Бир куни кечқурун Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасидан қўнғироқ қилишиб, эртага соат 9 да Шароф Рашидовнинг олдига боришим кераклигини айтишди. Айтилган вақтда қабулхонага бўлдим. У ерда Фарғона вилояти Қува тумани партия қўмитасининг биринчи котиби Мусо ака Шербўтаев ҳам бор экан. Икковлашиб Шароф акани кута бошладик. Девордаги соат 10 га бонг уриши билан қабулхонанинг ойнадан ясалган эшиклари ланг очилиб, Шароф ака кириб келди. Қўл бериб саломлашдик.
У киши биринчи бўлиб:
– Куттириб қўйганим учун узр сўрайман. Кеча сизларга телефон қилингандан кейин Сиёсий бюродан қўнғироқ бўлиб, Москвада назоратда турган қурилиш объектлари тўғрисида ҳисоботимни сўрашди. Мен ҳозир шу объектларни кўриб келяпман, – деб хонаси томон қайрилди-да, бизни ичкарига киришга таклиф қилди.
Мусо ака билан бир-биримизга: «Сиз киринг, йўқ, сиз киринг», – деб мулозамат қилиб турганимизда Шароф ака иккаламизни ҳам чақириб қолди.
Пахта йиғим-терими қизғин кетаётган пайт эди. Шароф ака иккаламизга қарата шундай топшириқ берди:
– Биласизлар, аҳолини гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда анча қийинчиликларга дуч келяпмиз. Биз СССР истеъмолчиларининг Бутуниттифоқ уюшмаси (Потребсоюз) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қорамол бошини кўпайтириш ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий хусусий тадбиркорларни рағбатлантиришга бағишланган Бутуниттифоқ йиғилишини ўтказишга қарор қилдик. Бу соҳада, Мусо Шербўтаевич, сизнинг туманингизда анча тажриба тўпланган. Шу сабабли тадбир Қувада ўтади. Барча шарт-шароитларни яратиш керак бўлади. Сиз, Ирисматжон, бу тадбирни «Время»да ёритсангиз. Ҳужжатлар тайёр бўлиши билан сизларга беришади. Шунга безовта қилган эдим. Ўзларингда нима гап?
– Шароф ака, тушунарли. Барча ишларни тахт қиламиз. Агар бошқа топшириқ бўлмаса, мен Фарғонага учиб кетаётган эдим, – деди Мусо ака ва Шароф ака билан илиқ хайрлашиб чиқиб кетди.
Шундан сўнг Шароф ака менга юзланди:
– Хўш, мулло Ирисмат, нима гап?
– Шароф ака, пахтакорларнинг қурултойидан репортаж тайёрламоқчи эдим. Шуни қурултой ўтадиган залдан эмас, бирон-бир пахтачилик колхози ёки совхозидан бугунги кун талаблари асосида тайёрлаб, қурултойда бўладиган гапларни репортаж матнида айтиб юборсам деган ниятдаман. Қандай маслаҳат берасиз?
Аслида, гап анча жиддийроқ эди. Андропов давлат бошига келгандан кейин Москванинг Ўзбекистонга муносабати анча ўзгарганди. Мен қандай таклиф билан чиқмайин, нима демайин, улар: «Нима, шундан бошқа Ўзбекистонда қиладиган иш қуриб қолганми? Мажлис ва йиғилиш баёни керак эмас. Сен унинг ўрнига бирон-бир хўжаликдан яхши репортаж тайёрлаб, шунинг фонида айтадиган гапларингни айтиб юбор», – дейишмоқда эди. Мен буларнинг Андропов атрофида Шароф Рашидовга қарши қилинаётган хуружларнинг оқовалари эканини яхши тушунар эдим. Бироқ, табиийки, бу гапни Шароф акага айта олмас эдим. Шароф ака менинг қийналиб гапирганимдан буни дарров пайқади, лекин у кишининг овози оҳангида ҳеч қандай ўзгариш сезилгани йўқ.
– Тўғри, қурултойдан репортаж бериш шарт эмас, сиз яхши бир хўжаликдан репортаж тайёрланг-да, матнига қурултойда бўлган гапларни киритиб юборинг. Ҳар ҳолда, қурултойда Ўзбекистон пахтакорларининг бу йилги иш якунлари, келажак мажбуриятлари қабул қилинади. Фақат бир илтимос, репортажингизда: «Бу йил Ўзбекистон пахтакорлари ватанга 6 миллион тонна пахта етказиб берадилар», – деб қўшиб қўйсангиз бўлди.
Елкамдан тоғ қулагандек бўлди. Нозик масалани ўзлари билан ҳал қилиб олдим. Бу билан гўё Москва билан Ўзбекистонни муросага келтиргандек кайфиятда эдим.
Воқеани қайта тиклаш усули
Қайси бир йили баҳорда Ўзбекистон далаларида чигит экилаётган пайтда тинмай сурункали ёмғир ёғди. Қарийб барча вилоят майдонларида чигит чириб кетавергани боис, кун бироз исиши билан пахта қайта-қайта экилаверди. Пахта ўрнига бошқа экин экишга КПСС Марказий Қўмитаси, СССР Министрлар Совети, Давлат режа қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги рухсат бермади. Чунки пахта режаси 6 миллион тонна қилиб белгиланган эди.
Ёмғир ёғиб турган пайтда тасвирга ҳам олиб бўлмайди. Камераларимиз бундай иқлим шароитида ишлашга мўлжалланмаган. Шунда телевидениеда узоқ йиллардан буён ишлайдиган, катта ёшдаги, малакали кинооператоримиз, раҳматли Қўйсин ака Рўзиматов тасвирга олишнинг бошқа бир усулини таклиф этди. У киши район ўт ўчириш командасидан иккита катта сув пуркаш машиналарига буюртма берди. Ўзи резинка этик, брезент плаш кийиб, бошига ўт ўчирувчиларнинг ёпинчиғини ёпиб олди. Осмонни қора булут қоплаган, ёмғир бироз тўхтаган пайтда далада тракторлар ишламоқда. Деҳқонлар ҳам кетмонлари билан эгатларда юришибди.
Ҳамма нарса тайёр бўлгандан кейин қўлларида катта босимда сув пуркайдиган қалин брезент шлангларини ушлаб турган ўт ўчирувчилар майда ёмғирдан тортиб то жала, селгача ташкил қилиб беришди... Буни кўрган одам лой кечиб юрган ўзбек деҳқонининг аҳволига ич-ичидан ачиниши шубҳасиз эди. Бу усулимиз ҳаётдагига қараганда ҳам табиийроқ чиқди. Қўлида камера бўлган оператор бу кадрларни сув томчилари тегмайдиган қуруқ жойда туриб тасвирга туширди. Тракторларнинг ўтхона трубаларидан чиққан дуд ҳаммаёқни қоплаб олган, қуюқ тутун - туман бўлиб кўринар эди.
Съёмкани томоша қилиб турган зиёлисифат бир йигит мийиғида истеҳзоли кулиб:
– Ахир бу қип-қизил кўзбўямачилик-ку! – деди.
Шунда Қўйсин ака жаҳл билан унга гапира кетди:
– Агар билсанг, мулло йигит бу кўзбўямачилик эмас. Ҳақиқий кўзбўямачиликни пахта етиштириш муддати ўтиб кетганда ҳам, ёмғир, қор, жала ёғиб турганда ҳам: «Чигитни эк, экинга ишлов бер, дефолиант сеп, чеканка қил, ҳосилни тер, нима қилсанг қил, лекин 6 миллион тонна пахта берасан», – деб турганлар қилишмоқда. Ўзимиз эса ҳамма ёғимиз қичишиб, сунъий толадан тўқилган матодан кўйлак кийиб бўлса ҳам тинч, осойишта юрибмиз. Сени қара-ю...
Қўйсин ака жаҳлини босиб олгач атрофга маъноли, айни пайтда, озроқ хавотиромуз ҳолатда кўз югуртириб чиқди. Кейин эса:
– Билмасангиз билиб қўйинг, бу усул кинода илгари содир бўлган воқеани қайта тиклаш усули деб аталади, – деди-да, асбоб-анжомларини йиғиштира бошлади.
Бу тагдор, лекин ташқаридан қараганда беозоргина кўринган танбеҳни эшитиб турган деҳқонлар «қаҳ-қаҳ» уриб кулиб, гулдурос қарсаклар чалиб юборишди.
Ўша йили чигит экиш кампанияси кеч тугади, кўчатлар кеч униб чиқди, экин аввалги йилларга қараганда ривожланишда анча орқада қолди. Қанчадан-қанча вилоят, туман, хўжалик, бригада раҳбарлари давлатга пахта топшириш режасини бажара олмагани учун ишдан олинди. Лекин калтакнинг каттаси барибир оддий деҳқон бошида синди. У шу йил якунлари бўйича давлат бериши керак бўлган даромаддан қуруқ қолди. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари учун шўро давридаги 70 йилнинг одатдаги бир йили эди, холос.
Шароф Рашидов билан боғлиқ бўлган қуйидаги кичик бир лавҳани ҳаётда ҳам худди шундай содир бўлган деб айтолмайман. Лекин ундай бўлмаган деб қатъий эътироз билдириш ҳам қўлимдан келмайди. Шуни айтсалар керак-да, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди, деб.
Бу воқеа бевосита журналистика соҳасига тааллуқли бўлгани сабабли, уни баён этишни жоиз топдим. Айтишларича, Шароф ака Брежневнинг олдига кириб кетаётганида қаршисидан Сиёсий бюро аъзоси, Марказқўм котибларидан бири чиқиб қолади. У Сиёсий бюродаги мавқеси бўйича Шароф акадан бир поғона юқори раҳбар эди. Марказқўм котиби Шароф акага: «Биз Ўзбекистонни пахта республикаси деб юрсак, Ўзбекистон телевидение республикаси ҳам экан», – дея кесатади. Бунга жавобан Шароф ака мулойимгина кулиб қўяди-да, кейин яна йўлида давом этади.
КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг аъзоси томонидан ташланган бу кинояли қочирим бизга етиб келганда уни СССР Давлат Телерадиоқўмитасининг Ўзбекистондаги телевидение журналистларига берилган энг юксак баҳоси деб эътироф этдик. Чунки Кремль коридорларидан биридаги бу учрашув кескин континентал иқлимда жойлашган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қарийб ҳар йили юз бериб турадиган табиат инжиқликлари тўғрисида «Время»да намойиш этилган навбатдаги репортажимиздан кейин содир бўлган эди.
Айтишларича, ана шу репортажни кўрган Брежнев Ўзбекистонда юз берган навбатдаги табиий офат асоратларини бартараф этиш учун бюджетдан катта миқдорда маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган экан.
Манба: Uza.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи