13:02 / 03.02.2018
4 464

Қора курси васвасаси...

Қора курси васвасаси...
Унинг деярли ҳар куни шундай бошланади. Тунда яхши ухламаганидан тонгда кўзлари қизариб уйғонади. Авваллари эрталабки бадантарбия қилиш учун майдон бўйлаб югурар, машқ қилар, сўнгра бироз очиқ ҳавода айланарди. Энди эса машқ қилишга вақт йўқ. Юз-қўлини нари-бери ювиб, чойини апил-тапил ичиб, машинасига ўтиради-да, ишхонага шошилади. Ҳатто эгнидаги кийимларини ҳам хотинининг ҳайҳайлаши сабаб алмаштиради. Уни ҳадеб ишга тортадиган, эс-ҳушини эгаллаб олган нимадир бор эди. У фақат ишхонага етиб келганида қаддини ростлаб, машинага ўрнашади.

Назоратчилар дарвозани очишга чоғланганида уларга ёвқараш қилиб қўяди. У бундай қарашини ўзича бургут қараш деб баҳолайди. Машинадан тушади-да, қўлларини икки ёнга бироз ёзиб, катта-катта қадамлар билан зиналар бўйлаб кўтарилади. Дуч келганларга бошини хиёл энгаштириб саломлашгандек бўлади-да, учинчи қаватга чиқади. У эшик олдида тўхтайди. Эшикка қоқилган бир бўлак тахтачада унинг исм-шарифи ёзилган. Бу исм ёнидаги «директор» сўзини ҳар куни бир неча бор ўқиб, қанотини кенг ёзиб, кўнглида фахр ва ифтихор ҳиссини туяди.

Тўрдаги қоп-қора стулга назар ташлаб, бир энтикади. Хонанинг дарпардалари деярли очилмайди. Бурчакларига ҳашаротчалар нўхатдек оппоқ инчалар ясаб, бир-бирининг уйига тинмай меҳмон бўлишади. Суварак ва қора чигирткалар дўст-иноқ бўлиб, бир-бирига йўл беришиб, хонанинг тўрт бурчида айланишади. Сўнгра шкаф, стол ва қайсидир стул тагидан паноҳ топишади. Хонадан қандайдир нам ҳаво анқийди. Аммо у шу хонага кирсагина чуқур нафас олиб, худди мусаффо тоғ ҳавосини симираётгандек бўлади. Айниқса, қоп-қора, жойида айланиб ҳаракатланадиган бу стул унинг учун Амир Олимхон тахтидан ҳам буюкроқ. Ундан бошқа бу хонага котиба қадам ранжида қилади.

Сабаби, қандайдир қоғозларга имзо чектириш, келган хатларни топшириш, уларга жавоб ёзиш, бўлим мудирларини чақириш ёки ходимларга мажлис уюштириш унинг зиммасида. Йиғилиш фақат мажлислар залида бўлиб ўтарди. Ҳатто ўринбосар билан ҳам бирор бир масалада кенгашмоқчи бўлса, мажлислар залига чақиртирарди. У ўринбосарининг бу хонага киришини истамайди. Иш билан кирган ўринбосари шу қоп-қора курсига лўқ этиб қараётгандек бўлади. Шунда директор ўрнидан сакраб туради ва ўринбосарини елкасидан тутиб, залга етаклайди. Шу лаҳза хона эшигига қулф солинади. Кечгача бу эшик очилмайди. Иш вақти тугаб, бинони ходимлар тарк этганида, у хонасига ташриф буюради. Ҳар доимгидек шу қоп-қора курсига ўрнашади.

Сўнгги пайтлар бу стулга озор бериб қўяётгандек унга кўп ўтирмаяпти. Ёнидаги бошқа стулга ўрнашиб олади-да, қоп-қора стул билан узоқ суҳбатлашади. «Ҳақиқатан ҳам, сен жуда чиройлисан, сени кўргим келаверади, сен томон йўналсам, юрагим ўз-ўзидан орзиқиб кетаверади. Сени қанчалик яхши кўришимни билсанг эди», дея ўрнидан туриб, чарм тортилган креслога бир неча бор лабларини босади. Одатдагидек, вақт алламаҳал бўлганида унинг телефони жиринглайди.

— Ҳалиям ишхонадамисиз, дадаси ё келяпсизми? — хотинининг чийилдоқ овози жаранглайди.

— Ҳа, ҳа, боряпман. Йўлдаман, — дея хонани тарк этишга тараддудланади у.

— Индамасам, ўша ишхонангизда ётиб қоласиз, а, дадаси? Сизда ҳам рўзғор, бола-чақа бор. Сизга нимадир бўляпти. Дўхтирга боришингиз керак. Ҳамма нарсамиз етарли бўлса, фарзандларимиз ўз йўлини топган. Биргина кенжамиз бўлса, уни уйлашга йиққанимиз бор-ку, — дея аёли куюниб сўзлайди.

Унинг деярли ҳар куни шундай якун топади.

Бир тун телефон қаттиқ жиринглади. Аёли гўшакни кўтариб, бироз гаплашди-да, эрини чақирди. Уйқуси бўлинганидан норози ҳолатда эрига гўшакни бериб, хомуш тортиб, ўрнига чўзилди. Телефонда корхона қоровулининг овози янгради.

— Козим Козимович, бинога ўт кетди. Тўғрироғи, сизнинг хонангиз ёнмоқда.

— Қанақасига?! — унинг овози титради. — Ахир у хона ёпиқ эди! Қандай ўт кетади?! Ҳеч нарса токка уланмаган бўлса!

— Билмадим. Эшикни бузиб, ичкарига кирсак, қоп-қора курси устида кўп ҳашаротлар ғуж-ғуж бўлиб ёнмоқда. Тилла қўнғизлар, яна алламбало қурт-қумурсқалар. Ёнувчан ҳашарот бўлса керак, дея тахмин қиляпмиз.

— Ўчиринглар! Курсини сақлаб қолинглар!

Шу лаҳза бу сўзлар бошқа одам тилидан ҳавода акс садо берарди. У чап кўксини чангаллаганча ерга «гурс» этиб йиқилди. Кўз ўнгида ловуллаб ёнаётган қоп-қора чарм тортилган курси гавдаланди.

Кўп ўтмай унинг руҳими, ўзими, ишхонада пайдо бўлди. Учиб учинчи қаватга кўтарилди. Хона эшиги бор бўйича очилган. Хизматчилар ўртадаги бир уюм кулга тикилиб туришарди. Директорнинг келганини кўрган ходимлар унга йўл беришди. Ҳамма жим, биргина котиба бидирларди. Чунки у раҳбарига эркин гапира оларди-да.

— Шу десангиз, Козим Козимович, шунақа аломат ёнғин бўлдики, асти қўяверасиз. Тавба, хонада шунча жиҳоз бўла туриб, айнан мана шу курси ёнадими, ҳайронмиз, ёғланган бўлса керак, Козим Козимович.

Директор ўртага ўтиб, бир уюм кулни кафтига олиб, юзига босиб шунақанги ҳўнграб йиғладики, бундан ўринбосар, бўлим мудирлари ва хизматчилар ҳайратдан донг қотишди.

— Дадаси, дадаси, мени қўрқитяпсиз, — дея уни уйғотди хотини. — Сизга нима бўлди? «Сени ўлдиришди, сенинг ўрнингда мен ёниб кулга айлансам бўлмасмиди?» дея қаттиқ йиғладингиз. Шу бугуноқ дами ўткир домла олиб келиб, сизни ўқитаман. Бунга ортиқ чидаш қийин.

Ўша куни бир йил давомида рўй бермаган ҳолат юз берди. У биринчи марта ишга бир соат кечикиб борди. Ҳафсаласиз хонасига кўтарилар экан, эшик ёнида қирғий бурун, бургут кўз бир йигит қўлида папка кўтарган ҳолатда қарши олди.

— Ассалому алайкум, Козим Козимович. Нақ бир соатдан буён сизни кутиб ўтирибман. Соғлиғингиз яхшими? Котиба директор бўлганингиздан буён биринчи марта кеч қолаётганингизни бир неча бор таъкидлади.

— Ҳа, бироз тобим қочди, — дея жавобни қисқа қилди у.

Йигит илтифотсиз хонага кириб, қўлидагиларни стол устига қўя туриб, изоҳ бергандек бўлди. Ишга кириш учун ҳужжатлар. Кейин каттароқ компания номини тилга олиб, у ерда ишлаганини бепарво гапирди.

Директор қоп-қора курсига ўнғайсиз ўрнашаркан, кечаги туш таъсирими, стул бир уюм кулга айланаётгандек бўлди. Кейин ёмон хаёлларни қувиш учун чуқур нафас олди. «Хайрият, стулда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади», дея ҳужжатларни кўздан кечираркан, бутун танасини ҳашаротлар ўраб олиб, ҳаракатланаётгандек туюлди. У ўрнидан сакраб турди-да, меҳмоннинг рўпарасидаги стулга жойлашди. Меҳмон хонага қандай илтифотсиз кирган бўлса, шундай бемалол хонани айланиб юрарди.

— Козим Козимович, ҳозир ёз бўлса, дарпардани кўтариб, деразаларни очиш керак. Хонага тоза ҳаво кирсин.

У рухсатсиз деразаларни очди. Фаррошни чақириб, хонани обдан шамоллатиш кераклигини айтаркан, «Дарвоқе, Козим Козимович, бугун иккаламиз бироз ишлаймиз. Менда янги лойиҳалар бор, биргалашиб кўриб чиқамиз», дея қўшиб қўйди. Унинг ҳаётида ўша кун ўзгариш бўлди. Кўп ўтмай хотини «Яхши домла топиб, сизни ўқитмасак бўлмайди», деган гапни айтмай қўйди.
Самия АҚИЕВА

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қора курси васвасаси...