тунги соат 00:00 да старт олади. Чемпионлар лигасида «Реал Мадрид» ўз майдонида «Ювентус»ни қабул қилади. Каннаваро учун бу учрашув алоҳида аҳамиятга эга — у ўз вақтида «Ювентус» шарафини ҳимоя қилган, кейинчалик эса «Реал»да ҳам бир неча мавсум фаолият юритган. Шу сабабли, бу икки жамоа ўртасидаги баҳс унга нафақат иш, балки эҳтирос ва хотираларни ҳам эсга солади.
Футбол мухлислари учун бу кеча нафақат майдондаги тўқнашув, балки унинг ортида туриб жонли эфирда сўзловчи Каннаваронинг таҳлили билан ҳам эсда қолиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!