Жамиятнинг ахлоқий юксаклик даражасини фуқароларнинг ахлоқий маданияти белгилайди. Ахлоқий маданият шахснинг хулқи, одоби, муомала кўникмаси, ўзгаларга муносабати билан белгиланади. Ўз устида тинмай ишлайдиган, комиллик сари интилувчан инсонгина уни мукаммал ўзлаштириши мумкин. Демак, ахлоқан юксак инсон, қайсидир маънода комиллик даражасига эришган ҳисобланади.
Яхши хулқ эгаси ўзини ҳар қандай вазиятда ҳам бошқара олади, хатти-ҳаракатларига тўғри баҳо беради, ўзгалар ундан асло зарар кўрмайди. Бир сўз билан айтганда, ахлоқли одам ўзининг кимлигини, нимани исташини яхши билади. Шу сабабдан ҳам, унинг барча ишлари ақл ва идрокка асосланган бўлади.
Минг таассуфлар билан айтиш керакки, айрим ҳолларда маҳалла-кўйда бунинг аксига дуч келамиз. Масалан, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспорти – автобусдаги инсоннинг уяли телефони бирдан жиринглаб қолди. Бу инсон беихтиёр суҳбатга киришади. Шу ўринда айтиш керакки, телефонда гаплашишнинг ҳам ўзига хос маданияти бор.
Унга кўра, жамоат жойларида телефон аппаратини овозсиз ҳолатга ўтказиш зарур. Акс ҳолда, бошқа йўловчилар эътиборини тортиши, уларнинг ўринли эътирозига сабаб бўлиш мумкин.
Уяли телефондан баланд овозда ёки ҳар хил имо-ишоралар, мимикалар билан суҳбатлашиб барчани диққатини ўзига тортиши, кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мисол тариқасида она қўлидаги бола ухлаётган бўлса-чи? Қўрқиб уйғонган бола атрофдагиларни йиғиси билан беҳаловат қилиши онани ҳам хижолатга қўяди. Ёки автобусда баланд овоздан озор чекадиган бемор кетаётган бўлиши ҳам мумкин-ку!? Яна бир фикр. Қўл телефони овози бошқалар учун ёқимсиз мусиқага созланган бўлса-чи? Қўл телефон эгасининг ўзи ҳам бу ҳолдан ноқулайлик ҳис қилмайдими?!
Аксарият ҳолларда, айрим ёшлар қулоқларига қулоқликлар тақиб олиб, атроф-муҳит билан мулоқотни унутиб қуйишади. Ёши улуғ нуронийлар ва ёш болали оналарга жой бериш, йўл бериш ҳолларини унутиб қўйишади. Бу инсоний фазилат ва ўзбекона қадриятларимизни унутилиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Албатта, ҳар бир инсон жамоат жойида, йиғинлар ва тадбирларда сергак ҳолда бўлиши, атрофдагиларни ҳурмат қилиши орқали ўз ҳурматига савзовор бўлиши керак.
Шу ўринда нутқимиздаги “узр”, “илтимос”, “ташаккур”, “миннатдорман”, “раҳмат” каби “сеҳрли” сўзлар иш беради.
Жамоат транспортида имкон доирасида аста, паст оҳангда гаплашиш ёки умуман гаплашмасдан, ёзма хабар билан чекланиш мақсадга мувофиқ. Зеро, бошқалар учун қизиқ бўлмаган мавзу ноқулай вазиятни келтириб чиқариши мумкин. Унутмайлик, сўзлашишнинг ҳам одоби бор.
Инсон – ёқимли фазилатлар ва аксинча, қусурлар қилишга ҳам мойил бўлади. Одам боласи вояга етар экан, ўзгаларга ёқишга, фазилат жиҳатдан бошқалардан устун бўлишга, доимий эътиборда бўлишга интилади. Эътиборли жиҳати, ушбу фазилатларнинг пойдевори оилада қўйилади. Улар ҳар бир инсоннинг зоҳирий ва ботиний хислатларида — ўзини тутишида, хатти-ҳаракатларида, муомала маданиятида ўз ифодасини топган. Яъни ички дунёсининг ифодасидир.
Маънавий етук, маданий фазилатларга эга авлодни тарбиялашда, юқорида алоҳида таъкидланганидек, оиладаги тарбиянинг ўрни муҳим ҳисобланади. Оилавий муҳит одамни ё жисмонан соғлом, маънан етук қилади ёки аксинча. Шундай экан, тарбия усулини танлаш ҳар бир ота-онанинг ўзидан. Ҳар ҳолда, танланган бу тарбия мевасини биринчи бўлиб уларнинг ўзи татийди.
Ёзма манбалар шарқона тарбия ҳақида сўзлайди. Мана шу шарқона тарбия миллий анъаналарни, халқимизнинг турмуш тарзи ва одатларини ўзида мужассам қилган. Унда шу юртда истиқомат қилувчи миллат ва дин вакилларининг мақсад ва муддаоларини жамлаган.
Биз техника асрида яшамоқдамиз. Демак, шунга мувофиқ яшашимиз зарур. Кўпчилик жамоат транспортлари телевизор билан жиҳозланган бўлиб, баъзан уларда “оммавий маданият” тарғиб этувчи роликлар намойиш этилади. Бунинг ўрнига қисқа, мазмунли, аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий роликларнинг мунтазам бериб борилиши йўлга қўйилса, ўзининг ёмон жиҳатларини кўрсатаётган инсонларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишга, тартибга чақиришга ўрин қолмасмиди?!
Бир ҳақиқат бор. Маънавиятли одам ўзи ва ўзгаларни ҳурмат қилади, қадрлайди, ўзлигини англаб етади, миллий тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятларини юксак даражада эъзозлайди, улар билан фахрланади. Бундай инсонлар — ибрат намунаси. Бинобарин, одам боласи айнан маънавияти боис “инсон” деган буюк ва шарафли номга муяссар бўлган. Шу сабабли халқимиз инсонийликни олимликдан-да юқори қўйган. Бу икки фазилат бирлашган жойда эса том маънодаги комиллик вужудга келади.
Мунира ҚАҲҲОРОВА
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди