Фарғона вилояти Учкўприк туманида автотураргоҳда содир бўлган можаро ҳақида хабар тарқалди. Вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотича, ҳолат 1 октябрь куни автошоҳбекатда юз берган.
Маълум қилинишича, 2000 йилда туғилган, Ўқчи маҳалласида истиқомат қилувчи И.И. олдиндан мавжуд бўлган низо юзасидан 1998 йилда туғилган Аччиқўл маҳалласида яшовчи С.Қ. билан гаплашиш учун келган. Унинг ёнида Қўқон шаҳрининг Шалдирамоқ маҳалласида яшовчи таниши М.А. ҳам бўлган. Суҳбат жанжалга айланиб, И.И. ва М.А. совуқ қурол ишлатиб, С.Қ.га тан жароҳати етказишган.
Шундан сўнг, можарога С.Қ.нинг таниши – Қўқон шаҳри Тўхлимерган маҳалласида яшовчи Б.М. ҳам аралашган. У ўзининг “Equinox” автомашинаси билан М.А.ни уриб юборган.
Натижада С.Қ. ва М.А. шифохонага ётқизилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25 қисми орқали 97-моддаси билан иш қўзғатилди. Ҳодисага алоқадор шахсларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қонун устуворлигини таъминлашини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!