«Ҳаётий ҳикоялар" туркумидан бериб борилаётган ҳикояларнинг навбатдагиси ёшлигида ўғри бўлган ва қўлга тушиб қамалиб чиққан киши ҳақида.
У қамоқдалигида озодликка чиқса ҳалол яшашга аҳд қилган, жазо муддатини ўтаб чиққач сўзида туриб «эски ҳунар»ини ташлаган экан.
«Биринчи марта қачон ўғрилик қилганимни эслай олмайман. Мактабнинг бошланғич синфларида ўқиб юрган пайтларимдаёқ болаларнинг ручкасини ўғирлардим. Бу ишни менга синфдошим ўргатганди.
Бугун ўша ишимдан энди таажжубланаман. Чунки ўғирланган ручкаларни на сотиб бўларди, на ишлатиб. Эгаси таниб қолиши мумкин. Қолаверса ўзим ишлатай десам ручкаларим етарли. Шу сабабли уларни ташлаб юборардим.
Ота-онам оддий ишларда ишлашарди. Улар куни билан ишда бўлгани учун мен қаровсиз қолардим. «Ёмон хулқли» синфдошимга ўша пайтда қўшилиб қолганман.
У билан мактабдан кейин роса кўчаларда тентирардик. Қаровсиз қолган нарсаларни олиб кетардик. Ўғирланган нарсалардан фойдаланмасдик, аксарияти ташлаб юбориларди. Бировларнинг кераксиз нарсаларини нега олиб кетардик, ҳалигача тушунмайман.
Кейинроқ юқори синфларда ўқиб юрганимда ўша бола билан чўнтак кесишга ўтдик. Бизнинг чўнтаккесар эканимизни мактабда ҳам, маҳаллада ҳам ҳеч ким билмасди. Шеригим «биз жентлмен ўғрилармиз, назокат билан чўнтак кесамиз» деб қўярди.
Бирон марта қўлга ҳам тушиб қолмаганмиз. Шу тариқа мактабни тугатдик. Мен тайинли бирон ишнинг бошини тутиш ёки олий таълимда ўқиш ўрнига «ўз касбимни» давом эттирдим. Шаҳардаги барча бозорлар, вокзаллар ўзаро тақсимланиб олинганди. Темирйўл вокзали менинг доимий иш жойим бўлди.
Бир марта сўраб қолишганда ота-онамга вокзалда «грузчиклик» қиляпман дедим. Уларга бу ишим ёқмади. Ота-онам олий маълумотли бўлишимни ва биронта жиддийроқ ишнинг бошини тутишимни хоҳлашарди.
Уларга ишим жуда даромадли эканини, бироз пул жамғариб институтга кириб ўқишимни айтдим, ишонишди. Аслида эса ҳеч қачон ундай ниятим бўлмаган.
Вокзалдан қўним топганимнинг сабаби бу ерда чўнтак кесиш, қаровсиз қолган сумкаларни, турли юкларни ўмариб кетиш осон эди. Вокзал аравакашлари бизга шерик эмасди. Бироқ қаровсиз қолган оғирроқ сумкани ўмарар эканмиз, уни панага олиб чиқиш кераклигини билишарди ва ёрдам беришарди.
Ўғирланган сумкани ёки қандайдир юкни аравага ортгандан сўнг аравакашларнинг ортидан бориш шарт бўлмасди. Ўзлари қаерга олиб бориб тушириб келишни билишарди.
Кейинроқ вокзалга яхшилаб ўрнашгач атрофимга бир-икки нафар ёш йигитларни олдим. Улар бир ўзим эплай олмайдиган ишларда ёрдам беришар, мен эса уларга иш ҳақи тўлардим. Кейинроқ гуруҳ бўлиб ишлашга ўтдик.
Ёшим ўттизга яқинлашиб қолган бўлса-да ҳали ҳам уйланмаган эдим. Шу орада ўғриларнинг тили билан айтганда ўта кулгили иш қилиб қўлга тушдим ва қамалиб етдим.
Кунлардан бир кун бир аёл йигирматача қопга ярим қилиб солинган юк билан келиб қолди ва кузатувчи билан гаплашиб қопларни вагонга орта бошлади.
Аравакаш вагонга чиқариб қўяр, аёл қопларни ичкарига тортарди. Шу пайтда вагонга кириш йўлаги тўсилиб қолди. Аёл аравакашни тепага ёрдамга чақирди.
Шу пайтда мен ёрдамчиларимга имо қилгандим бир зумда тўртта қопни ўмариб, воқеа жойидан йўқ бўлдик. У пайтларда ҳозиргидай ҳамма ёқда кузатув камералари йўқ эди. Шу сабабли ишимизни биров сезди, биров сезмай қолди.
«Склад»га (ўғирланган моллар вақтинча сақланадиган жойни шундай атардик) борсам йигитларнинг энсаси қотиб ўтирибди. Қарасам қопларда қуритилган майиз бор экан. Ёрдамчиларнинг энсаси шунга қотаётган экан.
Қопларни чамалаб кўрсам ҳар бирида 30-35 килограммдан майиз бор. Демак ҳаммаси 120-140 килограмм чиқиб қолади. Бир неча кун аввал Чорсудан олгандим, шунақа майизнинг нархи тахминан 2 доллар атрофида эди. 250 доллар бўларкан, ёмонмас деб ўйладим.
Шундан сўнг майизни қандай сотиш масаласи кўндаланг бўлди. Албатта биз уни бозорда ўтириб сотмасдик. Биронтасига кўтара бериб юбориш керак. Бироқ уларни қайси бозорга олиб борамиз?
Ўша пайтда барча нарсанинг улгуржи савдоси Қўйлиқ бозорида бўларди. Майиз ўша ердан сотиб олинган бўлса таниб қолишлари мумкин. Шу учун Қўйлиққа бориб бўлмасди. Олой энг қиммат бозор бўлгани учун майизни ўша ерга олиб боришга қарор қилдик.
Ёрдамчиларимдан бири билан кира қиладиган машина гаплашиб, майизларни ортдик ва Олойга олиб бордик. Автотураргоҳга киргач ҳайдовчига бироз кутса яна қўшиб беришимни айтгандим, у рози бўлди.
Майиздан бир ҳовуч олиб бозор ораладик. Қуруқ мева растасидан юриб сотувчиларга майиз бор, олмайсизларми деб сўрай бошладик. Аксарияти ўзимникини сотолмаяпман, керакмас дерди.
Бозор ўртасига борганда полвонкелбат бир йигит «қани кўрсат-чи деб қолди. Дарҳол унга қўлимдаги майизни тутқаздим. Сўнг улар ташқарида машинада турганини, келишсак олиб кириб беришимни айтдим.
Шунда йигит «Гапингдан тошкентликка ўхшаяпсан, ҳар ҳолда майизни домда етиштирмагансан, буни қаердан олдинг?» деб сўраб қолди. Унга бир ошнам қарз ўрнига ҳисоблаб берганини айтдим.
Йигит негадир савдолашиб ҳам ўтирмади, айтган нархимга рози бўлди. Бориб майизни олиб келдим. Келсам йигитнинг атрофига бошқа сотувчилар тўпланиб туришибди.
Йигит қопларни очди ва энг аввал унинг ичидаги майизга эмас, қопнинг устига қўйилган белгиларга қаради. Мен эса бир ишкал чиқмасин-да деб унга хавотирланиб қараб турардим.
Бир пайт у қўлимдан ушлади ва пештахта ичкарисига бошлади. Сўнг тартиб билан териб қўйилган қопларни кўрсатиб гап бошлади:
«Ука, мана бу қоплардаги белгига қара. Катта ҳарфларда «АБ» ҳарфлари билан белги қўйилган. Бу белгини бир пайтлар отам ўз номи ва фамилиясининг бош ҳарфларидан олиб танлаган. Энди сен олиб келган қоплардаги белгиларга қара, у ерда ҳам худди шундай белгилар бор. Бу майизни кеча аёл мижозимга сотганман, сен уларни вокзалда ўғирлагансан».
Йигит мен олиб келган қопларни кўрсатган эди, уларда ҳам «АБ» ҳарфлари бор экан. Унинг гапларидан ўзимни йўқотиб қўяёздим. Мен унга майизларни ҳеч кимдан ўғирламаганимни, қарзга ҳисоблаб олганимни айтдим.
«Мен сенларни алифбонгни яхши биламан. Фалончадан қарзга олгандим, фалон қилгандим деган «дежурний» гапларингни катта холангга бориб айтасан. Қанча гапинг бўлса участкавойга гапирасан», деди у.
Йигит имо қилганди сотувчилар мен ва ёрдамчимни ўраб олишди ва қаттиқ ушлашди. Йигит аввал участкавойга одам юборди. Сўнг қўлига рўмолча ўраб чўнтагимни ковлаганди у ердан иккита чопқи, лезвия ва қарта чиқди.
Лезвия ва ўткир тиғли чопқини чўнтак ва сумка кесишда ишлатардим. Иккинчи чопқи каттароқ бўлиб, ҳар эҳтимолга қарши олиб юрардим. Йигит уларни кўрсатиб «мен сенларни қадам босишингдан танийман, кимни алдамоқчи бўляпсан?» деди.
Ўша пайтда умуман чорасиз қолдим. Энг ёмони ўзим тергаб, сўкиб ишлатиб юрган ёрдамчимнинг олдида обрўйим бир пул бўлаётгани эди. У ҳам «ҳолинг шу экан-ку, бизга бошлиқлик қилишга бало бормиди?!» дегандай қараб турарди.
Кўп ўтмай участкавой ёрдамчилари билан келди. Йигит унга нима бўлганини тушунтирди ва чўнтагимда чопқилар борлигини айтди. Шундан сўнг участкавой рация орқали бўлимдан ходимларни чақирди.
Ходимлар бизни ва далилий ашё бўлган майизни олиб кетмоқчи бўлишди. Бироқ йигит майизни уларга бермади.
«Терговда ва судда мени гувоҳликка чақирсанглар айтган вақтларингда етиб бораман. Бироқ майизни бермайман. Кейинги ҳафта уни сотиб олган опа келади, эгасига топшираман», деди у. ИИБ ходимлари индамай кетишди.
Тергов бир неча ой давом этди. Вокзалда содир бўлган ва очилмаган ўғриликларимизни бўйнимизга олдик. Ҳатто биз қилмаган ишларни ҳам гарданимизга илишди. Бошқа чорамиз йўқ эди.
Ота-онам қилиб юрган ишимдан илк қўлга тушган кунимдаёқ хабар топишди ва ҳайрон бўлишди. Отам бошини чангаллаган, онам эса йиғларди. Бироқ ғишт қолипдан кўчган, улар қобил деб билган ўғил жиноят устида қўлга тушганди.
Биз гуруҳ бўлиб кўплаб ўғриликларни содир этишда айбдор деб топилдик. Суд бизга бир неча йилдан қамоқ жазоси берди. Вояга етмаган «шогирдлар»им шартли жазо олишди. Уларнинг ота-онасига ҳам чора кўрилди.
Қамоқда ўтирар эканман ўтган умримни сарҳисоб қилдим. Ёшим ўттизга яқинлашиб қолди, бирон ишни бошини тутмадим, оила қурмадим. Ўзи нега яшаб юрибман?
Шундан сўнг ўғрилик қилиб бир умр яшаб бўлмайди деган хулосага келдим. Қамоқдан чиққач одамга ўхшаб яшайман деб ўзимга сўз бердим. Бир сўз билан айтганда Худо инсоф берди.
Ўша кун ҳам келди, қамоқдан чиқдим. Аввал Қўйлиқ бозорига бориб арава сурдим. Сўнг ўша ерда у, бу нарса олиб сота бошладим. Бу орада уйландим. Кейин савдони кенгайтириб фирма очдим. Ҳозир оилам, фарзандларим бор. Тинчгина яшаб юрибман.
Сўнгги пайтларда ўғрилик, фирибгарлик қилиб қўлга тушган ёш йигитлар, ўсмирлар ҳақида ўқиб қоламан. Уларга айтар сўзим, бу ҳаёт кишига бир марта берилади. Жиноят содир этиб ҳаётингизни панжара ортида ўтказманг. Ҳалол кун кечирсангиз ҳам кунингиз ўтади».
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди