16:40 / 05.02.2024
122

Ота-оналар учун фарзанд тарбиясига оид халқчил материаллар тайёрланади

Ота-оналар учун фарзанд тарбиясига оид халқчил материаллар тайёрланади
Президент раислигидаги йиғилишда ёшлар ўртасида оммалашган ижтимоий тармоқларни таҳлил қилиб, уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоялаш ва ижобий томонидан фойдаланиш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларга содда тилда қўлланмалар яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, мактабга мослашиш ва китобни севишга ўргатиш, яхши хулқли бўлиш, атрофидагилар билан мулоқот қилишни ўрганиш ва билим олишга кучли иштиёқни шакллантириш, касб танлаш, жамиятга мослашиш, катта ҳаётга қадам қўйишда фарзандларга қандай йўл-йўриқ бериш зарур, деган саволлар юзасидан ота-оналар учун халқчил тилда материаллар тайёрланадиган бўлди.

Юқорида айтилган ташаббуслар амалиётда йўлга қўйилса, ота-онада масъулият, ўқитувчида мажбурият, ўқувчида ишонч, таълим ва тарбияда сифат, маҳаллада эса назорат бўлади”, – деди давлат раҳбари.

Шунингдек, мажлисда профессионал ва олий таълимдаги масалалар ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ўтган йилги 380 минг мактаб битирувчисидан 180 минги таълимни коллеж, техникум ёки олийгоҳда давом эттирмоқда. Қолган 200 минг нафари меҳнат бозорига кириб келмоқда.

“Дуал таълим билан 234 та профтаълим муассасасида барча ўқувчилар ҳам қамраб олинмаган. Вазирликлар ўзларига тегишли коллеж ва техникумларда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимли йўлга қўйилиши, улардаги қувватлар 100 фоизга ишлатилиши керак”, – деди Мирзиёев.

Қурилиш вазирлигида 13 та, Сув хўжалиги вазирлигида 9 та, Ветеринария қўмитасидаги 5 та коллеж ва техникумда малакали амалиётчи усталарни кўпайтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Қолаверса, бу каби камчиликлар олий таълимда ҳам мавжудлиги, бакалавриатда ўнлаб йўналишлар меҳнат бозори талабларига жавоб бермаслиги ҳам тан олинди.

Давлат раҳбари кўп олийгоҳлар кредит-модулга ўтгани, лекин талабанинг қобилиятини юзага чиқарадиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади. Маълумотларга кўра, бу йили 122 та янги йирик лойиҳалар бошланади, яқин йилларда мураккаб технологияда ишлай оладиган 10 минг муҳандис ва технологлар керак бўлади.

Лекин олийгоҳларда бундай мутахассисларни тайёрлаш 20 фоиздан ошмаяпти. Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ҳам фаоллаштириш лозим”, – деди у.

Хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида экани қайд этилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият