date

Москвадаги сукут: Башар Асад энди Путинга керак эмасми?

Москвадаги сукут: Башар Асад энди Путинга керак эмасми?

Суриянинг собиқ президенти Башар Асад сўнгги бир йил давомида Москвада яшаб келаётгани ва бу ерда яна тиббиёт соҳасига қайтгани маълум бўлди. The Guardian нашри Россия ҳамда Суриядаги манбаларига таяниб ёзишича, Асад ҳозирда офталмология бўйича машғулотларда қатнашмоқда ва бу ишни молиявий эҳтиёж туфайли эмас, балки шахсий қизиқиши сабаб давом эттирмоқда.

Асадлар оиласига яқин бўлган шахснинг таъкидлашича, урушдан олдин ҳам Башар Асад Дамашқда мунтазам равишда кўз касалликлари соҳасида ишлаган. «Бу унинг ҳақиқий ихлоси. У тиббиётни ҳеч қачон бутунлай тарк этмаган», — дейди суҳбатдош. Шу билан бирга, собиқ президент рус тилини ҳам жиддий ўрганаётгани қайд этилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Асадлар оиласи моддий жиҳатдан таъминланган ҳолда яшамоқда, бироқ Башар Асаднинг ўзи деярли тўлиқ иҳоталанган. Унга на Сурия, на Россия элитаси вакиллари билан эркин мулоқот қилишга рухсат берилган. «У ташқи дунё билан алоқани деярли узган, фақат саноқли шахслар билан гаплашади», — дейди оилага яқин манба. Бу доирада президент ишлари бўйича собиқ вазир Мансур Аззам ва собиқ иқтисодий маслаҳатчи Яссар Иброҳим тилга олинади.

Кремлга яқин манбалардан бири The Guardian’га маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин Асадни энди сиёсий аҳамиятга эга шахс сифатида кўрмайди. Москвада уни на таъсирли арбоб, на нуфузли меҳмон сифатида қабул қилишади. Ҳатто «расмий кечки овқатга таклиф этиладиган шахс» сифатида ҳам у қизиқиш уйғотмайди.

Охирги ойларда Асадлар оиласи жамоатчилик олдида жуда кам кўринди. Ягона эътиборли ҳолат — шу йил ёзида 22 ёшли қизи Зейннинг Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаши бўлди. Битирув маросимида Асма Асад ва икки ўғли — Ҳафиз ҳамда Карим иштирок этган, бироқ оила эътибор марказида бўлишдан қочиб, қисқа вақтда тадбирни тарк этган.

Асаднинг фарзандлари тез-тез Бирлашган Араб Амирликларига бориб туришади. Аввалига оила БААга доимий кўчиб ўтишни режалаштирган, аммо бу фикрдан воз кечишга тўғри келган. Нашр таъкидлашича, ҳатто БАА учун ҳам Суриянинг собиқ раҳбарини қабул қилиш сиёсий жиҳатдан ноқулай бўлар эди.

Маълум қилинишича, Асад Россияга келганидан кейинги дастлабки ойларда асосий эътиборини лейкемия ташхиси қўйилган рафиқаси Асманинг соғлиғига қаратган. У Москвада экспериментал терапиядан ўтганидан сўнг ўзини яхшироқ ҳис қила бошлаган.

The Guardian ёзишича, эндиликда Башар Асад ОАВ орқали Суриядаги воқеалар бўйича ўз нуқтаи назарини баён этиш ниятида. У Россиянинг RT канали ва айрим америкалик подкастчилар билан суҳбат ўтказишга келишган, бироқ бу интервьюлар Россия ҳукуматининг рухсатига боғлиқ ҳолда кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Москвадаги сукут: Башар Асад энди Путинга керак эмасми?