21:42 / 24.10.2017
4 603

Шикоятчиларнинг “шармандалиги”: ғалати арзномалар билан танишинг!

Шикоятчиларнинг “шармандалиги”: ғалати арзномалар билан танишинг!
Шикоят қилишнинг ҳам ўз тартиб-қоидаси бор, шундайми? Арзнома асосли, исбот-далиллар иловаси билан тақдим этилиши, қолаверса, шикоят мазмуни мантиқан тўғри ва аниқ маълумотларга таянган бўлиши лозим...

Халқимиз орасида “чивин чақса ҳам” дарров арз қилиб, давлат идораларининг остонасига “ётиб оладиганлари” учрайди. Арзнома асосли бўлса — адолат қарор топиш учун аризачининг турли хатти-ҳаракатларини маълум маънода оқлаш, ҳеч бўлмаганда уни тушуниш мумкин. Бироқ...

Мантиқсиз, асоссиз арз орқали ўз манфаатларини кўзлайдиган, ҳатто мўмай даромад топадиганлар бир талай... Бундай кишилар дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги “юксак маданиятли” жамиятларда ҳам учраб тураркан.

Ҳуқуқшунослар охирги 25–30 йил, аниқроғи ўтган асрнинг охирги ва янги асрнинг бошларида қайд этилган ғалати арзномалар рейтингини эълон қилишди.

Келинг, бугун “Бу қизиқ” туркуми орқали хориж мамлакатлари адлия тизимида қайд этилган “ғалати шикоятлар” ҳақида сўз юритамиз...

1. 1991 йилда Ричард Овертон пиво ишлаб чиқарувчи “Anheuser-Busch” компаниясини судга берди. Унинг аризасида 10 минг доллар товон пули талаб қилинган. Сабаб... Ричард айнан ўша, реклама қилинган пивони ҳар қанча ичган тақдирда ҳам тропик ўлкалардаги денгиз қирғоқларида бикини кийган қизлар ҳақидаги хаёлларнинг ҳаётда (реал ҳақиқатда) рўй бермаётганлигидан ва бунинг натижасида маънавий ва моддий зарар кўраётганилигидан шикоят қилади. Унинг таъкидлашича, “Bud Light” пивосининг рекламаси Ричардни ичимликни харид қилишга жалб этган ва реклама тасвиридаги денгиз соҳилига бориб қолишини кутган. Унинг арзномаси суд томонидан рад этилди.

2. 1995 йилда Роберт Ли Брок ўзидан (!) 5 миллион доллар ундирилиши кераклигини талаб қилиб судга шикоят қилади. У кўп спиртли ичимликлар ичганлиги ва ўғрилик содир этганлиги, натижада 23 ёшга тўлганда Виржиния штатининг ахлоқ тузатиш колониясида бўлганлиги учун ўзини фуқаролик ҳуқуқларини ва жамият интизомларини бузганлигида айблайди! Бу билан у нимага умид қилди? Унга қамоқ жазоси ҳеч қандай даромад қилишга имкон бермагани (даромад манбаи “ноль” бўлганлиги) боис, у айни шикоятнинг давлат томонидан қопланишини кутган эди. Суд бу ишни кўришдан бош тортди...

3. 1996 йилда Баер оиласи Оливер Стоун, “Warner Brothers” кинокомпаниясининг “Туғма қотиллар” ("Прирождённые убийцы") фильми яратилиши ва тарқалишида иштирок этган шахсларга қарши даъво қилади. Баернинг оиласи мазкур фильмни томоша қилиш жараёнида уйларига ўғри тушгани ва бунинг оқибатида қимматбаҳо буюмлари-ю жамғарма пулларидан айрилганликларида киноматографларни айблаган. 1996 йили қўзғатилган жиноий иш 2001 йилгача давом этиб, далиллар етарли эмаслиги учун тергов ишлари тўхтатилади.

4. 2000 йилда Клинти Питерс катта дам олиш маскани бунёд этган “Universal Studios”ни 15 минг долларлик жарима даъвоси билан судга оширмоқчи бўлади. У дам олиш ҳиёбонининг “Halloween Horror Nights” атракционида бўлганида қаттиқ қўрқиб, маънавий изтироб ва ҳиссий қўрқув чеккани учун студияни айблайди. Клинтининг шикоят аризаси қабул қилинмайди.

5. 2001 йилда Columbine High School мактаби жабрланувчилари бўлмиш Линда Сандерс ва бошқа оила вакиллари 25 та кино ва видеоўйинларни ишлаб чиқарувчи компанияларни 5 миллион доллар жарима ҳисобида судга берди. Шикоятчиларнинг фикрига кўра, “Баскетболчининг кундалиги” ("Дневник баскетболиста") фильми ҳамда Doom, Duke Nukem, Quake, Mortal Kombat, Resident Evil, Mech Warrior, Wolfenstein, Redneck Rampage, Final Fantasy, Nightmare Creatures каби видеоўйинлари бўлмаганида мактабда жанжал кўтарилмаган бўлар эди... Айбнинг яна бир қисми шикоятчилар оиласи аъзоларидан бирининг дунёдан кўз юмгани учун шу маҳсулотни юзага келтирувчи ва тарқатувчи воситачи компаниялар зиммасига юклатилади. Суд қарорига биноан иш ёпилди, шикоятчиларга эса кино ва видеоўйин ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан маълум миқдордаги маблағ тўлаб берилди. Аниқроғи, компания узоқ давом этган “ғалати шикоят” орқали ўз маҳсулотларини реклама қилиб олгани учун “қуштўймас” жарима тўлайди.

6. 2002 йилда Эдвард Брюер Провиденс шаҳри меҳмонхонасини 2 миллион доллар даъво аризаси билан судга оширмоқчи бўлади. У меҳмонхонадаги бир жиноятнинг гувоҳи бўлиб қолган эди. Номаълум шахс меҳмонхона мижозларидан бирини зўрламоқчи бўлганида ҳеч қандай чора кўрилмагани учун Эдвард Брюер меҳмонхона бошқарувчисини айблайди. Суд уни мазкур ишда гувоҳлик “даражасидан” бошқа арзларини тингламайди ва сўралган товон пулини жиноятни содир этишга йўл қўйиб берган Брюернинг виждонига ҳавола қилганини эълон қилади. Меҳмонхона раҳбарияти эса Брюерни жиноят содир этилаётгани ҳақида огоҳлантирмагани учун ўзининг “қора рўйхатига” тиркаб қўйганини билдиради.

7. 2003 йилда Эндрю Бёрнетт исмли киши 2 нафар жиноятчиларга қарши даъво қилиб, маънавий жароҳат синдромини қоплаш учун пул талаб қилади. Жиноятчилар Эндрюнинг қўшнисига тегишли уйни тунаётганда Бёрнетт воқеага тасодифан гувоҳ бўлиб қолади ва сўнгра гувоҳ тариқасида чақиртирилади. Маълум бўлишича, ўғрилар уларга ҳалақит қилган итни машина ғилдираклари билан босиб ўлдирган. Содир этилган ваҳшийликни кузатиб турган Эндрю маънавий жароҳат олиб, бунинг натижасида ўғрилар қочиб улгуришганидан кейингина полицияга хабар берган. Босқинчилик ишини кўраётган суд ҳайъати Эндрю Бёрнеттнинг “маънавий зарар” ҳақидаги даъво аризасини кўришдан бош тортади.

8. 2005 йилда Остин Эйткин NBC’ни судга беради. Арзноманинг нархи икки ярим миллион долларни ташкил этади. Унинг гувоҳлик беришича, "Қўрқув фактори" ("Фактор страха") деб номланган кўрсатувининг эпизодларидан бири унга “жароҳат, изтироб ва оғриқ” етказган экан. У телевизион кўрсатувда рақиблар каламуш еяётганини кўрсатганида унинг боши айлангани ва кўнгли айниганини таъкидлайди. Судья бу арзномани “аҳмоқона” деб ҳисоблаб, уни рад этади.

9. 2005 йилда германиялик аёл автомобиль сотадиган салон ёнидаги рекламада “Дўконимизга кел, автони танла, пулини тўла ва ҳайдаб чиқиб кет!” деб ёзилган матнни ўқийди ва айнан шу хатти-ҳаракатларни такрорлайди. Яъни дўконга киради, ўзи ёқтирган автомобилни танлайди, пулини тўлайди, давлат рақами олиш ва расмийлаштириш ишларини бажаради, сўнг рулга ўтириб ҳайдаб чиқиб кетмоқчи бўлади... Стоп! Автомобилда бензин йўқлиги (жуда камлиги) учун у дўкон ҳудудидан ҳам чиқмай “ўчиб” қолади. Аёл салонни судга бериб, жарима ундирганидан сўнг бу “амалиёт” бутун Европага “урф” бўлади. Бироқ барча автоуловлар ёқилғиси етарлича (энг яқин шохобчагача етадиган қилиб) қуйиб қўйилгани учун “мижозлар” жарима ундиришдан умидини узиб, ҳатто сотиб олган автомобилларини қайтарганликлари учун 10% жарима тўлайдилар.

10. 2006 йилда Аллен Хекард исмли навбатдаги шикоятпараст киши баскетболчи Майкл Жордан ҳамда Nike брендини 832 миллион долларлик жарима тўлашини сўраб шикоят қилган. Маълум бўлишича, Аллен Хекард ташқи кўриниши орқали машҳур баскетболчи Майкл Жорданга ўхшаб кетади. У ҳам Nike брендига мансуб спорт кийимларини кийиб юради. Кўча-куйда ҳамма уни спортчи билан адаштириб, спорт кийимларига ҳавас билан қарашади ва нигоҳлари, ҳатто пичинглари билан “таъқиб” қилишади. Судга ёзилган мурожаатда айнан шу важ келтирилган ва, Аллен Хекарднинг фикрича, спортчи ҳам, реклама берувчи ҳам у ҳис этаётган “машҳурлик босими” учун товон пули тўлашлари керак. Албатта, унинг арзномаси инобатга олинмади.

Азиз мухлислар, бу хорижлик шикоятпарастлар эди, айрим маҳаллий “ғалати арзномачи”лар ҳақида ўзингиз ижтимоий тармоқлар орқали хабардорсиз, деган умиддамиз...

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шикоятчиларнинг “шармандалиги”: ғалати арзномалар билан танишинг!