10:15 / 19.07.2023
251

Илк хорижий сафар Муқаддас заминга. Бу ― яхшилик аломати

Илк хорижий сафар Муқаддас заминга. Бу ― яхшилик аломати

Кеча хабар берганимиздек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан “Марказий Осиё - Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун кеча Жидда шаҳрига етиб борди. Бу ташриф, гарчи “амалий” мақомга эга бўлса-да, Ўзбекистон Президентининг сайловдан кейинги илк хорижий сафари сифатида ҳам аҳамиятлидир

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони жўғрофий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлмаса-да, давлатларимизни умумий тарих, диний-маърифий қадриятлар муштараклиги ва маданий ришталар боғлаб туради. Бу ришталар илдизи Ислом дини тарқалиши даврларига қадар етиб боради.

Туркистон халқлари қадимдан ушбу мамлакат ҳудудларида жойлашган икки муқаддас шаҳарга ибодат ва зиёрат учун сафар қилишган.

Саудия Арабистони Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. 1992 йил февраль ойида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида протокол имзоланган. Бугунги кунда барча соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатлар янги даражага кўтарилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан, 2017 йил 20-21 май кунлари Риёp шаҳрида ўтказилган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитидаги иштироки икки томонлама ҳамкорлик тарихида янги босқични бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф доирасида ўтказган олий даражадаги учрашувлар чоғида ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон – Саудия Арабистони сиёсий муносабатларини янада ривожлантиришда мамлакатларимиз Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро сиёсий маслаҳатлашувлар йиғилишларини ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, 2021 йил 29 июнь куни бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг 4-раунди доирасида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига илк бор давлат ташрифи билан 2022 йилнинг 17-18 август кунлари борди. Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги даражага олиб чиқди. Музокаралар сўнггида икки давлат учун манфаатли бўлган кўплаб шартномалар, келишувлар имзоланди.

Энг муҳими, ташриф чоғида Давлат раҳбарининг умра зиёратни ҳам амалга оширгани, айниқса, жамоатнинг олд сафида намоз ўқигани бутун халққа манзур бўлди. Президент динимиз арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиди, талбия айтиб, Масжидул Ҳарамга борди.

Маълумки, Каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президентимиз ана шундай шарафга муяссар бўлиб, Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди.

Ушбу ташриф икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик, биродарлик тамойилига асосланган алоқалар кўлами янада кенгайишига сабаб бўлди.

Буни биргина жорий йилда юртимизнинг ҳаж зиёратчилари сони 12 минг нафардан, умра ибодатини бажарувчилар сони эса 40 минг нафардан ошганида ҳам кўриш мумкин.

Олий даражадаги музокаралар қарашлар ва интилишларнинг муштараклигини намоён этди. Саудияда “Vision-2030” Давлат дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани юксак баҳоланди. Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мақсад ва вазифалари ушбу дастурга ҳамоҳангдир. Давлатларимизда рақамли ва “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ишбилармонларнинг алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилди. Мамлакатимизда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.

Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора ривожланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва тузилмасини ошириш, бир сўз билан айтганда, томонлар учун устувор йўналиш­лар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Охирги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳам сезиларли даражада ошди. Саудия Арабистонилик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бозорига сармоя киритишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Саудия Арабистони билан ҳамкорликда тузилган 38 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан 20 таси тўғридан-тўғри саудиялик инвесторлар томонидан молиялаштирилса, 18 таси қўшма корхоналардир.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистонининг асосий сармоялари мамлакат энергетика тармоқларига йўналтирилмоқда. Бугунги кунда “ACWA Power” компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бошланган. Кимё тармоғида “SABIC” компанияси билан шерикликда истиқболли лойиҳалар устида ишланмоқда.

Араб-ўзбек муносабатларидаги ҳозирги илиқлик янги ҳодиса эмас. Зеро, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўтган асрнинг 90-йилларида ҳам мавжуд эди. Ҳозирги ҳолат кўпроқ 90-йилларда араб олами билан кўзда тутилган ўзаро манфаатли ва прагматик муносабатларни янги шароитларда қуришни давом эттириш ва жараённинг тезлашишидир. 2017 йилгача бўлган босқичда томонлар бир-бирининг имкониятлари ва салоҳиятини чуқур ўрганган. Энг аввало, сиёсий режимлардаги тафовутлар ва Араб ҳудудларидан радикал ғоялар кириб келиши билан боғлиқ таҳдид ушбу муносабатлар тўлақонли ривожланишига тўсиқ бўлди.

2016 йилдан Ўзбекистонда бошланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат шароитида Араб давлатларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган асосий вазифалардан келиб чиқади. Араб давлатларидаги етакчи нашрлардан бири – “Riyadhpost” нашри “сўнгги йилларда Форс кўрфази Араб давлатлари Марказий Осиё минтақасига ўз эътиборини қаратмоқда” деб ёзади. Нашр хулосасига кўра, кўрфаз Араб давлатларининг бу ҳамкорлиги иқтисодий манфаатларни кўзлаган бўлиб, минтақа давлатлари иқтисодиёти ривожланишига кўмаклашиш ҳамда истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишдан иборатдир.

Европанинг Марказий Осиёга оид тадқиқотларни эълон қилиб борувчи “Novastan” нашри ҳам Форс кўрфази араб давлатларининг минтақадаги фаоллашувини янги бир ҳодиса сифатида баҳоламайди. Унда ёзилишича, “улар (Саудия Арабистони ва БАА) бу фаоллик орқали ўзларини янги минтақавий куч сифатида намоён этишларини яна бир бор тасдиқламоқда. Гарчи, асосий мотивлардан бири иқтисодий манфаатдорлик бўлса-да, барибир геосиёсий масала муҳим аҳамиятга эга” – деб ёзади.

Таъкидлаганимиздек, 2017 йилда халқаро ва ички вазият ўзгариши шароитида мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Араб давлатларига, хусусан, Форс кўрфази Араб давлатларига нисбатан муносабат ҳам ўзгарди. Буни Саудия Арабистони ва БАА каби давлатларнинг республика иқтисодиётига сармоялар киритиш борасидаги фаоллигида кўриш мумкин. Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги турли тармоқларга сармоялар киритиши 2018-2021 йилларда жадал тус олди ва у ўзаро муносабатларнинг бутун тарихи давомидаги кўрсаткичлардан ҳам ошиб кетди. Шунингдек, “Vision-2030” дастури доирасида Саудия Арабистони Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қараётгани ҳамкорлик алоқаларига фаоллик тусини бермоқда.

Ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ўндан ортиқ истиқболли режалар тайёрланаётгани ҳисобга олинса, Саудия – Ўзбекистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг сайланиб, ўз вазифасини бажаришга киришганидан кейинги илк хорижий сафари, мусулмонларнинг қибласи жойлашган давлатга бўлаётгани, биринчи машварат кўрфаздаги араб-мусулмон мумлакатлари ва ҳамма қадриятларимиз муштарак бўлган қўшни давлатлар билан ўтказилаётганида ҳам нозик ишора бор. Яъни давлатимиз бундан буён ҳам ташқи сиёсатда биринчи навбатда қўшнилар ва мусулмон мамлакатлар билан алоқаларни кучайтиришга эътибор қаратади. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг мўминлар ҳақидаги “Ишлари ўзаро машварат ила бўлади” (Шўро, 38) ояти каримасига ҳам, мутлақ кўпчилиги мусулмон бўлган Ўзбекистон халқининг орзу-истаги ҳам мос келадиган амалдир.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Илк хорижий сафар Муқаддас заминга. Бу ― яхшилик аломати
ePN