
Интернетда ҳар куни дуч келадиган янгиликлар оқими фойдаланувчидан эҳтиёткорлик ва танловни талаб қилади. Яқинда Nature Human Behaviour журналида чоп этилган тадқиқотда айнан шундай нуқтага алоҳида урғу берилди. Мутахассислар ижтимоий тармоқларда қайси саҳифаларга обуна бўлиш инсоннинг ҳақиқий ва ёлғон хабарларни ажрата олиш қобилиятига қандай таъсир қилишини ўрганишди, деб хабар берди hi-tech.mail.ru.
Тадқиқот Франция ва Германияда ўтказилди ва унда қарийб 3400 нафар киши иштирок этди. Иштирокчилар тасодифий равишда икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳга ишончли, расман тан олинган ахборот манбаларини кузатиш топширилди. Улар қаторига France Info, Frankfurter Allgemeine Zeitung каби журналистикада ўзини намоён қилган нашрлар киради.
Иккинчи гуруҳ эса, аксинча, кўнгилочар, вақт ўлдирувчи саҳифалар – ошхона сирлари, кино янгиликлари ва шунга ўхшаш контентлар билан чекланди. Икки ҳафта давом этган тажриба бошида ва охирида иштирокчиларга долзарб воқеалар ҳақида саволлар берилди ҳамда бир неча хабарларнинг ҳақиқий ёки сохта эканини аниқлаш сўралди.
Натижалар кутилганидек бўлди. Яхши ахборот манбаларига обуна бўлганлар воқеаларни тўғри тушуниб, янгиликларга реал баҳо беришга ўрганишди. Энг муҳими – улар сохта, шов-шувли, аммо мазмундан холи хабарларга кам ишонишди.
Шу билан бирга, улар оммавий ахборот воситаларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлади. Ажабланарлиси шундаки, иштирокчиларнинг катта қисми тажриба тугаганидан сўнг ҳам янгиликларни кузатишни давом эттириш ниятида эканини билдиришди. Лекин бу тажриба уларнинг сиёсий қарашларига ёки сиёсий фаоллигига таъсир кўрсатмади.
Олимлар бу хулосани бир неча жиҳатда қўллаб-қувватлашади. Биринчидан, инсон ахборот оқимини қандай бошқаришини ўзи белгилайди. Иккинчидан, ҳар куни Instagram, WhatsApp ва бошқа тармоқларда ўртача 2 соат 21 дақиқа вақтини ўтказадиган фойдаланувчи учун бу вақт жуда катта аҳамият касб этади. Ушбу вақт инсоннинг кундалик ҳаётидаги энг фаол зеҳний фаолиятларидан бирига айланиши мумкин.
Мана шундай илмий асосланган тадқиқотлар жамият учун муҳим сабоқ ҳисобланади. Интернет фойдаланувчиси кимга ишонишни, нимага эътибор қаратишни ўзи белгилаши керак. Ахборотни тўғри қабул қилиш, фейкдан қочиш – бу замонавий ҳаётда ҳар бир инсон учун зарур бўлган кўникмадир.
Хулоса: ижтимоий тармоқлар ахборот манбаи сифатида хавфли эмас, агар ундан онгли равишда, тўғри усулда фойдаланилса. Ҳаёт сифати кўпинча нима ўқиётганингиз ва қайси манбага ишонётганингизга боғлиқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар