АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник CNN мухбири Ричард Квестга берган интервьюсида Ўзбекистон билан ўзаро алоқалар, геосиёсий вазият ва мамлакатдаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.
“Ўзбекистон жуда стратегик қулай географияга эга. Ўзбек дўстларимиз таъкидлаганидек, бу жуда қийин ҳудуд. Шимолда Россия, бошқа томонда Хитой, Афғонистон, Эрон, денгизга чиқиш учун икки мамлакат ҳудудини босиб ўтиш керак. Шундай бўлса ҳам, тарихан бу ҳудуд асосий савдо йўлининг маркази бўлган, табиий ресурслар, муҳим минераллар, энергия ресурсларига жуда бой. Албатта, бутун минтақани инобатга оладиган бўлсак, АҚШ учун стратегик жиҳатдан жуда муҳимдир.
— Хўш, бу ҳолатда қандай қилиб меркантил ёндашувни четлаб ўтиш мумкин? АҚШ нодир ерости бойликларига қизиқади, у Хитойни ортда қолдирмоқчи, шунинг учун Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлишга интилмоқда, деган тасаввур пайдо бўлмайдими?
Ҳеник: Менимча, бизнинг сиёсатимиз ҳеч қачон бундай бўлмаган. Айтмоқчиманки, биз ноёб ерости элементлари ҳеч бир давлат томонидан блокланмаганига ва глобал фойдаланиш учун, ривожланиш мақсадларида уларни сотиб олишни истаганлар учун очиқ эканига ишонч ҳосил қилмоқчимиз.
Охир-оқибат, бу борада Ўзбекистоннинг ўз масъул ташкилоти бор. Биз эса Ўзбекистонга танлаш ҳуқуқини бермоқчимиз. Шундай қилиб, стратегик тузилмани бир оз кенгроқ шарҳлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ўз муносабатларини диверсификация қилишни хоҳлашини маълум қилган.
Ўз тарихининг кўп қисмида улар у ёки бу миллатга ҳаддан ташқари қарам бўлиб келганлар ва сўнгги бир неча йил ичида улар нафақат Қўшма Штатлар, балки Европа Иттифоқи, Корея, Туркия ва бошқа давлатлар билан муносабатларни яхшилашга интилишмоқда. АҚШ Ўзбекистоннинг ҳамкорларидан бири бўлишни истайди.
— Аммо сиз Россия, Украина, АҚШ, Хитой каби давлатлар ўртасидаги таранг вазият пайтида Ўзбекистон орбитага тушиб қолишидан, стратегик ибора билан айтганда, ўзингиз истамаган давлатлар орбитасига тушиб қолишидан қўрқасизми?
Ҳеник: Бизнинг сиёсатимиз Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашдир. Ўзбекистон эса бирор-бир давлатга қарам бўлса, мустақил ва суверен бўла олмайди. Шубҳасиз, биз Ўзбекистонда танлов имконияти бўлишини афзал кўрамиз ва биз ҳам шундай танлов вариантларидан бири бўлишни хоҳлаймиз.
— Муаммоларга назар ташланса, ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин. Президент ислоҳотни ортга қайтариб бўлмайди, деди. Унинг бу гапларини эшитгансиз.
Ҳеник: Кўп марта.
— Унга ишонасизми?
Ҳеник: Мен у бу гапга ишонишига ишонаман. Ва мен ишонаманки, у мамлакат ривожи учун ўз қарашларига мутлақо содиқдир. Президент бу ерда ақл бовар қилмайдиган ишларни амалга оширди. Айтмоқчиманки, агар биз болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, валюта конвертациясини очиш, тарифларни мунтазам равишда камайтириб боришни кўриб чиқадиган бўлсак, у ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонни чет эл инвестициялари учун янада жозибадор қилди.
Лекин, менимча, сиз ҳам, мен ҳам тарихдан шуни яхши биламиз, бу нарсаларни яна ортга қайтариш мумкин. Шундай экан, Ўзбекистон бу йўлда қатъий кетаётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилишдан олдин, менимча, янада кўпроқ иш амалга оширилиши керак.
— Ўзбекистонда сизга кўпроқ нима ёқади? Чунки сиз жуда тажрибали дипломатсиз ва кўплаб мураккаб лавозимларда ишлагансиз, шундай эмасми?
Ҳеник: Ҳа, шундай.
— Ҳозир эгаллаб турган лавозимингиз ҳам осон эмас, лекин нисбатан енгилроқ. Бу ерда сизга нима ёқади?
Ҳеник: Бу профессионал дипломат учун орзудаги вазифа. Маданий жиҳатдан ҳар кун жуда қизиқарли ўтади. Муносабатларимиз яхши ва янада яхшиланиб бораётган бир пайтда бу ерда бўлганимдан бахтиёрман, бу нарсани ҳар доим ҳам назорат қила олмайсиз. Мен Вашингтондан жуда яхши соғлом масофага эгаман, бу менга маълум даражадаги мустақилликни беради ва бу касбий қониқиш тақдим этади. Лекин, эҳтимол, энг муҳими, бу АҚШ учун миллий хавфсизлик манфаатлари нуқтайи назаридан муҳим бўлган мамлакат. Ва шунинг учун мен вазифам нима эканлигини тушуниб, ишим нақадар муҳимлигини ҳис қилиб ҳар куни ишга келаман. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди