date

Наманганда икки мансабдор пора олаётганида қўлга олинди

Наманганда икки мансабдор пора олаётганида қўлга олинди

Наманган вилоятида коррупцияга қарши кураш доирасида навбатдаги қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида икки нафар мансабдор шахс пора билан ушланди.

Маълум қилинишича, вилоят туманларидан бирида фаолият юритган Кадастр бўлими бошлиғи маҳаллий фуқарога тегишли озиқ-овқат дўконининг ташқи қисмига қурилган бостирма (навес) учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У мазкур ишни ҳал этиш эвазига 5 миллион сўм талаб қилиб, келишилган сумманинг 3 миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди асосида жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиалининг Наманган бўлинмасига қарашли Косонсой тумани юрисконсульти ҳам ноқонуний ҳаракатлари билан фош этилди. У маҳаллий фуқародан 2 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағини олаётган пайтда ушланган.

Тергов маълумотларига кўра, рейд тадбирлари давомида фуқаронинг яшаш хонадонида электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати аниқланиб, бу асосда 28,6 миллион сўм жарима белгиланган. Юрисконсульт мазкур жаримани электрон тизимга киритмасдан “йўққа чиқариб бериш”ни ваъда қилиб, пул талаб қилган.

Айни ҳолат юзасидан унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур ҳолатлар давлат органларида шаффофликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Наманганда икки мансабдор пора олаётганида қўлга олинди