15:43 / 20.10.2024
138

Совуқда машина ойналари терлаган пайтда нима қилиш керак?

Совуқда машина ойналари терлаган пайтда нима қилиш керак?
Салондаги намликнинг юқори бўлишининг бир неча сабаблари бор. Қуйида бу муаммоларнинг ечими ҳақида маълумот берамиз.

Нима учун машина ойналари терлайди?

Ёмғир ва қор ёғаётган пайтда ойналар парланиши нормал ҳолат. Барча автомобилларда шундай бўлади. Одатда ойналар парланса, шамоллатиш орқали бундан қутулиш мумкин. Агар бу ёрдам бермаса ва деразалар мунтазам хиралашса, сабабни топиш ва бартараф этиш керак.

Салондаги нам нарсалар

Бу ҳўл устки кийим ва пойабзал ёки бассейн, спорт залидан қайтаётганингизда ҳўл сузиш кийимлари ва сочиқлар ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, “полик”лар ҳам нам бўлиши мумкин.

Намлик манбайи ойналарнинг хиралашишига олиб келади. Нам куртка аста-секин қуриб, буғланади ва буғлар ҳавога кўтарилади. Совуқ пайтларда одатда машина ойналари ёпиқ бўлганлиги сабабли ойналар терлайди.

Нима қилиш керак?
Кондиционерни ёқиб, ҳаво оқимини хиралашган ойналарга йўналтиринг. Агар олд ойнани иситиш функцияси бўлса, уни ҳам ёқиш мумкин. Иложи борича ҳўл нарсаларни олиб қўйинг.

Машинада одам кўп бўлса

Ҳар нафас олганда ҳайдовчи ёки йўловчилар ҳаво билан сув буғларини чиқаради. Шунинг учун машинада қанча кўп одам бўлса, ойналар шунча кўп парланади.

Нима қилиш керак?
Агар ташқарида ёмғир ёки қор ёғмаётган бўлса, ойналарни бир оз очинг. Об-ҳаво ёмон бўлса, вентиляцияни ёқинг: печка эмас, кондиционерни, чунки у салондаги ҳавони қуритади.

Рециркуляция режимини ёқиш

Бу режим ташқаридагини эмас, машина ичидаги ҳавони тозалаб, салонни шамоллатишга ёрдам беради. Одатда бу режим машина ичидаги “стрелка” билан белгиланган тугма ёрдамида ёқилади.

Бу режим, масалан, чиқинди полигони ёки эски юк машинаси ёнидан ўтаётганингизда, ташқарида ёқимсиз ҳид бўлса, доим асқатади. Аммо бу функцияни узоқ вақт ёқиб қўйсангиз, нам ҳаво фақат машина ичида айланишда давом этади. Шу сабабли қуруқ об-ҳавода ҳам ойналар хиралашиши мумкин.

Нима қилиш керак?
Рециркуляция режимини ўчиринг ва кондиционерни ёқинг.

Ҳаво оқими оёқларга йўналтирилган бўлса

Совуқ мавсумда ҳайдовчилар кўпинча печкани оёқларга йўналтиради, чунки оёқлар кўпроқ совқотади. Аммо бу ҳолда иссиқ ҳаво ойналаргача етиб бормайди. Шунинг учун ойналар терлашда давом этади.

Нима қилиш керак?
Ҳаво оқимини ойналарга йўналтиринг. Агар олд ойна хиралашган бўлса, ҳаво оқимини унга қаратинг. Агар орқа ойна хиралашган бўлса, орқа ойнани иситиш функциясини ёқинг.

Ифлосланган салон филтри

Филтрни тез-тез алмаштириш керак. Салон ичидаги ҳаво тозалиги унга боғлиқ. Бу элемент ёзда чанг ва туклар билан, қишда эса туз ва кимёвий моддалар билан тезда тўлиб қолади. Натижада етарлича ҳаво ўта олмайди.

Шу сабабли куз ва қиш ойларида ойналар жуда тез хиралашади. Машина ичидаги намликни қуритиш учун янги ҳаво оқими етарли бўлмайди.

Нима қилиш керак?
Намгарчилик бошланишидан олдин салон филтрини алмаштиринг. Одатда у асбоблар панели остида ёки капот остида жойлашган бўлади. Унинг аниқ жойлашувини автомобиль фойдаланиш қўлланмасидан билиб оласиз.

Ойналар хиралашмаслиги учун нима қилиш керак?

Махсус кимё воситаларидан фойдаланиш мумкин. У “Антизапотевание” деб аталади ва кўпинча спрей шаклида сотилади. У ойналарда конденсат ҳосил бўлишига тўсқинлик қилувчи қоплама яратади. Муҳим: воситани қуруқ ва тоза ички ойнага сепиш керак.

Бундан ташқари, ички ойнани нашатир спирти билан артиш мумкин. Бу ойналарни кир ва ёғдан тозалайди. Кейин машинани яхши шамоллатиш керак, чунки кучли ҳид ҳайдаш пайтида ноқулайлик туғдириши мумкин.

Шунингдек, силикон-гел тўлдирилган халтачалар фойда беради. Бундай халтачалар янги сумкалар ёки оёқ кийим қутиларида бўлади. Ушбу материал намликни ўзига сингдириб, ойналар парланишини камайтиришга ёрдам беради. Уни қўлқоп “бардачок”, юкхона ва эшикдаги чўнтакларига жойлаштиринг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Совуқда машина ойналари терлаган пайтда нима қилиш керак?