19:30 / 15.06.2023
275

Ноўрин гапириб кейин афсусланган йигит надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

Ноўрин гапириб кейин афсусланган йигит надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

Фото: KUN.UZ

Доно халқимизда «Нонни катта тишласанг ҳам гапни катта гапирма» деган ибратли ибора бор. Бу ибора беорга тез-тез айтилмайди. Кўпчиликнинг орасида катта гапириб қўйган инсонлар кейинчалик бошларига мушкул иш тушганда ноқулай аҳволга тушиб қолишади. Баъзилари умрининг охиригача эл-юрт орасида боши эгик ҳолда юришга мажбур бўлиши ҳам мумкин.

Электрон почтамга келган навбатдаги мактуб ҳам шу мавзуда бўлиб, уни анча йиллардан буён савдо билан шуғулланиб келаётган инсон юборган экан. Мактуб муаллифи бошидан ўтган ҳодисани ҳикоя қилар экан, бир пайтлар ўзига яқин бўлган инсонлар ҳаққига ноўрин гапириб ноқулай вазиятга тушиб қолганини ёзган:

«Ўшанда бошқалар шаънига гапирган ноўрин гапларим бир кун менинг ҳам ҳаётимда содир бўлишини юзимни ерга қаратишини ўйламаган эканман. Барчаси менинг ҳам бошимга тушгач хато қилганимни англаб етдим».

Мактуб муаллифи инсон айниқса пули кўпайган вақтда тилига эҳтиёт бўлиши, хатти-ҳаракатларини қаттиқроқ назорат қилиши лозимлигини, акс ҳолда билиб-билмай бошқаларнинг кўнглига озор етказиб қўйиши мумкинлигини таъкидлайди.

«Биз яшайдиган ҳудудда номус масаласига жуда жиддий қаралади. Шу сабабли ҳам йигит ва қизларга ёшликдан ор-номус масалаларида эҳтиёт бўлиш уқтирилади.

Мен ҳам ана шундай оилада улғайдим. Оилада ягона ўғил бўлганман. Отам ҳар доим аёлларни хўрлаш, уларга ёмон муносабатда бўлиш ёмонлигини, йигит киши ҳар доим уларга ҳимоячи бўлишини таъкидларди.

Ёшим улғаявергач эркак киши оиланинг асосий таъминотини гарданига олиши лозимлигини, турмуш машаққатларини хотинига юкламаслигини айтарди.

Шунингдек, отам бирон марта онамга ёмон гапирганини, уни сўкканини ёки уришганини эслай олмайман. Жаҳли чиққанда ҳам ўзини тута оларди. Шунингдек, ҳеч қачон бошқаларнинг ишини муҳокама қилмасди. Айниқса бировнинг хотинини муҳокама қилиш эркак кишининг иши эмас, дерди.

Ўшанда отамнинг барча ўгитларини олдим деб ўйлардим. Бироқ ундай эмас экан. Кейинчалик ўйламасдан гапирилган гап ортидан бошим анча эгилди.

Оила қурганимдан сўнг анча йил ота-онам билан бирга яшадик. Шу орада бирин-кетин фарзандли бўлдик. Мен шаҳримиздаги савдо комплексидан жой олиб савдога чиқа бошладим. Хотиним уйда болалар тарбияси билан машғул бўлди.

Уйланганимга анча йиллар бўлиб, болаларимнинг тўнғичи ўн ёшдан ошган кезларда бирин-кетин ота-онам оламдан ўтишди. Ўша пайтларда савдода ишим юришиб турган пайтлар эди. Тагимда янги машина, уй-жойимни чиройли қилиб таъмирлатдим. Қисқаси, хотиним ва болаларим учун барча шароитлар муҳайё қилинган эди.

Дўконда савдо қилар эканман, ён-атрофимдаги савдогарлар билан ака-укадай бўлиб кетдик. Улар билан ҳафтада бир марта «гап» ўйнардик. Бошқа сабаблар билан тез-тез йиғилиб турардик.

Ўша пайтда қўлимда пул кўпайиб, менда салбий хислатлар уйғона бошлади. Отамнинг «Болам, пул сени ёмон томонга ўзгартирмасин. Нафсингни қаттиқ жиловлашни ўрган. Пул одамни ёмон томонга ўзгартирса энг эввал унинг оғзидан чиқаётган гапи ўзгаради. Катта гапириб мақтана бошлайди. Шундан эҳтиёт бўл» деган ўгитларини унутган эдим.

