“Ҳаётий ҳикоялар” рукнидан берилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган йигит экан. У мактубида оилада ёлғиз ўғил бўлганини ва эрка ўсиб, улғайгач ота-онасига анча озор етказганини ёзибди.
“Оилада ёлғиз ўғилман. Менгача ота-онам 4 нафар қиз фарзанд кўришган. Сўнг мен туғилганман. Аллоҳдан “тилаб олишгани учун” ёшликдан эрка бўлиб ўсганман.
Оилада айтганим айтган, деганим деган эди. Ота-онам нима сўрасам муҳайё қилишарди. Кейинчалик эсимни таниб мактабга чиқдим. Мустақилликнинг илк йиллари, анча қийин замонлар эди. Бироқ отам савдо билан шуғуллангани учун, биз қийинчилик сезмаганмиз.
3-синфда ўқиб юрганимда отам велосипед олиб берди. Ўша пайтда тенгдошларимда бундай қиммат нарса йўқ эди. Лекин қизғанчиқ эмасдим. “Велик”ни ўртоқларим билан бирга минардик.
6-синфга ўтганимда отам “Минск” мотоциклини олиб берди. Тез кунда уни минишни ўрганиб олдим. Шундан сўнг умуман уйда ўтирмайдиган бўлиб қолдим. Мотоциклга ёқилғини тўлдириб қуйиб олиб куни билан миниб юрардим.
8-синфга ўтганимда отамнинг “Нексия”сини минишни ўрганиб олдим. Кўп ўтмай машина тамомила меники бўлди. Шу зайлда улғайдим.
Мактабни битиргандан сўнг менинг саёқ юришларим давом этди. Энди ўзимдан бир неча ёш катта “ўртоқларим” билан енгилтабиат аёлларга ҳам борадиган бўлдим. Бу ҳолат бир неча йил давом этди.
Шу иш ортидан қамалиб кетишимга бир бахя қолди. Ўшанда отамнинг пуллари бўлмаганда ё қамалиб кетардим, ёки ўзим бирга ётган фоҳишага уйланардим.
Кунларнинг бирида енгилтабиат қизларга бордик. Қизлардан бири билан тунни бирга ўтказдим. Ўшанда қиз мендан ёшимни, нима иш қилишимни, уйланганманми йўқми, шуларни сўради. Ҳаммасини айтдим.
У ҳам ўзи ҳақида гапирди, айтишича вилоят марказида яшаркан. Бир пайтлар севган йигити “сенга уйланаман” деб бирга бўлган ва кейин ташлаб кетган экан. Ўшандан кейин шу йўлга кириб кетган экан.
Эрталаб фоҳишахонадан чиқиб ўз йўлимда кетдим ва қизни унутдим. Бироқ у мени унутмаган экан. Ўшанда келажакда мени нималар кутаётганини билганимда, балки ўша куни фоҳишахонага бормасмидим...
Орадан бир неча кун ўтгач уйимизга ИИБ участка нозири келди. У ота-онамга менинг устимдан ариза тушганини, бир қизни зўрлаганликда гумон қилинаётганимни айтди. Аризани ўша бир неча кун олдин мен билан пул эвазига яқин алоқада бўлган қиз ёзган экан.
Менга нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва терговга қатнай бошладим. Терговчига қизни зўрламаганимни, у пул эвазига мен билан ётганини айтдим. Бироқ бу гапларим инобатга олинмади.
У пайтларда ҳозиргидай тиббий ускуналар йўқ, шу учун қандай қилиб ўзимни оқлашни билмасдим. Мен билан бирга борган “акаларим” эса гувоҳлик бера олмасликларини айтишди.
Бири “уйдагиларим билса хотиним ажрашиб кетади”, деди. Бошқаси “отам билса мени ўлдиради” деди. Охир-оқибат отам “ишни” пул билан ёпишга қарор қилди. Лекин буни ҳам иложи бўлмади.
Энг аввал қизга пул таклиф қилинди. Бироқ у кўнмади. Қиз “менга уйланасан” деган гапни такрорларди холос. Ота-онаси ҳам қизнинг фоҳиша бўлиб кетганини билишмас экан, улар ҳам “уйланасан” гапини ушлаб олишди.
Отамдан пул олган “участкавой” эса “Нима қилиб бўлса ҳам қизни кўндириш керак, акс ҳолда мен ҳеч нарса қила олмайман”, дерди. Вазият боши берк кўчага кириб қолган, ота-онам ва мен нима қилишни билмасдик.
Кунларнинг бирида участка нозири келди ва гап бошлади: “Бир таклифим бор. Қизнинг енгилтаклигини ҳамма билади. У ҳозир ҳам пул эвазига бошқалар билан ётиб юрибди. Агар харажатдан қочмасанглар қизни бошқалар билан ушлаймиз. Шунда уни туҳмат қилганликда айблаб, ишни ёпиб юборса бўлади. Мен таниш ходимларни ишга соламан, улар қизни доимий кузатиб қўлга туширишади. Фақат уларнинг харажатларини берсанглар бўлди”.
Участка нозирининг гапи отамга жўяли туюлди ва у катта пул сўраганига қарамасдан бу ишга рози бўлди. Унга сўраган пулининг бир қисми берилди. Қолгани иш ҳал бўлгандан сўнг берилиши айтилди.
Охир-оқибат икки нафар ИИБ ходими қизни пойлаб пул эвазига бошқа одам билан ётган жойида ушлаб олишибди. Шундан сўнг ишлар тезлашиб кетди ва отамнинг пуллари эвазига “осилиб турган” жиноят иши судга оширилди.
Судда қизнинг пул эвазига фоҳишалик қилиши исботланди. У менга туҳмат қилаётгани айтилиб, жиноят иши ёпилди. Ўшанда ота-онам ва мен қиздан қутулганимизга хурсанд бўлдик. Бироқ менинг хурмача ишларим шу билан тўхтамади.
Кўп ўтмай отам иш билан чалғир деб бозордан дўкон олиб берди, кийим-кечак савдоси билан шуғуллана бошладим. Маҳсулотларни Хитойдан “мол” олиб келадиган улгуржи савдогарлардан олардим.
Савдо яхши эди. Бу орада уйландим, бироқ саёқ юришим тугамади. Дўконда асосан ёрдамчи йигит савдо қиларди. Ишончли, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган йигит эди.
Уйда бўлган кезларимда унинг олдига фақат кечки пайт, дўкон ёпилиши арафасида борардим ва савдонинг пулидан олиб кетардим. Улгуржи савдогарлар маҳсулотларни насияга ҳам беришар, сотиб пулини қилиб берардик.
Шу тариқа, бир неча йил давомида улгуржи савдогарлардан анча миқдорда қарз бўлдим. Доимий мижоз бўлганим учун улар индашмас, мен эса ишончни суиистеъмол қилиб қарздан ўн сўм берсам, ўн беш сўмлик маҳсулот сўрардим. Шу тариқа қарзларим ошиб бораверди.
Шундан сўнг яна бир жиддий хатога йўл қўйдим. Фоизга пул берадиган бир одамдан анча пул олдим. Савдо дўконим, тагимда машина бўлгани учун у қарз берди. Лекин фоизи катта эди.
Энг биринчи можаро фоизга пул берган одам билан келиб чиқди. У берган пулни бир йилча ишлатдим, бу орада ойма-ой тўлов ҳам қилиб бордим. Ҳисоблаб кўрсам олган қарзимни узибман. “Фоизини олади-да” деб пул беришни тўхтатдим.
Фоиз берувчиларда ҳисоб-китоб бошқача экан. Яъни пулни ёки унинг фоизини тўлашни кечиктирсангиз улар қолган суммага яна фоиз қўшиб қўяверар экан.
Мен ҳам асосий пулни тўлаб бўлдим, фоизини кейинроқ тўлайман деган ўйда бемалол юраверибман. Фоиз яна фоиз туғиб, қарзим дастлаб олган суммамга тенг бўлиб қолибди.
Ўшанда фоиз берган одам билан жанжаллашиб қолдим. Унга “фоиз ҳам фоиз “туғиши” ҳақида огоҳлантирсанг қарзни чўзиб юрмай тўлаб юборардим”, девдим. “Буни ўзинг билишинг керак эди”, деб жавоб қайтарди.
Ўша жанжалда унга бир тийин ҳам бермаслигимни айтгандим, эртаси куни уйимизга келиб отамга ҳаммасини айтиб берибди. Отам биринчи зарбани ўшанда олди.
Кечки пайт уйга келсам отамнинг мазаси йўқ, кўрпа-тўшак қилиб ётибди. Дарҳол духтирга олиб бордим. Врачлар текшириб кўриб у юрак хуружига учраганини айтишди. Отам анча кун даволаниб чиқди.
Шундан сўнг фоизга пул берган одамга қўнғироқ қилиб бир тийин ҳам бермаслигимни маълум қилдим. У ИИБга ариза билан мурожаат қилибди. Аризасида фоизга пул беришини ёзмаган, менга қарз бериб ололмаётганини билдирган экан.
Терговчи чақирди, унга фоизга деб олган пулимни қайтарганимни, фоизини кейинроқ тўламоқчи бўлганимда унга ҳам фоиз ҳисоблаганини, ўша одамни деб отам бир ўлимдан қолганини гапириб бердим.
Фоизчи аввалига бу гапларни инкор қилди. Терговчи маҳалласига бориб суриштиришини айтган эди, дарров менга фоизга пул берганини тан олди. Шунда терговчи унга фоизга пул бериш ноқонуний иш ҳисобланишини, шу учун аризасини қайтариб олмаса ўзига иш очишини айтганди, фоизчи ноилож аризасини қайтариб олди.
Лекин, менинг муаммоларим шу билан тугамади. Аксинча “сувим баттар лойқалана бошлади”. Гап шундаки, фоизчи билан можароларим менга қарзга маҳсулот берадиган савдогарларнинг ҳам қулоғига етган экан.
Уларнинг бир қисми қарзни тўлиқ ёпсам маҳсулот беришини айтди. Бошқалари эса уйга қидириб кела бошлади. Ўзим уйда бўлган пайтимда кимдир келса алдаб-сулдаб кўчадан жавобини берардим.
Бироқ уларнинг айримлари уйда бўлмаганимда келиб отамга қарзларимни бермай юрганимни айтишибди. Бу гаплар отамга қаттиқ таъсир қилган, бироқ у барчасини ичига ютиб юраверибди.
Ҳолат шу даражага келдики, ҳамманинг оғзида менинг катта миқдорда қарзга ботганим ва қочиб юрганим муҳокама бўла бошлади. Бечора отам бош кўтариб маҳаллага чиқа олмай қолди.
Кунларнинг бирида отам иккинчи марта юрак хуружига учради ва бу сафар уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Отамнинг вафоти менга қаттиқ таъсир қилди, лекин вазиятни ўнглаш учун кеч бўлганди.
Савдогарларга қарзимни фалон вақтдан кечиктирмай тўлайман деб ваъда бергандим. Бироқ ваъдамнинг устидан чиқа олмадим. Шундан сўнг улардан бири ИИБга ариза билан мурожаат қилди. Устимдан яна жиноят иши очилди, терговга қатнай бошладим.
Ўшанда мени қарз қилган одамларнинг барчасига “Агар сиз ҳам ИИБга ариза қилиб борсангиз кейин қарзимни тўламайман, пуллардан умидингизни узасиз. Бормасангиз қарз бўйнимда туради, қачон бўлса тўлайман”, деб айтиб чиқдим.
Шундан сўнг кимдир ИИБга борди, кимдир бормади. Менга қарши даъво билан чиққанлар сони 4-5 нафарга етди. Кунларнинг бирида терговчи ариза яна биттага кўпайганини айтиб қолди. Кимлиги билан қизиқсам менга фоизга пул бериб, фоизларини ололмай қолган одам экан.
Терговчига у билан орамизда бўлган ишни айтиб берганимни эслатдим. У шундай деб жавоб берди:
“Ўтган гал биз вазиятни тўғри тушундик, фоизга пул берадиган одамга ҳам чора кўришимизни айтгандик, кўрдингиз ўша куни аризасини қайтариб олди. Бу сафар сизни эмас, унинг гапига ишонишга мажбурмиз. Чунки “пулимизни ўзлаштириб кетди” деб устингиздан бир нечта ариза тушган, сиз унинг пулларини ҳам ўзлаштирган бўлишингиз мумкин”.
Кўп ўтмай суд бўлди ва фирибгарликда айбланиб қамалиб кетдим. Бу мактубни ҳозир қамоқхонадан туриб ёзяпман. Ўзимни яхши тутганим учун ҳозир манзил-колонияга ўтказилганман.
Худо хоҳласа чиқиб борсам тўғри ҳаёт кечирарман. Бироқ отамни ҳаётга қайтара олмайман. Ана шу қалбимни тирнаб, юрагимга азоб беряпти.
Отам бир умр менга яхши бўлиши, келажакда ҳеч кимдан кам бўлмаслигим учун ҳаракат қилди. Мен эса....
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди