Тошкент шаҳридаги автобусларда 2025 йил 1 январдан йўлкирани нақд пулда қабул қилиш тўхтатилди. Ҳозирда йўл ҳақи транспорт, банк карталари ва бир марталик QR-чипталар орқали амалга оширилмоқда. Хўш, янги тизимга мослашув жараёни қандай кетмоқда? Kun.uz пойтахт кўчаларида айни мавзуда сўровнома ўтказди.
Сўровномада қатнашган йўловчиларнинг кўпчилиги йўлкирани банк пластик карталари орқали тўлаётганини маълум қилди. Нақд пулсиз тўлов тизимига мослашиш билан боғлиқ тушунмовчиликлар эса асосан мактаб ўқувчилари ва кекса ёшлилар орасида кузатиляпти. Улар бунга сабаб сифатида мобил иловадан фойдаланишни билишмаслигини, пластик карталарининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, барча бекатларда инфокиосклар йўқлиги келтирди.
“Шаҳар ичида жойлашган автобекатларнинг барчасини инфокиосклар билан тўлиқ таъминлаш жараёни қайси вақтда якунланиши борасида аниқ муддат белгиланмаган, жараён доимий равишда давом этади. Айни пайтда инфокиосклар бекатлар атрофига 300 метргача бўлган радиусда жойлаштириляпти. Масалан, бир бекатга келганда унинг ёнидан инфокиоск топа олмасангиз, қурилма бекатнинг ўнг ёки чап томонига 50-100 метрдан 300 метргача бўлган масофа орасида ўрнатилган бўлади.
Ҳозирда Тошкент шаҳрида 2600 та автобекат мавжуд бўлса, уларнинг атрофида 5 000 дан ортиқ инфокиосклар фаолият юритмоқда. Тизим янги бўлгани учун ҳали ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, қаерда эҳтиёж кўпроқ бўлса, ўша нуқтадаги бекатларга 2-3 тадан ҳам инфокиоскларни ўрнатиш кўзда тутилган”, – дейди Транспорт назорати инспекцияси матбуот котиби Фирдавс Хайриддинов.
Нақд пулсиз тўлов транспорт қатновидан тушадиган маблағларнинг тўлиқ ва шаффоф тарзда жамғарилиши, автобусларнинг бекатларда узоқ пайт ушланиб қолмай А нуқтадан Б нуқтага ўз вақтида етиб бориши учун самарали усул. Аммо тизимни реализация қилишда эътибор қаратилиши зарур бўлган муҳим жиҳатлар бор. Булардан бири барча бекатларда ҳам инфокиосклар мавжуд эмаслиги бўлса, иккинчиси мазкур қурилмалардан чек олишда кузатиладиган ноқулайликлардир. Масалан, Paynet инфокиоскларидан автобусга чипта харид қилиш учун 1 та 2000 сўмлик ва 1 дона 1000 сўмлик ёки 3 дона 1000 сўмлик қоғоз пулни киритишингиз керак. Марказий банк 2022 йилдан 1000 сўмлик қоғоз ва банкнота шаклида чиқарилмаслиги ва танга кўринишида муомалага киритилишини эълон қилганидан буён аҳоли вакиллари орасида 1000 сўмлик купюра анқонинг уруғидек камайган. Банкомат эса тангани қабул қилмайди.
Бундан ташқари, каттароқ суммада банкоматга киритилган маблағ фойдаланувчига нақд пул шаклида қайтарилмасдан, телефон рақами ҳисобига ташлаб берилади. Бу эса, ўз ўрнида, QR-чипта сотиб олаётган йўловчилар учун ноқулайликларни келтириб чиқаради. Шунингдек, инфокиосклардан харид қилинган чипталар бир марталик бўлиб, қисқа муддат ичида чек “яроқсиз”га айланади.
Йўловчилар айни вақтда QR-чипта харид қилишда қурилмаларда қоғозларнинг тугаб қолиши билан боғлиқ масалаларга ҳам дуч келмоқда.
“Инфокиоскдаги қоғоз тугаб қолиши масаласини масофадан туриб бартараф этишнинг имкони йўқ. Йўловчилар бундай вазиятга учраганда инфокиосклар ёнидаги телефон рақамларига мурожаат қилишларини тавсия этамиз. Бир марталик чипта олиш учун эҳтиёж ортганини инобатга олиб, инфокиоскларни қоғоз билан таъминлаш бўйича масъулларга алоҳида кўрсатмалар берилган. Айтайлик, қурилмаларга аввал кунора чек қоғози жойлаштирилган бўлса, эндиликда ҳар 3 ёки 5 соат ичида қоғоз ўрами алмаштирилиб, инфокиоскларнинг муаммосиз ишлашини таъминлашга ҳаракат қилиняпти. Қурилмаларда QR-чипта учун қоғоз қолмай қолган ҳолатларда чекни расмга олиб, автобусда сканерлаш орқали тўловни амалга оширса бўлади”, – дейди Фирдавс Хайриддинов.
Автобус ҳайдовчиларининг таъкидлашича, бир марталик чиптасиз чиққан йўловчилардан нақд пул умуман қабул қилинмаяпти. Пластик ва транспорт картаси, мобил илова ҳамда QR-чиптасиз йўловчилар огоҳлантириш берилган ҳолда манзилга етказилмоқда:
“1 январ ҳолатига нисбатан одамларнинг кўпчилиги янги тизимга анча мослашиб қолди. Бир кунда ўртача 20-30 тача йўловчи автобусларга чиптасиз чиқмоқда. Уларнинг орасида картасида маблағ қолмай, тўловни амалга ошира олмаётганлари ҳам учрайди. Бу каби йўловчилар кейинги сафар йўлкирани қўшиб тўлаш илтимоси билан манзилига етказилмоқда, ҳеч кимдан нақд пул шаклида йўл ҳақи қабул қилинмаяпти”, – дейди хайдовчилардан бири.
Бошқа бир автобус ҳайдовчисининг айтишича, олд тарафдан ташқари салоннинг ўрта ва орқа қисмида пластик карталар орқали йўл ҳақи тўланаётган ёки тўланмаётганини кузатиб боришнинг иложи йўқ. Сабаби мобил илова ёрдамида пул ўтказилганда QR-чипта экранда пайдо бўлади. Бир марталик чипта орқали тўлов амалга оширилганда тўлаганликни тасдиқлаб турувчи қоғоз йўловчининг қўлида туради. Лекин пластик карталар орқали тўловни амалга оширганда йўловчига ҳеч қандай чек тақдим этилмайди.
“Пластик карта, мобил илова ҳамда QR-чипта сканердан ўтказилганда қурилмалардан бир марта “титиллаган” овоз чиқади. Тўлов амалга оширилмаса, қурилма 2 марта “титиллайди”. Ёнимиздаги қурилмалар орқали тўлов жараёнини овоз ёрдамида назорат қилиб борамиз, бироқ орқа ва ўрта салондаги ҳолатни кузатишнинг иложи йўқ”, – дейди автобус ҳайдовчиси.
Транспорт бошқармаси вакили ҳолатга муносабат билдириб, “Тошшаҳартрансхизмат” автобусларининг барчаси камералар билан жиҳозлангани, назорат инспекцияси ходимлари тўловлар амалга оширилишини мониторинг қилиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, аҳоли орасида тўлов қобилияти ва тўлов маданияти жуда яхши шаклланган, йўл ҳақини тўламасдан кетиш ҳолатлари жуда кам фоизларда учрайди.
“Ҳозирда автобусларда нақд пул қабул қилинмаётгани ҳисобига йўл ҳақини нақд пулда тўламоқчи бўлган йўловчилар манзилга етганда шунчаки тушириб юбориляпти. Бу жараён қанча давом этади, аниқ айта олмайман. Аҳоли электрон тўловнинг қулайлигини англаб етгандан кейин нақд пул билан автобусга кириш ҳолати аста-секин йўқ бўлади”, – дейди Транспорт назорати инспекцияси матбуот котиби Фирдавс Хайриддинов.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 144-моддасида йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши — БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган. Унга кўра автобусда чиптасиз ҳаракатланган шахслар 37,5 минг миқдорида жаримага солиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда инфокиосклар орқали харид қилинадиган чипта нархи 3 минг сўмни ташкил этади. Тўлов электрон шаклда амалга оширилганда йўлкира нархи 1 700 сўмга тушади. Бир соат ичида бир нечта автобуслардан фойдаланиш эса арзонлашади, масалан, 1-мартасига 1 700 сўм, 2-мартасига 700 сўм, 3-мартасига эса бепул бўлади.
Диёрахон Набижонова
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ҳеч қачон жаҳли чиқмаган одам
Тошкент вилоятида Mazda автомашинаси ёниб кетди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги воқеа тафсилотлари
Халқ артисти Женисбек Пиязовга қисқа вақтда белгиланган 4 та жарима ҳақида (видео)
Олтин ковлашга чиққан самарқандлик икки фуқаро вафот этди
Саволларни кўпайтирган суд: “Дўстов иши”да ҳуқуқий баҳо берилмаган ҳолатлар...
Фарғоналик 2 ёшли қизалоқнинг қорнидан 135 та магнит шарча чиқариб олинди
Чуст туманидаги корхона раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди