07:00 / 18.06.2023
308

Қанча десангиз ҳам тўлайман, фақат илтимос, болам қори бўлсин (Бўлган воқеа)

Қанча десангиз ҳам тўлайман, фақат илтимос, болам қори бўлсин (Бўлган воқеа)

Кўпчилик, хусусан, машина ҳайдайдиганлар уловда тиббиёт қутичаси бўлиши қонуний талаб эканини яхши билади. Менинг ҳам шундай қутичам автомобилларни ювиш шохобчасида қолиб кетибди, машинани тозалаётиб олишган-у, қайта жойига қўйишни унутишган. Шохобча таниш автотаъмирчи ака-укаларга қарашли эди, уларни бу ишдан хабардор қилдим-да, йўлим тушганида оларман, деб хотиржам бўлдим. Бирмунча вақтдан сўнг водийга сафар қиладиган бўлдик. Узоқ йўл, нозирлар сўраб қолиши мумкин, деган ўйда тиббиёт қутичасини олиб кетмоқчи бўлиб, автоювиш жойига бордим. Лекин у ердагилар топиб беришолмади.

 Суриштиришлар натижасида адашиб, бошқа бировга бериб юборишгани аниқланди. Жаҳлим чиқди, ахир, у нарса меники бўлса, бунинг устига тонг саҳарда сафарга ҳозирланиб турибман. Шу ўй билан ҳалиги усталардан бирига эътирозимни билдирдим. “Омонатингизни энди топиб беролмаймиз, аммо пулини беришимиз мумкин, айтинг, қанча тўлайлик?” деди анчагина қўпол оҳангда (балки менга шундай туюлгандир). Бундан баттар асабим бузилди, “Керакмас пулингиз, розимасман!” деб кетиб юбордим.

Орадан бир қанча вақт ўтди, бу воқеа эсимдан ҳам чиқиб кетди.

Ўтган йили хорижда даволанаётганимда телеграмдан қўнғироқ бўлди, юртимиздан, лекин рақам нотаниш. Жавоб беришим билан нариги томондан биров ҳол-аҳвол сўрай кетди. Кимлигини билолмай ҳалакман. Ниҳоят, ўзини таништирди, ўша уста экан. “Қори ака (у мени шундай чақирарди), 3–4 кундан бери рақамингизга тушолмайман. Охири интернет орқали телефон қилай-чи, дедим ўзимга-ўзим. Мана, Худога шукр, сизни топдим ниҳоят!” деди хурсанд оҳангда. Кейин мақсадга кўчди:

«Ёрдамингиз керак, илтимос, йўқ деманг. Ўғлим Қуръонни ёдлашга ҳаракат қилаётганди, тўлиқ кўтаришига озгина қолганида бирдан тақа-тақ тўхтади. Қанча уринмасин, бефойда, мияси қабул қилмаяпти. Бундан ўзи хуноб, онаси билан мен ҳайрон, устозининг ҳам боши қотган. Охири, устози бир куни чақириб: “Яқин ўртада бировнинг ҳақига тажовуз қилиб қўймадингизми? Кимнидир норози қилмадингизми? Чунки отанинг шундай ножўя ишлари боланинг зеҳнига, хулқига бевосита таъсир кўрсатади”, деди. Дарров жавоб беролмадим. Устоз яхшилаб ўйлаб кўришимни, агар шундай ҳолат ўтган бўлса, норози қилган одамимни топиб, рози қилишим зарурлигини, акс ҳолда бу иш юрмаслигини айтди. Уйга келиб кўп ўйладим.

Аллоҳга шукр, озми-кўпми диний билимим борлиги туфайли бировнинг ҳақидан қўрқаман, бу борада диққатли бўлишга ҳаракат қиламан. Унда нега бундай бўляпти экан, деб хотирамни кавлаб турганимда бехос сиз билан ўртамиздаги ишни эсладим. Ўшанда сизни рози қилишни дилимга туккандиму, лекин унутган эканман... Хориждаман дедингиз, ака, аввало Аллоҳ дардингизга шифо берсин. Сўнгра картангиз рақамини, неча пул берсам рози бўлишингизни айтинг. Қанча десангиз ҳам тўлайман, фақат илтимос, болам қори бўлсин. Аллоҳ розилиги учун, Қуръон учун, шу боламнинг кўнгли ҳурмати, рози бўлинг!»

Уста йиғлаб юборди. Менинг эса бутун вужудим жимирлаб кетди. Ўшанда рози бўлиб қўя қолмаганим учун энди ўзимни айбдор ҳис қила бошладим. Менинг бу худбинлигим бир боланинг Қуръони каримни ёд олишдек эзгу амалига халақит қилаётган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, хижолат ўтида ёндим. Устага ҳеч қандай пул беришига ҳожат йўқлигини, кўнглимда ғашлик қолмаганини айтдим. Суҳбатдошим рози бўлганимни қайта-қайта сўраб, билгач, устидан оғир юк ағдарилгандек чуқур “уҳ” тортди. Кейин йиғи аралаш овозда мендан мусофир ва бемор эканим сабабли ўғлини дуо қилишимни сўради. Бу ишлардан менинг ҳам ўпкам тўлиб, чин дилдан дуо қилдим. Уста кўнгли тоғдек кўтарилган ҳолда хайрлашди...

Кўп ўтмай яна телефон қилди. Бу гал овози анча ўктам эди: “Қори ака, суюнчи беринг, ўғлим ҳофизи Қуръон бўлди. Сиз билан гаплашганимдан кейин Аллоҳ зеҳнини очиб юборди, хотираси кучайди. Мана, ниҳоят, орзу-мақсадимизга эришдик, Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин!” Суюниб кетдим, акани табриклаб, Аллоҳга шукрлар келтирдим. Мавридини топиб, бу ишларни сатрларга тўкишни ва кўпчиликка етказишни диллаб қўйдим. Албатта, бу ўринда шахсиятимнинг зарра қадар аҳамияти йўқ. Бу ердаги ўрнак, биринчидан, бировнинг ҳақидан ҳазир бўлиш ва ҳазар қилиш бўлса, иккинчидан, бир отанинг бола камолоти йўлидаги жидду жаҳди, ҳимматидир. Мен устанинг тақвоси ва ҳимматига ҳавас қилдим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай ҳиммат, жидду жаҳд ва тавфиқ ато этсин!

Содиқ Носир

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қанча десангиз ҳам тўлайман, фақат илтимос, болам қори бўлсин (Бўлган воқеа)
ePN