00:28 / 17.06.2024
507

Ўзбекистонда аномал иссиқ қачон кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинди

Ўзбекистонда аномал иссиқ қачон кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинди
Фото: Google Images
Ўзбекистонда жорий йилнинг июль ва август ойи бошларида ғайритабиий (аномал) иссиқлик даврлари кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти прогнозида маълумот берилган. Институт об-ҳаво прогнозларини тузишда республика ҳудудларини тўрт зонага ажратган.

Ғарбий зона сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари белгиланган. Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Самарқанд, Жиззах вилоятлари марказий зона, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари жанубий зона, Фарғона водийси вилоятлари эса шарқий зона деб олинган.

Қайд этилишича, республиканинг ғарбий қисми ва чўлларда ёзги мавсумда ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача қийматдан 1–1,25 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Қолган ҳудудларда мавсумий ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача қийматлардан бир оз юқори (0,75–1 даража) бўлиши прогноз қилинмоқда.

Июль ва август ойининг бошларида ғайритабиий (аномал) иссиқлик даврлари кузатилиши, баъзи кунларда ҳарорат узоқ муддатли ўртача қийматлардан сезиларли даражада кўтарилиши мумкин. Эҳтимол бу вазият минтақада вужудга келувчи термик депрессия жараёни таъсири билан узвий боғлиқ. Шарқий зона (Фарғона водийси), Тошкент вилояти тоғли ҳудудлари ҳамда Сурхондарё вилоятида бутун ёз давомида ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёр кўрсаткичларига яқин бўлиши мумкин”, — дея маълум қилган манба.

Инфографика: Гидрометеорология илмий–тадқиқот институти
Термик депрессия ёзги синоптик жараён бўлиб, Марказий Осиёнинг жануби-шарқида паст босимли ҳудуднинг пайдо бўлиши, қуруқ-жазирама иссиқ об-ҳаво билан тавсифланади. Бу даврда Марказий Осиё текислик ҳудудларида ҳаво ҳарорати 44–46 даражагача, баъзи ҳолларда +48 даражагача иссиқ бўлиши мумкин. Термик депрессиянинг давомийлиги 2–3 суткадан 5–7 суткагача, баъзи йилларда эса 1,5–2 ҳафтагача давом этиши кутилади.

Сўнгги пайтларда мазкур синоптик жараён кузатилган даврда минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда энергетик тизимда кучли зўриқишлар кузатилмоқда”, — дея таъкидланади таҳлилда.

Институт олимлари таҳлилига кўра, жорий ёз давомида минтақанинг катта қисмида ёғингарчилик миқдори кўп йиллик ўртача қийматларга яқин бўлиши (90 фоиз – 110 фоиз) прогноз қилинмоқда. Фақатгина, Фарғона вилояти жануби тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ёғингарчилик билан боғлиқ ижобий вазият (110 фоиз – 130 фоиз) бўлиши кутилмоқда.

Инфографика: Гидрометеорология илмий–тадқиқот институти
Аксарият жаҳон прогностик иқлим марказларининг прогноз моделларига кўра, 2024 йилнинг ёз мавсумида Марказий Осиёнинг жанубида (Қашқадарё, Сурхондарё вилояти) ҳарорат ва ёғингарчиликда энг муҳим ижобий аномалиялар, ҳатто юқори намгарчилик бўлиши кутилмоқда. Бу ҳозирги мавсумда жанубий регионларда ҳам кучли жала ёғинлар ҳамда сел–сув тошқин хавфлари сақланишини англатади. Фарғона водий вилоятлари тоғ ва тоғ олди ҳудудларида қисқа муддатли мавсумий ёғингарчиликлар ортидан сел–сув тошқин хавфлари сақланади”, — дейилади Гидрометеорология илмий–тадқиқот институти прогнозида.

Маълум қилинишича, ҳозирда келгуси мавсум ва ойлар учун тузиладиган об–ҳаво маълумотларини тайёрлашнинг юқори аниқликдаги ишончли усуллари йўқлиги сабаб, уларнинг аниқлиги ёзги мавсум учун ҳарорат бўйича 83–88 фоизни, ёғингарчилик бўйича 65–70 фоизни ташкил этади.

Аввалроқ иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов ҳозир инсоният 125 минг йиллик тарихидаги энг иссиқ даврни бошдан ўтказаётганини айтганди.

Олим мавзуни таҳлил қилиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб ҳаво ҳарорати доимгидан 2–2,5 даража, 2040 йилларда 4 даража, 2080 йилларда 6 даражагача кўтарилиши мумкинлигини таъкидлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда аномал иссиқ қачон кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинди