17:00 / 02.12.2024
3

Тадқиқот: Болаликдаги қийинчиликлар миянинг ривожланишини секинлаштиради

Тадқиқот: Болаликдаги қийинчиликлар миянинг ривожланишини секинлаштиради
Янги тадқиқот оиладаги стрессли вазиятлар, жумладан, қаттиқ тарбия, оилавий келишмовчиликлар ва хавфли муҳит болалар миясининг ривожланишига қандай таъсир қилишини ўрганди.

Болалик мия шаклланишининг ҳал қилувчи даври ҳисобланади ва бу жараёнда оилавий муҳитнинг ўрни катта. Эрта ёшда бошдан кечирилган салбий тажрибалар инсоннинг руҳий саломатлиги ва фаровонлигига таъсир ўтказиб, чуқур из қолдириши мумкин. Шундай бўлса-да, бу тажрибалар миянинг ривожланишига қандай таъсир қилиши ҳалигача етарлича ўрганилмаган.

Сўнгги йилларда ҳаётий қийинчиликларнинг ривожланишга таъсири ҳақидаги қарашлар ўзгармоқда”, — деб таъкидлади тадқиқот муаллифи, Радбауд университети Хулқ-атвор фанлари институти доценти Сандра Тайссен. “Илгари қийинчиликларнинг оқибатлари фақат зарар сифатида қабул қилинган бўлса, энди улар ноқулай шароитларга мослашиш усули сифатида кўриб чиқилмоқда”.

Улар қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Масалан, агрессив хатти-ҳаракат хавфли вазиятда фойдали бўлиши мумкин, аммо кундалик ҳаётда бу эрта ёшдаги стресснинг салбий оқибати сифатида қабул қилинади.

Илгари жиддий стресс ҳолатларини бошдан кечирган болаларда мия ривожланиши тезлашиши мумкин деган тахмин мавжуд эди. Аммо Роттердамдаги кенг кўламли Generation R тадқиқоти доирасида ўтказилган янги изланиш бу фикрни шубҳа остига қўйди.

Тадқиқотда 8, 10 ва 14 ёшларида магнит-резонанс томографиянинг уч босқичидан ўтган 4200 нафар бола қатнашди. Олимлар эрта стрессорларнинг мия тузилмалари ривожланишига таъсирини ўрганди. Улар айниқса ҳиссиётлар ва қарор қабул қилиш учун масъул бўлган асосий соҳалар — амигдала ва медиал префронтал кортексга эътибор қаратди.

Натижалар шуни кўрсатдики, қаттиққўллик билан тарбияланган ёки хавфли ҳудудларда истиқомат қилган болаларнинг бодомсимон таналари ривожланишнинг барча босқичларида кичикроқ ҳажмда бўлган.

Бу эрта ва барқарор оқибатларга ишора қилса-да, тезлаштирилган ривожланиш ҳақидаги фаразни тасдиқламайди. Шу билан бирга, медиал префронтал пўстлоқ соҳаси стресс турига қараб турлича жавоб бериши кузатилди. Масалан, хавфли ҳудудларда яшовчи болаларда бу соҳанинг етилиши секинлашган. Аксинча, юқори даражадаги оилавий низолар мия пўстлоғининг тезроқ юпқалашишига олиб келган, нерв ҳужайраларининг миелинизацияси бузилиши туфайли улар орасидаги сигнал узатилиши секинлашган.

Миянинг медиал орбитофронтал пўстлоқ қисми эрта стресс таъсирида сезиларли ўзгаришлар кўрсатмади. Бу мазкур соҳа бундай омилларга камроқ таъсирчанлиги ёки унинг ривожланиши кейинроқ юз беришини англатиши мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, стресс табиатига қараб ҳар хил таъсир кўрсатган: қаттиқ тарбия каби тўғридан-тўғри таъсир этувчи омиллар бодомсимон тана ҳажмига сезиларли даражада таъсир қилган бўлса, яшаш ҳудудининг хавфсизлиги каби билвосита омиллар кўпроқ миелинизатсия жараёнларига таъсир кўрсатди. Бу фарқлар стресснинг турлари мияга қандай таъсир этишини яққол кўрсатиб беради.

Муаллифларнинг хулосаси эрта стресснинг асаб тизими жараёнларига таъсирини тушуниш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади, бироқ бу масала янада чуқурроқ тадқиқотларни талаб этади. Масалан, миянинг ривожланишидаги ўзгаришлар ҳиссий бошқарув ёки хулқ-атвор билан қандай боғлангани ҳалигача ноаниқ. Бундан ташқари, ижтимоий-иқтисодий ҳолат ёки яшаш шароитлари каби омилларнинг таъсири ҳам қўшимча таҳлилга муҳтож.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тадқиқот: Болаликдаги қийинчиликлар миянинг ривожланишини секинлаштиради