13:43 / 02.04.2017
21 007

Шариатда никоҳнинг ўрни

Шариатда никоҳнинг ўрни
Никоҳни одамлар орасидаги энг муқаддас робита қилган Аллоҳ таолонинг Ўз зотига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Никоҳ – менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин!

Никоҳ масаласи ҳар бир киши, оила, жамият ва давлат, бутун инсоният учун муҳим эканини хамма билади. Чунки бу амалий ҳаётда ўта муҳим бўлиб, ҳалол ва ҳаромга, оила ташкил қилишга, келажак авлод - фарзандларимизнинг дунёга келишига ва унинг тарбиясига боғлиқ масаладир. Шунингдек, у эр-хотинларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларга амал қилиш, оилани ташкил этиш, бошқариш, қолаверса, саодатли қилиш билан боғлиқ масаладир. Агар оилалар жипс, бақувват, бахтли бўлсагина жамият хам жипс, бақувват, бахтли бўлиши ўз-ўзидан аёндир. Мусулмонлар бошқа ишлар каби оила масаласида ҳам кўнглига келган нарсани, турли бидъат - хурофотларни ёки қандайдир одамлар томонидан ишлаб чиқилган қонун-қоидаларни ўзларига кўрсатма ёки қўлланма деб билмайдилар. Мусулмонлар бу нозик ишда ҳам ўз Холиқлари, бутун олам тарбиячиси - Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар. Чунки оила илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, дийну диёнат, фазилатли ахлоқ асосида қурилгандагина мустаҳкам ва бахтли бўла олади. “Аллох таоло махфий ва ошкор ишларимни кўриб турибди, қалбимни, тилимни ва аъзоларимни иффатли тутай”, - деган кишиларнинг оилаларигина саодатли оила бўла олади. Ана шундай оилаларгина мустаҳкам, хотиржам, қарорли, саботли, хар турли келишмовчилик ва бадбахтликлардан узоқда бўлади. Ана шундагина никоҳдан кўзланган олий мақсадга эришилади, олижаноб насллар етиштирилади, башарият муҳофаза килиниб, унинг софлиги сақланиб қолади.

Аллоҳ таоло оламдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда алоҳида ояти карималар нозил бўлган. Жумладан:
“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”. (Зорият сураси 49-оят)
Ҳақиқатан, ҳайвонот, наботот (ўсимлик) дунёсидан тортиб парранда-даррандаларнинг ҳаммаси эркак-аёл жинслардан иборат бўлиб, илоҳий қонун-қоидаларга биноан табиий равишда насл қолдириш ҳаракатида бўладилар. Булар ичида инсоният дунёда ўзи учун энг олий мақомни эгаллаганлиги билан яшаш, турмуш қуриш, зурриёт қолдириш ҳусусида ўзига хос йўлдан боради. Зеро, инсон ақлли мавжудот. У ақл-идрокидан ташқари ўзи эътиқод қилган дин аҳкомларига ҳам амал қилган ҳолда яшайди.
Оила никоҳ билан барпо қилинар экан, бир тафаккур қилиб кўрайлик, дунё миқёсини олиб таҳлил қилайлик. Никоҳ билан қурилган оилали мамлакатлар ва никоҳсиз қурилган оилали мамлакатлар ҳамда ўшаларда бўлаётган турли воқеалар, барчасини санаб чиқсак, никоҳнинг қанчалик муқаддаслигини, зинонинг нақадар ҳаром эканини чин кўнгилдан англаб оламиз. Аллоҳ таолога шукур, мусулмонлар никоҳсиз оила қуришдан йироқ, никоҳли оила қуришга талпиниш кучли. Чунки никоҳланиш севикли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат. Албатта, биз мусулмонлар суннат амалларни қилишга ҳамда қиёматда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларим деб юзланганларида, биз ҳам умматлар қаторида бўлишга умид боғлаганмиз. Барчаларимизни Аллоҳ таоло мақсадларимизга етказсин.

Буюк ва комил бўлган Ислом динида никоҳнинг аҳамияти ўзига хосдир. “Никоҳ” сўзининг шариатдаги маъносида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ва Имоми Шофиъй раҳматуллоҳи алайҳларнинг ўртасида ихтилоф бўлиб, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “никоҳ” сўзи шариатда ҳақиқий маъноси ватий, мажозий маъноси ақд (боғлаш) деб ижтиҳод қилдилар. Ва никоҳланиш амалини ақди шаръийга (яни ибодатлар жумласига) ҳукм қилдилар.

Имоми Шофиъй раҳматуллоҳи алайҳ бўлса, “никоҳ” сўзининг шариатдаги ҳақиқий маъноси ақд, мажозий маъноси бўлса, ватий деб ижтиҳод қилдилар. Ва никоҳланиш амалини ақди молийга (муомалотларга) ҳукм қилдилар. Энди ақди шаръий ва ақди молий деган тушунчаларга тўхталиб ўтамиз.

Ақди шаръий деб, динда уни қилишлик лозим бўлган бир иш юзасидан икки кишининг келишувига айтилади. Масалан: Ислом динида никоҳланишга буйруқ кўринишидаги оят мавжуд ва никоҳга тарғиб қиладиган жуда кўп ҳадислар мавжуддир. Шунинг учун икки кишининг оила қуриш мақсадида қилган келишувлари ақди шаръий (савоблик ибодат) бўлади.

Ақди молий деб, дини Исломда уни қилишликдан қайтарилмаган ва унга тарғиб ҳам қилинмаган бир иш юзасидан инсонларнинг келишувига айтилади. Масалан: сотиш, сотиб олиш муомалотлари динда комил тарздла баён қилинган, лекин уни қилишликка тарғиб қиладиган ҳадислар йўқ, шунинг учун олди-сотди ишлари ақди молий бўлади. Шариатда уни қилишлик мубоҳ ҳисобланади. Демак, никоҳ бир мазҳабда ибодатлардан, бошқа мазҳабларда муомалотлардан ҳисобланади. Шунинг учун Убайдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳу никоҳ бобини ўз китобларида ибодатлар ва муомалотларнинг ўртасида баён қилганлар.

Мўътадил ҳолатдаги киши учун оила қуриш икки ёшни никоҳлаб қўйиб, ота-она олдидаги вазифани адо қилиш бўлибгина қолмай, балки у Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлган бир ибодат ҳам ҳисобланади.

Ҳозирги кунларда баъзи холатларда ўзбошимчалик билан никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай ёшларга никоҳ ўқилиши натижасида ёш оилалар ажрашиб, ўртада гўдаклар етим, она эса бир умрга бебахт бўлиб қолмоқда.
Никоҳ, оила масаласида доимо мана шундай воқеалар содир бўлиб турганлиги сабабли, ўғил-қизларимизни ота-оналари ўз фарзандларини ёши жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига қаноат хосил қилиб, сўнгра расмий имом домлалар иштирокида никоҳлатиб олишлари шарт. Бу ўринда ҳукумат қонунида белгиланган балоғат ёшини эътиборга олиш ўринлидир. ФҲДЁ гувоҳномаси бўлишлигини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш лозим.
Шу билан бир қаторда бевосита никоҳ ва оилага алоқадор бўлган бир шаръий масала, талоқ масаласи ҳам борки, уни ҳам эътибордан четта қолдириб бўлмайди. Ёшларимиз шариатни ушбу нозик масаласига енгил қарамоқдалар, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига харом бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган ҳалолларидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
“Ҳалоллар нарсалар ичида Аллоҳ учун энг ёмони талоқдир”.
Имом – домлаларимиз шариатнинг ушбу ҳукмини ҳам никоҳ учун келган ёш келин-куёвларга тушунтириб қўйишлари лозим бўлади.
Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Ушбу бўлак соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб яшнайди.
Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Биздаги оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигуликдир. Бу ҳам бўлса, ўртамизда сақланиб қолган исломга мос одоб-ахлоқ, муомала самарасидир.
Ҳар бир оила қургувчи никоҳ олдидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган бир ибодатга машғул бўлаётганини тасаввур қилиб, ўша маросимдаги ҳар бир ишни Аллоҳ таоло ва унинг Расули рози бўладиган тарзда қилишлиги Ислом дийнининг улкан талабларидан биридир.

Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин!

Қувондиқ БОЙМУРОДОВ
«Чўлпон ота» жоме масжиди имом-хатиби

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шариатда никоҳнинг ўрни