Пули камроқларни назар писанд қилмай қўйдим. Юкларимни дўконга ташиб берадиган аравакашларни одам ўрнида кўрмасдим. Пулини бераётганда ўзимни уларнинг иш ҳақини бераётгандай эмас, гўё мискинга садақа қилаётгандай тутардим.

Шунингдек, «Эркаклик вазифаси»ни қойиллатиб бажараяпман, оиламни ҳеч нарсага зориқтирмаяпман, хотиним рўзғор учун ишлашга мажбур бўлмаяпти» деб ўзимдан мағрурланардим.

Бозорларда, савдо комплексларда савдо қилаётган аёлларнинг эрлари «эркаклик вазифаси» бажармаяпти, рўзғорнинг юкини хотинининг зиммасига ташлаб қўйибди деб ўйлардим.

Шу орада менга қўшни бўлган дўконда савдо қилувчи йигит икки-уч кун дўконни очмади. Бирон жойга дам олишга кетгандир деб ўйладим. Аммо шу орада дўконга унинг хотини чиқиб савдо қила бошлади.

Ўша пайтда ҳеч гапдан хабарим йўқ, қўшнимдан нафратлана бошладим. Наҳотки ўзи уйда ётиб хотинини савдога чиқаради? Эркак эмас экан деган хулосага келдим.

Кўп ўтмай қўшни дўконда савдо қиладиган йигит касал бўлиб ётиб қолгани, шунга савдога хотини чиқаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Бироқ ўшанда ҳам фикримдан қайтмадим: эркак эмас экан, жони сал оғриганда савдога хотинини чиқарибди.

Кейин билсам оила ташвиши, қолаверса қиммат дори-дармонларга пул керак бўлгани учун қўшним даволанаётган пайтда савдога унинг хотини чиқа бошлаган экан. Бироқ унгача...

Қўшнимнинг аёли жуда одобли бўлиб, савдо жараёнларида унинг мижозларга ошиқча гапирганини, овозини баландлатганини кўрмадим. Эрталаб келиб дўконни очади. Кун бўйи савдо қилиб, бошқалардан бироз олдин дўконини ёпиб кетади.

Қўшни йигитнинг аёли ёнимдаги дўконда савдо қилар экан йиғинларда, «гап»да ўтирганимизда мавзуни ундан очардим. «Фалонча эркак эмас экан. Хотинини савдога чиқариб қўйибди. Йигит киши ҳеч қачон хотинининг қўлига қарамайди. Унга оғир ишларни юкламайди», дердим. Йигитлар бу гапимни эшитмасликка олиб, мавзуни бошқа томонга буришарди. Аммо бу гапни ҳар гал такрорлайверганимдан сўнг биттаси менга ёмон гапирди:

«Ошна, анчадан буён шу гапингни неча марта такрорладинг, бўлди-да. Шу йигит касал бўлгунча биз билан бир сафда эди, ўтиришларимизга, гапга келарди. Бетоб бўлиб ётиб қолди, бирон марта кўргани бордингми? Аҳволини сўрадингми? Балки бор пули даволанишга кетаётгандир, уч-тўрт сўм ёрдам қилдингми? Биронтасини қилганинг йўқ. Шу аёл рўзғорини ўтказиш ва бетоб ётган эрини даволатиш учун мажбур бўлиб савдога чиқяпти. Нима, бунинг ўрнига кўчага чиқиб танасини сотсинми? Бировни ёмонлаб катта гапирма, эртага шу кун ўзингнинг ҳам бошингга тушиб қолиши мумкин.

Ўша пайтда бу гапларни эшитиб мулоҳаза қилиш ўрнига тўнимни тескари кийдим ва жаҳл билан ўрнимдан туриб кетдим. Кетишдан аввал эса яна катта гапириб қўйдим: мен касал бўлиб ўлсам ҳам хотинимни савдога чиқармайман.

Шундан сўнг савдогар йигитлар билан «гап» ўйнашни йиғиштирдим. Қанча чақиришса ҳам бошқа йиғинларга бормадим.

«Ҳозир қасос қирқ йилда эмас, қирқ кунда қайтяпти» дейишса ишонмасдим. Лекин қасос қирқ кунда қайтди. Кўп ўтмай ўзим касалликка чалиндим. Текширувлардан сўнг тузалиб кетишим учун узоқ вақт даволанишим лозимлиги ойдинлашди.

Даволанар эканман, аввалига дўконни ёпиб қўйишга мажбур бўлдим. Дори-дармон ва даволаниш учун кўп пул сарфлардим, бир-икки ой ўтар-ўтмас қўлимдаги жамғарма тугади. Кўп ўтмай машинамни сотиб, унинг пулини ҳам дори-дармонга ишлатдик. Шундан сўнг чорасиз қолдим.

Ўша пайтда дўконимда анча пулли товарлар бўлиб, кимдир чиқиб савдо қилса қўлим яна пул кўриб, муаммолар ҳал бўларди. Акс ҳолда даволаниш охирига етмай касаллик ҳаётимга хавф туғдириши мумкин эди. Бошқа томондан эса рўзғор ўтказиш учун ҳам пул керак.

Муолажаларни олиб ётар эканман, бу пайтда тавбамга таяниб бўлгандим. Бир пайтлар қўшни йигитнинг хотини савдога чиққанини гапирганим учун афсуланардим. Иккинчи томондан хотинимга савдога чиқ деб айтишга хижолат бўлаётгандим. Кейин билсам характеримни яхши билган хотиним ҳам бу ҳақда менга айтолмай турган экан

Кунларнинг бирида барибир мажбур бўлиб хотинимга савдога чиқишини айтдим. Унга оғир бўлмасин деб опасининг ёзги таътилда юрган ўғлини чақирдик. Шу тариқа менинг ўрнимга дўконда хотиним савдо қила бошлади.

Шундан сўнг яна қўлимиз пул кўриб, охиригача даволанишим учун имконият бўлди. Рўзғордаги етишмовчиликлар ҳам барҳам топди.

Бемор ётар эканман дўкондор йигитлар бир неча марта мени кўргани келишди. Охирги марта келишганда улар орасида қўшни йигит ҳам бор эди. У тузалиб кетибди ва дўконни яна ўзи юрита бошлабди.

Йигитлар ҳар гал келишганда ҳарна ёрдам бўлади деб баҳоли қудрат пул бериб кетишарди. Ўшанда бир пайтлар гапирган гапларим учун жуда афсусланардим ва йигитларнинг кўзига қарай олмасдим.

Кўп ўтмай мен ҳам соғайиб кетдим. Шифокорлар яна бир муддат уйда дам олишим мумкинлигини айтишди.

«Уйда ётарканман деб батамом ётиб олманг. Туриб юраверинг, кўчаларга чиқинг. Хоҳласангиз сайр қилиб келинг. Фақат ҳозирча сизга куни билан тик оёқда қолишга ва юк кўтаришга рухсат йўқ», дейишди шифокорлар.

Уйда зерикиб айлангани чиққан вақтларимда дўконга ҳам бориб турдим. Бир пайтлар катта гапирганимдан афсусланиб, хижолат бўлиб юрганимни дўкондор йигитлар билишарди. Шу учун уларнинг биронтаси эски гапларни юзимга солмасди.

Дўконга борганимдан улар қўймай олдиларига чақириб олишар ва кўнглимни кўтаришарди. «Ака, сизсиз на ўтиришларда, на «гап»да файз йўқ. Тезроқ сафимизга қайтинг» дейишарди. Шундай пайтларда улар билан у ёқ-бу ёқдан бирпас гаплашиб ўтирардик.

Бироз муддатдан сўнг батамом соғайиб дўконга қайтдим. Хотинимга хоҳласа савдога чиқаверишини айтгандим у рад этди:

«Дадаси, ҳамма ишнинг ўз қийинчиликлари бор дейишганда ишонмасдим. Савдога чиқиб юрган пайтларингизда сизга мазза деб ўйлардим. Бироқ адашган эканман. Куни билан тик оёқда бўлиш, минг хил характердаги одамлар билан мулоқот қилиш мен ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Сиз тўлиқ тузалиб олинг деб индамагандим. Энди ишингизни ўзингизга топшираман».

Кўп ўтмай яна савдога чиқдим. Яна қўшни дўкондор йигитлар билан йиғиладиган, улар билан «гап» ўйнайдиган бўлдим. Бироқ зинҳор катта гапирмайдиган бўлдим.

Навбатдаги «гап»ларнинг бирида қўшни йигитдан ва бошқалардан узр сўрадим. Улар узримни қабул қилишди. Ўшандан буён доим  «Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма» деб ўзимга ўзим такрорлаб юрадиган бўлдим».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ноўрин гапириб кейин афсусланган йигит надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
ePN