
Янги йил байрамларига тайёргарлик муносабати билан Самарқанд шаҳрида бир қатор марказий кўчаларда транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу чекловлар 20 декабрдан бошлаб 10 январга қадар амал қилади.
Маълумотларга кўра, байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш мақсадида айрим йўналишлар автомобиллар ҳаракати учун ёпилади. Жумладан, Амир Темур майдонидан Ҳамид Олимжон номидаги театр томон олиб борувчи йўл, шунингдек, Кўксарой майдони атрофидаги кўчаларда ҳаракат чекланади.
Бундан ташқари, Беруний кўчасининг маълум қисми ҳамда темир йўл вокзалига олиб борувчи йўллар ҳам вақтинча ёпиқ бўлади. Шу билан бирга, Умид кўчаси, “Ёшлар” боғи ва “Янги Ўзбекистон” боғи томон йўналган автойўлларда ҳам транспорт воситаларининг ҳаракатига рухсат берилмайди.
Масъул идоралар шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан ушбу даврда олдиндан ҳаракат йўналишларини режалаштиришни, муқобил йўллардан фойдаланишни ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.
Қайд этилишича, мазкур чекловлар байрам кунларида шаҳарда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳолининг Янги йилни кўтаринки кайфиятда кутиб олиши учун хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.