Яқинда университетда таҳсил олаётган дугонам қўл телефонида базмдаги расмларини кўрсатиб қолди. Расмлар орасида чилим чекаётган талаба қизларни кўриб ҳангу манг бўлиб қолдим. У бўлса: «ҳа, энди йигитлар чекаётган чилимдан бир тортиб кўришди-да!», деди шундай «замонавий» курсдошлари борлигидан фахрланган оҳангда.
Унинг фикрига кўра, бу ҳам замон билан ҳамнафасликнинг бир белгиси эмиш. Замон билан ҳамнафас бўлиш, деганда мен шу вақтга қадар мутлақо бошқа нарсаларни тушунар эканман. Зарарли одатлар, иллатлар ўзбек қизи учун оддий ҳолга айлангани қанақа замонавийлик бўлади?
Аслида чилимнинг таркиби нималардан иборат? Уни истеъмол қилаётганлар салбий оқибатлари хусусида биладими?
Тадқиқотлар унинг зарарини исботлади
Чилим дастлаб Ҳиндистонда пайдо бўлиб тез суръатларда Ҳинди-Хитойдан Мараккогача бўлган ҳудуддаги давлатларда кенг тарқалган. Европада эса ХIХ асрда оммалашди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига кўра, уни мунтазам чекиш юрак оғриғи, ўпка ва ошқозоности бези саратонига сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам Буюк Британия кардиология фонди мамлакатда чилимхоналар оммалашаётганидан хавотир олмоқда. Англиялик шифокорлар ўтказган охирги сўров натижаларига кўра, инглиз ёшларининг 40 фоизигина чилим таркибида тамаки борлигини билади.
Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, Франция, Австрия, Италия, Германия каби Европа давлатлари, Украина, Туркия, Қувайт, БААда чилим чекиш қонун билан ман этилган. Бундай тақиқларга асос қилиб чилим чекиш оқибатида тарқалган хавфли юқумли касалликлар кўрсатилмоқда.
– Чилим бу тамаки моддасининг махсус идишга солинган варианти, – дейди олий тоифали шифокор, Ўзбекистон Миллий университети тиббий тайёрлов бўлими бошлиғи Раъно Рустамова. – Сигарет чекканда тутун нафас йўли орқали ўпкага тўғри борса, чилим тутуни организмга бутун аъзолар орқали аста-секин сингади. Лекин ўрганиб қолиш, шу нарсага муте бўлиш иккаласида ҳам бир хил. Чилимдаги мазали ҳар хил мевалар таъми ва хушбўй ҳид аслида кимёвий моддалар натижасидир. Бир литр чилим таркибида 1,79 мг СО (заҳарли ис гази) мавжуд. Уни доимий равишда исътемол қилган инсонда бронхиал астма, ўпка зотилжами, ўпка сили, сурункали йўтал пайдо бўлади ва сўлак орқали ошқозонга ўтиб овқат ҳазм қилиш тизимини ишдан чиқаради.
Ҳаттоки, айрим барларда чилим ичига кам миқдорда гиёҳванд модда қўшиб юбориш ҳолатлари ҳам учрайди. Чунки баъзи одамлар фақат айнан бир жойдаги чилимни чекишни хоҳлаши кузатилган. Уларга фақат ўша жойдаги чилимгина хуш ёқади. Аслини олганда, ҳамма чилимнинг ҳам таркиби бир хил. Шунчаки, доимий мижозларга эга бўлиш учун замонавий «тадбиркорлар» қинғир йўлдан ҳам қайтишмайди.
Юқумли касалликлар тарқатувчиси
Чиндан ҳам, сўнгги пайтларда кишининг кўзини қувнатадиган даражада бежирим, чиройли идишларга солинган чилим кўпгина кафе ва барларда зиёфат кўркига айланиб бормоқда. Аммо унинг зарарли асоратларини ҳамма ҳам билавермайди. Бунга мисол қилиб, чекиш найида ва чилим суюқлигида ичак таёқчалари, стафилококк, ачитқи, замбуруғ ва бошқа микроб аниқланганини таъкидлаш зарур. Зиёфат чоғида ҳар кимга алоҳида-алоҳида чилим буюртирилмайди. Битта-иккита чилимни ҳамма биргаликда навбатма-навбат чекади. Шифокорларнинг айтишича, бу ҳам гигиеник жиҳатдан умуман талабларга жавоб бермайди. Чунки сўлак бези орқали кўпгина юқумли касалликлар одамдан-одамга осон ўтади. Энг ёмони, чилим тумшуғи тозаланмайдиган ускунадир. Ҳеч ким трубкани дезинфекция тозаловидан ўтганига кафолат беролмайди. Бундай жойлар нам ва иссиқ бўлиши инобатга олинса, касаллик юқтирувчи вирусларнинг ривожланиши учун қулай шароитдир.
Қонун нима дейди?
Юртимиз қонунчилигида ҳам чилим чекишни чеклашга оид нормалар белгиланган. Жумладан, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасида «тамаки маҳсулоти — тамакидан ёки унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган ҳар қандай маҳсулот» деб изоҳ берилган. Демак, чилим таркибида тамаки моддаси бўлганлиги сабабли қонунга мувофиқ, у тамаки маҳсулоти ҳисобланади. Қонунда белгиланганидек, иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно), шунингдек, жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Чилим маҳсулотини таклиф этаётган ресторан ёки барлар эса бу фаолият учун тегишли тартибда лицензия олиши талаб этилади.
Муҳими, қонунларимизда бу иллат билан курашишга оид тартиблар такомиллаштирилган. Бир лаҳзалик ҳузур деб соғлиғимизга катта зиён етказишни ўйлаб кўрсак, кифоя!
Гулёра НАЗАРОВА, «Жамият»нинг жамоатчи мухбири
Манба: Dia.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”