13 октябр куни Савдо-саноат палатасида президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши янгиланган таркибининг илк мажлиси бўлиб ўтди. Унда тадбиркорларни рағбатлантириш учун тузилаётган янги рейтинг лойиҳаси муҳокама қилинди.
Тадбирдан сўнг Kun.uz мухбири мажлис якунлари бўйича ССП раҳбари Даврон Ваҳобов ва иқтисодчи Юлий Юсуповлар билан суҳбатлашди.
- Нима муносабат билан йиғилдик бугун?
- Даврон Ваҳобов, ССП раҳбари: 18 августда давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотдан кейин янги таркибдаги жамоатчилик кенгаши шаклланган эди. 4 сентябр куни 292-сонли президент қарори билан 10 дан ошиқ соҳаларни қамраб олган тадбиркорлардан ташкил топган кенгаш тузилди. Бугун биринчи йиғилиш. Йиғилишдан мақсад — президентнинг 292-сонли қарори бўйича йўл харитасини тузиш ва очиқ мулоқотда кўтарилган масалаларни муҳокама қилиш. Биринчи банд – кичик бизнес банки шаклланиши, иккинчиси – солиқ маъмурчилиги, учинчиси – божхона имтиёзлари, тўртинчиси молиялаштириш бўйича. Шу бўйича жамоатчилик кенгаши хулосасини олиш.
Тадбиркорларни баҳолаш деганда инсон омилисиз баҳолаш мезонларини шакллантиришимиз керак. Бугун бошланғич мезонларни шакллантирдик. Тадбиркор мезонлар бўйича ўз фаолиятини юритса, кўплаб имтиёзларга эга бўлади. Дейлик, солиқ имтиёзлари, текширувлар йўқлиги. Бу платформа орқали тадбиркор ўзи ҳамкорлик қилаётган ёки шундай ниятда бўлган тадбиркорнинг рейтингини кўриб туради. Рейтинги пастроқ тадбиркорлар юқорироққа чиқишга ҳаракат қилади, имтиёзларга интилади.
- Нега айнан Солиқ қўмитасига рейтингни тузиш иши топшириляпти?
- Бу таклиф. Солиқ базасида барча тадбиркорларнинг электрон базаси бўлгани учун шу асосда шакллантириш таклиф этилди. Жамоатчилик кенгаши қўллаб-қувватламаса, бошқа бир базада шакллантирилади, таклиф эди фақат. Савдо-саноат палатаси (ССП) назоратда қатнашиши мумкин.
- Сиз ўзингиз тадбиркорсиз, тадбиркорлар устидан назорат қилишда иштирок этсангиз, манфаатлар тўқнашуви бўлмайдими?
- Бизнесларим – катта солиқ тўловчи корхоналар. ССПда эса асосан кичик ва ўрта корхоналар. Мен рақобат муҳити бўлишини қўллаб-қувватлайман. Солиқ тўловчилар тўлиқ шаффоф ишласа, рақобатбардошлик ошади.
- Кафе ва ошхоналарга алкогол маҳсулотлари сотишга рухсатнома олиб фаолият юритиши талаб қилиниб, бўлмаса ёпилиши айтилаётган экан, бу ҳақида мурожаатлар келяпти бизга. ССП уларга ёрдам бероладими?
- Бундай топшириқ йўқ. Тушунмовчилик бўлган. СЭС талаблари ва солиқлар масаласида тўғри фаолият юритиш ҳақида тушунтириш берилган фақат.
- Ҳозир мамлакат бўйлаб қишлоқ хўжалиги кооперативлар тузиляпти, бу жуда ижобий жараён, аммо кооперативларга жойларда тўсқинликлар бўляпти. Уларга ёрлам бероладими ССП?
- Қайсидир туманда кооператив тузилса, режалар бўлса, ўзим ёрдам бераман. Германия каби давлатлар шу амалиётга ўтган, бизда фақат фермерлар шунга бирлашса бўлди. Менга режа билан, келишув билан келса, ёрдам беришга тайёрман. Менимча, кооперативларга бир туманнинг камида 25 фоиз фермери бирлашиши керак. Чунки биржада сотиш, сотиб олиш, ўғит, ёқилғи олиш кабиларда осонлик бўлади. Тола, чигит ажратиш каби хизмат кўрсатиш харажатларини шакллантириб, ўртада умумий ҳал қилиш керак. Умуман, кооперативларга ёрдам беришга тайёрмиз. Ноқонуний тўсиқларни бартараф қилишда ҳам.
- Ташаббус сизга қанчалик ёқди?
- Юлий Юсупов, иқтисодчи: Ўйлайманки, бундай рейтинглар тадбиркорларни жазолаш учун эмас, балки уларни рағбатлантириш ва рейтингдаги юқори ўрни билан фахрланишдан бошлаб, қандайдир имтиёзлар бериш учун фойдаланилса, фойдали бўлади. Солиқчилар ҳам ундан рискларни таҳлил қилиш мезони сифатида фойдаланишлари мумкин: “корхона юқори рейтингга эгами, уни яқин келажакда текширмаслигимиз мумкин”. Аммо ушбу рейтинглар ҳақиқатан ҳам ишончли бўлиши жуда муҳимдир. Бунинг учун улар объектив кўрсаткичлар асосида қурилган бўлиши керак. Ва биз жамоат кенгашида бундай рейтингни қандай қилиш кераклигини муҳокама қилдик. Лойиҳада асосий эътибор солиққа тортиш масалаларига қаратилган, аслида бизнеснинг ишонч рейтинги нафақат бунга асосланиши керак. Жуда ноаниқ мезонлар мавжуд, уларни ким ва қандай аниқлаши аниқ эмас. "Менга бу ёқади, бу ёқмайди" бўлмаслиги керак. Барча мезонлар мутлақо объектив бўлиши ва ҳеч қандай субъектив баҳоларга боғлиқ бўлмаслиги лозим.
- Биз яхши ғояларга ўрганиб қолганмиз, лекин уларни амалга ошириш кўпинча биз кутгандек бўлмайди. Бу ҳолатда нимани кутиш керак?
- Бу ерда Савдо-саноат палатаси ташаббус билан чиқмоқда. Савдо-саноат палатаси моҳиятан бизнесга нисбатан ёмон мақсадлари йўқ. Бизга кўрсатилган ҳужжатларда эса рейтинг жазо учун эмас, балки фақат мукофот учун қўлланиши кўриниб турибди. Мисол учун, Солиқ қўмитаси 2 йил олдин тадбиркорларни ҚҚС тўловчи мақомидан маҳрум қилиш учун таваккалчилик таҳлилидан фойдаланишга қарор қилди, гўё ҚҚС тўлаш – қандайдир мукофот... Бу тадбиркорнинг мажбурияти ахир! Кўплаб компанияларга ҚҚС тўлашга рухсат берилмади, эмишки улар баъзи хавфларни таҳлил қилиш мезонларига жавоб бермаган. Таҳлиллар бунга мўлжалланмаган.
- Жамоатчилик кенгаши янги ҳаёт, янги нафас олишини кутишга асосимиз борми?
- Умид қиламиз. Бугун яхши муҳокама бўлди. Умид қиламанки, бу бошланиш, ҳаммамиз оптимист бўлишимиз керак, акс ҳолда бу қийин даврда қандай яшаймиз?
Шокир Шарипов тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг