14:09 / 30.12.2023
184

Тошкент саратон ва астма ўчоғига айланмоқда. Экологик вазият ўнгланадими?

Тошкент саратон ва астма ўчоғига айланмоқда. Экологик вазият ўнгланадими?

Ўзбекистон пойтахти аллақачон дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари қаторида. Йил давомида Тошкент бир неча марта бу борада топ-5 ликда бўлди. Ҳавони тозалашга қаратилган чора-тадбирларнинг кўпи эса фақат қоғозда қолиб кетяпти. Мутахассислар аллақачон бу борада амалий ҳаракатлар кераклигини таъкидлаб келмоқда. Ҳаммада битта фикр: «Энди гап билан иш битмайди, Тошкент ҳавосини яхшилаш учун амалий ҳаракатларни бошлаш шарт».

Тошкент шаҳри ҳавоси йилдан йилга ифлосланиб бораётгани сабаб, қатъийроқ чоралар кўриш кераклиги ҳақидаги чақириқлар кўпаймоқда. Дунё шаҳарларида ўрнатилган ҳаво сифатини ўлчовчи станциялардаги маълумотларни йиғиб борувчи IQAir сайти маълумотларига кўра, 29 ноябрдан 29 декабргача бўлган бир ойлик вақт оралиғида Тошкентда ҳаво сифати хавфли даражага чиққан кунлар сони 18 кунни ташкил этган.

Бошқача айтганда, ҳар уч кундан иккитасида шаҳар ҳавосининг ифлосланиши ҳатто ўртача даражадан ҳам ортиб кетяпти. Ҳаво таркибида PM2.5 дисперс зарраларининг меъёридан бир неча ўн баробар кўпайиши одатий ҳолга айланиб қолди.

Бунинг оқибатлари аллақачон ўзини кўрсата бошлаган. Айниқса болалар ўртасида нафас йўллари касалликлари ва аллергияга чалиниш жуда кўп учраяпти. Бу касалликлар ва ифлос ҳаво ўртасида боғлиқлик борлиги аллақачон ўз исботини топган.

PM2.5 зарралари жуда митти зарра бўлгани учун катта чанг зарраларидек ўз оғирлиги билан ерга қўнмайди, яъни улар ҳавода муаллақ туриб қолади ва учиб юради. Одамнинг юқори нафас йўллари, яъни бурун ва ҳалқум ҳаводаги йирик зарраларни филтрлай олади, лекин PM2.5 каби ўта майда зарралар ўпкагача етиб боради. Бу эса вақт ўтган сари организмнинг кучсизланиши, инфекцияга чалиниб ёки бошқа сабаб билан касалланганида соғайиш учун узоқроқ вақт керак бўлиши, якунда эса аҳолининг умр кўриш давомийлигига салбий таъсир қилиши ва бошқа ҳолатлар ҳақида кўп гапириляпти, лекин вазиятни ўнглашга қаратилган амалий ҳаракатларга ўтилмаяпти.

Амалий ҳаракатлар қандай бўлиши кераклиги борасида 26 декабр куни Экология партия депутати Носиржон Аминов ўз таклифлари билан чиқди.

2023 йил ҳам якунига етиб боряпти, лекин Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти. Тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтяпти. Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди”, деди депутат.

Носиржон Аминов бу борада учта йўналишдаги таклифларни илгари сурди.

  • Биринчидан, қурилиш ишларини ташкил қилиш учун белгиланган “СанПин” талабларига риоя қилмаган қурувчилар кескин жавобгарликка тортилиши керак.
  • Иккинчидан, пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш мақсадида автомобилларнинг ҳаракатланишини тартибга солиш ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳатто вақтинча бўлса-да шаҳарга киришда айрим чекловларни татбиқ қилиш зарур.
  • Учинчидан, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ, дейди депутат.

Бир сўз билан айтганда, хусусий автомобилдан фойдаланиш ҳашамдор, жамоат транспортлари қулай ҳамда пиёда йўллари эса замонавий ва хавфсиз ҳолатда бўлиши зарур”, деди парламент аъзоси.

Экология вазирининг маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам вазиятни ўнглаш учун қатъий чоралар кўриш керак деб ҳисоблашини айтди.

Уй-жой қуриш ҳақида гап кетса, бу жиддий масала дейишади. Масалан, мен 5-10 йилдан кейин Тошкентда яшамаслигим аниқ. Чунки бу кетишда бу ерда аниқ яшаб бўлмайди: кўчиб кетаман ёки четроқдан қатнаб ишлашим мумкин.

Шунақа вақтда шунча уй-жой, қасрлар қуряпмиз. Оддий савол, нима учун қуряпмиз шуни? Яшаш учун. Шу уйни яхши ният билан қуряпсан, сотиб оляпсан, 10-15 йилга кредитга оляпсан. Яшаш учун.

Лекин 5 йилдан кейин яшаб бўлмай қолади бу ерда. Тошкентдан одамлар оммавий равишда уйини ташлаб чиқиб кетишни бошлайди. Шунинг учун агар ўзинг ҳам, болаларинг ҳам шу ерда яшашини хоҳласанг, сенда жуда қисқа вақт қолди. Ҳар йили сигнал беряпти – Тошкент дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари қаторида. Бу илгари бўлмаган. Бир йилда 3-4 марта шунақа бўляпти. Сенга яна қанақа сигнал керак?

Кушербаев болалар шифокори берган маълумотга таяниб қўшимча қилишича, Тошкентда ҳавонинг ифлосланиши ортидан болалар орасида аллергик касалликлар кўпайиб кетган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият