225
Ўзбекистонда “10 суткалик” крипточилар кўпаймоқда: Билмагандим дейиш жазодан озод этмайди
Фото: Pixabay
Ўзбекистонда 1 ойда 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарларнинг барчаси судда қилган иши ноқонуний эканини билмаганини маълум қилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 12 нафарига маъмурий қамоқ, 3 нафарига жарима жазоси тайинланган. Крипто-активлар савдосини қонуний амалга оширса бўладими? Бу соҳада ноқонуний фаолиятга қандай жазо бор? Мақолада шу ҳақда танишишингиз мумкин.
Рақамлар кун сайин ошмоқда
Аввалроқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик ва майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилганди.
Олий суднинг интерактив хизматлари порталига кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун биринчи иш 2024 йил 14 май куни кўрилган. Унда 29 ёшли йигит “Binance” платформаси орқали ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, жами 125 маротаба крипто-активларни сотиб олиш, ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширгани аниқланиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ўтган 1 ойда республикада жами 15 киши крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг 3 нафарига жарима (иккитасига 6,8 млн сўмдан, биттасига 3,4 млн сўм) ва 12 нафарига маъмурий қамоқ (бештаси 10 сутка, иккитаси 5 сутка ҳамда бештаси 3 сутка) жазоси берилган. Жавобгарликка тортилганларнинг 5 нафари 20 ёшга ҳам тўлмаган ўсмирлардир.
Қандай жазо бор?
Президент имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча моддалар киритилган.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, лицензия олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин бўлмаган шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бунда крипто-активларни ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари мусодара қилинади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширган мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Жиноят кодексига киритилган янги 278-8-моддага кўра, крипто-активларни қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш ёки айирбошлаш, белгиланган тартибда лицензия олмасдан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш ёхуд крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар ушбу ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси тайинланади.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Қонуний равишда крипто-актив сотиб олса бўладими?
Ўзбекистонда криптовалюта олди-сотдисига рухсат этилган. Бу Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган крипто-биржаларда амалга оширилади.
“Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, криптовалютани сотиш ва сотиб олиш бўйича хизматлар рўйхатга олинган провайдерлар томонидан кўрсатилади. Хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия фақат Ўзбекистон резидентлари — юридик шахсларига берилади.
Низомда келтирилишича, хизматлар провайдерлари фаолиятининг турлари крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкондан иборат. Ушбу фаолиятларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида, чекланмаган муддатга лицензия берилади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасида хизматлар провайдерлари турлари бўйича лицензияларнинг электрон реестрига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда иккита МЧЖга крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилган.
1 ойда жавобгарликка тортилган 15 йигитнинг 9 нафари “Binance” платформаси орқали крипто-активларни сотиб олиш ва ўзга шахсга ўтказиш амалиётини амалга оширган. “Binance” крипто-биржа Ўзбекистонда бу фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олмаган. Шу сабабли, ундан крипто-актив сотиб олиш ноқонуний ҳисобланади.
Ўзбекистонда рўйхатга олинган крипто-биржалардан жисмоний ва юридик шахслар криптовалюта сотиб олишлари мумкин. Фақат “Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари”га асосан крипто-биржа вояга етмаганлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига асосан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилганлар билан муносабат ўрнатишга ҳақли эмас.
Крипто-активлар муомаласи борасида мавжуд қонунчиликни бузиш, албатта, жавобгарликка сабаб бўлади. Суд жараёнида “менинг хабарим йўқ эди” дейиш эса ҳеч кимни жазодан озод қилмайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди