
Ўзбекистон аҳолиси энди дорихонага шошилмасдан, зарур дори воситасининг рецепт билан ёки рецептсиз сотилиши ҳақида маълумотни бир неча сония ичида аниқлаб олиши мумкин. Бу имконият My.gov.uz портали томонидан ишга туширилган янги ва қулай сервис орқали тақдим этилди.
Сўнгги ойларда дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш қоидалари қатъийлаштирилгани, айрим препаратларни рецептсиз беришга йўл қўйган дорихоналар лицензиядан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган эди. Шу боис, аҳоли ва фармацевтлар ўртасида тушунмовчиликлар кўп учраб келаётганди.
Эндиликда My.gov.uz порталида ишга туширилган “Рецепт асосида ва рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақида маълумот” бўлими бу муаммога чек қўйиши кутилмоқда. Фойдаланиш тартиби эса жуда содда: керакли дори номини излаш ойнасига киритиш кифоя — тизим унинг сотилиш қоидаси бўйича аниқ ва бепул маълумотни тақдим этади.
Маълумки, ҳозирда пойтахт ва яна 15 та ҳудудда “Электрон рецепт” тизими босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган махсус рўйхат асосида айрим препаратларнинг айланиши катта назоратга ўтказилган. Янги онлайн хизмат эса нафақат аҳолига қулайлик яратади, балки дори савдосида шаффофликни ошириб, ортиқча эътироз ва тортишувларни ҳам камайтириши прогноз қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.