15:23 / 20.02.2025
132

2025 йилда шифокор қабулига навбат тўлиқ электрон шаклга ўтказилади

2025 йилда шифокор қабулига навбат тўлиқ электрон шаклга ўтказилади
Жорий йилги давлат дастурида поликлиникаларда навбат тўлиқ электронга ўтказилиши белгиланган. Вазирлик бунга қанчалик улгура олади? Бу ҳақда Шайхонтоҳур тумани 41-оилавий шифохонаси бош шифокори Дилдора Мирхолиқова гапириб берди.

2025 йилга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ тиббиётнинг бирламчи бўғинини босқичма-босқич трансформация қилиш кўзда тутилган. Бунга Соғлиқни сақлаш вазирлиги улгурадими, республикада тизимни тўлиқ ишга тушириш қандай кетяпти? Kun.uz шу саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани 41-оилавий шифохонаси бош шифокори Дилдора Мирхолиқова билан суҳбатлашди.

Шифокорга кўра, Тошкент шаҳрида поликлиникаларни электрон тизимга ўтказиш 2024 йилдан бошланган. Бу босқичга ўтишдан олдин ҳар бир оилавий поликлиникада электрон тизимга тайёргарлик кўрилган. Бунда дастлаб аҳолининг тиббий электрон рўйхати ишлаб чиқилган.

“Оилавий поликлиникалардаги ҳар бир шифокор, ҳамширалар компютерлар билан таъминланди. Шифокор олди кўрик хоналари ташкил этилди. Аҳоли электрон навбат олиши учун шароитлар яратилди”, – дейди Мирхолиқова.

Электрон навбатни 5 хил усулда олиш мумкин. Биринчиси поликлиникаларда ўрнатилган инфокиосклар орқали. Бунда бемор ўз ЖШШИРини киритиш орқали навбат олади.

Иккинчи усули поликлиникаларда аҳолини юзидан танийдиган Face ID камералари орқали ҳам навбат олиш мумкин.

Учинчиси поликлиникадаги мобил қизлар. Ҳар бир оилавий поликлиникада 3-4 нафардан мобил қиз хизмат кўрсатади. Улар илк марта келаётган беморни рўйхатга олади ва шу орқали ҳам навбат талонлари олса бўлади.

Тўртинчиси уйда туриб, mygov.uz орқали ҳам навбат олиш мумкин.

Бешинчи эса Dmed дастури. Шу дастур иловасини юклаб олиб, унга аҳоли ўзининг ЖШШИРини киритиши ва бу орқали ўзи рўйхатга олинган поликлиника шифокори навбатига ёзилиши мумкин.

“Бунда ҳар бир оилавий поликлиникада бизнинг IT ҳамшираларимиз бор. Улар уйда туриб навбатга ёзилишни аҳолига ўргатишади. Аҳоли ўзининг рақами, соати билан келса, шифокори қабулига кира олади. Олдин шифокор эшиги тагида навбат кутиб, қолиб кетиш ҳолатлари бўларди. Ҳозир бунақа муаммолар йўқ бўлди”, – деди бош шифокор.

Мирхолиқова тизимдаги, яна бир қулайлик, яъни шифокорга келган бемор таҳлил натижалари учун сарсон бўлиши олди ҳам олинганини қўшимча қилди.

“Ҳозир беморнинг таҳлил ва текширув жавоблари шифокор компютерида кўринади. Шифокор ҳам унинг ҳар бир ташхиси орқасидан қидириб юрадиган, бемор кетиб қоладиган ҳолатлар бўларди. Шу йўқолди. Натижада шифокор ташхисини тезроқ қўяди ва соғломлаштириш ҳам шунга мос бўлади”, – деди у.

Kun.uz мухбири шифокорга электронлаштириш тизими бутун республикада тўлиқ ишга тушиши 2025 йилда тугайдими деган савол билан мурожаат қилди. Мирхолиқова бу тизим Тошкентдаги ҳар бир оилавий поликлиникаларда йўлга қўйилгани, ҳозир босқичма-босқич вилоятларда ҳам давом этаётганини айтди.

“Ҳозир Самарқанд вилоятига ўтяпмиз, 2025 йилда қолган вилоятларда ҳам жорий қилиб тугатилади. Тошкент даражасида бўлмаса ҳам тизим бошланган. Бу бўйича вилоятлар ССБ бошлиқлари малака оширишга келиб, Тошкент оилавий поликлиникаларини ўрганишяпти”, – деди у.

Маълумот учун, давлат дастурида оилавий поликлиникалар, оилавий шифокорлик пунктлари ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг самарали тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Кўп тармоқли марказий поликлиникалар фаолияти марказий шифохоналарнинг маслаҳат диагностика поликлиникаси сифатида йўлга қўйилади. Марказлашган лабораториялар ташкил этиш, шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, шунингдек, давлат томонидан санитария-гигиена нормаларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилган ҳолда стоматология хизматини аутсорсинг асосида хусусий секторга бериш — бошқа чоралар қаторида.

Зуҳра Абдуҳалимова

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият