Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистон ва Малайзия ақлли қишлоқ хўжалиги технологиялари ва дронлар ишлаб чиқаришда амалий ҳамкорлик қилишга келишди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида бир нечта йўналишда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими масъуллари, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда туман раҳбарлари ва кластерлардан иборат делегация Малайзияда хизмат сафари билан борди.
Ташриф давомида ақлли қишлоқ хўжалиги технологиялари ва дронлар ишлаб чиқариш, шоличилик, балиқчилик, каучук етиштириш, мева-сабзавот ва ипак маҳсулотларини экспорт қилиш каби йўналишларда амалий ҳамкорлик ишларини бошлашга келишиб олинди.
Хусусан, Меrаque компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.
Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлигининг Балиқчилик департаменти ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда Малайзиянинг янги технологиялари асосида интенсив балиқчилик, биофлок ва криветка етиштириш лойиҳалари йўлга қўйилади. Малайзия Қишлоқ хўжалиги маркетинг агентлиги билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот ва ипак маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Малайзия компаниялари Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқаришга қизиқиш билдираётгани ҳақида 2023 йилнинг апрелида маълум қилинганди. 2024 сентябрида Малайзиянинг етакчи робототехника етказиб берувчиси Меrаque Group компанияси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланганди.
Ушбу компания келгуси уч йил ичида Ўзбекистонда мингта иш ўрни яратадиган ва 100 минг гектар қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун 20 миллион Малайзия ринггити сармоя киритмоқчи. Компания, шунингдек, минтақадаги технологик такомиллаштириш учун қўшимча 30 миллион ринггит йиғмоқчи.
2018 йилда ташкил топган Меrаque компанияси кенг турдаги дронлар ва улар учун дастурий таъминот ишлаб чиқариш, робототехникага ихтисослашган. Компания Вьетнам, Камбоджа, Филиппин, Лаос ва Покистонда фаолият юритади.
Шавкат Мирзиёевнинг учувчисиз парвоз қилувчи замонавий қурилмалар — дронлар қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эгалигини айтганди.
“Агар соҳанинг эртанги кунини ўйласак, бундай замонавий тизимга тезроқ ўтишимиз керак. Дронлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, бу борада қўшма корхона тузиш ва кадрлар тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим”, деган эди давлат раҳбари.
Ўзбекистонда 2021 йилнинг ноябридан бошлаб қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар учун мўлжалланган, максимал учиш оғирлиги 100 килограммгача (бошқа мақсадларда 25 килограммдан ортиқ бўлмаган) учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишга рухсат этилган. Уларни олиб кириш ва фойдаланиш учун рухсат олишнинг анча мураккаб тартиби туфайли қишлоқ хўжалигида агродронлардан фойдаланиш кенг тарқалмаган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар