Вилоят бошқармасига вазирликдан сим қоқишди. Жойида амалий ёрдам кўрсатиш учун мутахассис юборишаётган экан. Йиғилиш бирор хўжалик даласида ўтказилиши алоҳида таъкидланиб, унда тегишли раҳбарларнинг тўлиқ иштирокини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Бошқарма бошлиғи мазкур топшириқ билан танишар экан, ўринбосарини ҳузурига чорлаб, шу ҳақда айтди.
Ўринбосар ийманиб бўлса-да, эътироз билдирди:
– Ўзи куни кеча раҳбарларни чақирган эдик. Ҳар куни йиғилиш ўтказавериш қандай бўларкан?
– Вазирликка одамингизни юборманг, деб айтайми? – Бошлиқнинг кесатишдан кўра куйиниб айтган гапидан мазкур ташриф унга ҳам хуш ёқмагани сезилиб турарди. – Мутахассис соат ўн бирларда келаркан. Гулистон хўжалигининг шийпонини тайёрланг. Шундоқ йўлнинг устида.
Ўринбосар йиғилишга таклиф этилганлар рўйхатини тузиб, уни бўлим бошлиғига топширди.
– Йиғилиш вақтини соат ўнга белгилайлик, – деди бўлим бошлиғи эҳтиёткорлик юзасидан, – Айрим раҳбарларнинг йиғилишга кечикиб келиш одати бор, биласиз-ку!
– Ҳа... маъқул.
Шундай қилиб туманларга юборилган хабарномада йиғилиш вақти соат ўн қилиб белгиланди.
Туман раҳбарларига баъзи хўжалик раҳбарларининг йиғилишларга кечикиб келиши маълум бўлгани боис уларнинг хўжаликларга юборган хабарномасида йиғилиш ўтказиш вақти соат тўққизга деб ўзгартирилди.
Аксарият раҳбарларнинг йиғилишга айтилган вақтдан бир оз олдинроқ бориш одати бор. Шундай қилиб соат саккиз яримдан Гулистон хўжалиги шийпонига тўплана бошлашди. Соат ўнга бормай деярли барча раҳбарлар мажлисга келиб бўлишганди.
Орадан ярим соатлар ўтиб, ўтирганлар орасида бетоқатлик аломатлари сезила бошлади. Ҳатто, бир-икки киши ўрнидан туриб, шийпон биносининг орқасига ўтиб кетди. Баъзилар эса сал узоқроқ бўлса-да, шийпон ёнидан ўтиб кетган асфальт йўл ёқасидаги экилган тутларга қараб йўл олди.
Йиғилганлар орасида Гулистон хўжалиги раҳбари хижолатдан ўзини янада ноқулай сезаётганди. Шийпон ёнидаги ҳожатхона гуваладан барпо этилгани боис у ўтган гал бошқарма бошлиғидан танбеҳ эшитган, замонавийроқ қилиб қуришга топшириқ берганди. Усталар эса, мана, марҳамат – ишни эскини бузишдан бошлаб, ҳожатхонани таг-туги билан олиб ташлашганди.
Соат ўн бирдан ўтиб ҳам катта раҳбарлардан дарак йўқ эди. Ҳаво иссиқ, чанқоқ туфайли оғизлар қуриб қолган. Ҳамманинг кўзи минбардаги стол устида турган икки шиша маъданли сувда! Лекин унга қўл тегизишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.
Соат ўн иккига яқин ўринбосарнинг қўл телефонига сим қоққан бошқарма бошлиғи меҳмонлар бир оз ушланиб қолишгани, йиғилиш иккида ўтказилишини маълум қилди.
Ўринбосарнинг боши қотди. Агар ҳозир ўтирганларга тушлик учун жавоб бериб юборса, уларни қайта йиғиш муаммо бўлади. Яхшиси, безовта қилмаган маъқул.
Вазирликдан юборилган вакил соат иккига яқин бошқарма бошлиғи билан кириб келди.
Кутишдан толиққан икки юзта раҳбар, ниҳоят йиғилиш бошланиши, бошланган йиғилишнинг эса тугаши аниқ эканини ўйлаб, жонланиб қолишди.
Бошқарма бошлиғи шундай қизғин паллада раҳбарларни йиғишдан мақсад маҳаллий ўғитнинг экинларга таъсири ҳақида ҳурматли мутахассиснинг қимматли маслаҳатларини олиш эканлигини айтиб, меҳмонга сўз берди.
Иссиқ ёки тушликнинг таъсириданми, юзлари қизариб кетган меҳмон ўрнидан туриб беихтиёр бурнини жийирди.
Жазирама иссиқ шийпон атрофига янги тушган маҳаллий ўғитнинг ҳидини атрофга таратар, вазирликдан келган мутахассиснинг юзидаги ўзгариш шунинг таъсиридан эканлигини ҳамма сезиб турарди. У маърузани бошлаши билан кўзлар аста-секин юмила бошлади.
Хуршид Нуруллаев
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Мушуклар бизнинг “мёв” қилишимизга қандай муносабат билдиради?
Салим Абдувалиев бугун озодликка чиқди
Тошкентда Cobalt автомашинаси ёниб кетди
Ҳайдовчиларга тавсия: нима учун машинани курткада бошқариш хавфли?
Ҳеч қачон жаҳли чиқмаган одам
Тошкент вилоятида Mazda автомашинаси ёниб кетди
Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги воқеа тафсилотлари
Тошкент автобусларида энди нақд пул олинмайди. Шу билан муаммолар тугадими?