15:40 / 07.02.2018
19 049

Фотиҳа тўйлари: мантиқсиз ҳаракатлар йўлидаги харажатлар

Фотиҳа тўйлари: мантиқсиз ҳаракатлар йўлидаги харажатлар
Самарқанд – тарих ва замон туташган гўзал маскан. Ҳар гал Самарқандга борсам, ўтмиш билан сирлашгандек ҳис қиламан ўзимни. Сирли-салобатли миноралар, мақбаралар, кўшклар олдига бориб узоқ-узоқ хаёл сураман. Болалигимиздан Самарқанднинг машҳур Сиёб бозоридан рўзғорга харид қилардик. Катталарга эргашиб, бўйим тенги расталарда чиройли-чиройли нонлар, ҳолвалар, менинг ақлим етмайдиган турфа ноз-неъматларни кўриб, шунисини олайлик деяверардим. Устига ёзувлар туширилган нонларни минг бир ҳайрат билан томоша қилардим. Укам ва синглим ҳам кўришини астойдил хоҳлардимми, сотиб олайлик деб туриб олардим. Онам менга бу нонларни унаштирув маросими учун сотиб олинишини кўп бор уқтирарди. Катта акам уйланадиган бўлганида, роса қувонганман. Уйимизга шунақа нонлардан сотиб олиб келишган. Кейин келинникига фотиҳа тўйига олиб кетишган. Менга бу нонни татиб кўришдан ҳам уйимизга олиб келишгани қизиқ бўлган бўлса керак.

Аслида гапни унаштириш маросимлари – ўзимизнинг фотиҳа тўйлари ҳақида бошламоқчи эдим. Фотиҳа ўзи нима? Қуръони Каримнинг дастлабки сураси Фотиҳа (очувчи) деб номланади. Тафсирларда илк сура бўлгани, Қуръони Карим шу сурадан бошлангани учун шундай номланиши, асл маъноси фақат Яратганнинг ўзигагина аёнлиги ёзиб қўйилган. Фотиҳа сўзи луғатимизга шунчалик сингиб кетганки, баъзан бирор маросимга борадиган бўлсак, дуои фотиҳа қилайлик, деймиз. Яъни Фотиҳа сурасини ўқиб, дуо қилишни мақсад қиламиз. Фотиҳа тўйи ҳам кўпчиликнинг дуосини олиб тўй бошлаш, хайрли иш бошланишидан олдин Аллоҳга хуш келадиган амалларни бажариш муддаоси бўлса керак.

Мен фотиҳа тўйи қанақа маросимлиги ҳақида кўп ўйладим. Онамдан сўрадим. Онам айтдики, “Бир ҳовлида бир қиз бўй етган бўлса, унинг таърифини эшитиб, сўраб-суриштириб совчилар кела бошлайди. Фотиҳа тўйида ёши улуғлар икки ёшга бағишлаб, нон синдириб, улашишади. Бунда ёшларга кенг ризқ, тотув ҳаёт, бахт-иқбол, солиҳ фарзандлар сўраб дуо қилинади. Бу билан шу хонадоннинг қизи яқинда бировнинг хасмига айланади, энди унга совчи қўйиш, суриштириш мумкин эмас, деб халққа билдирилади”.

Қайнонамдан сўрасам, “Буни бизда “Тўққиз тўй” дейишади. Яъни қиз тарафнинг розилиги олингач, қуда тараф ҳадя олиб келади. Бу асосан, бўлғуси келинга аталган кийим-кечак ёки имкон қадар совға-саломлар. Шу куни синдирилган патирдан ва бошқа ноз-неъматлардан қиз дугоналарига, сингилларига яхши ниятда тарқатади. Эркаклар Қуръон тиловат қилиб, икки ёшга бахт тилашади. Аёллар ҳам ўз ўрнида совға-салом, сарпо-суриқ алмашади”, дейди.

Пойтахтимизда эса куёв томоннинг тўрт-беш эркаклардан иборат вакили келин томонникига унаштириш маросимига боришади. Қуда эркаклар йиғилиб, уларни кутиб олишади. Шу куни барча олди-бердилар, тўй ва тўй олдидан, кейин қилинадиган барча масалалар келишиб олинади.

Моҳиятан бир-бирига ўхшаш бу маросим юртимизнинг деярли барча жойларида мавжуд. Яъни унаштириш, оқ ўрар, фотиҳа тўйи, тўққиз тўйи деб номланса-да, муддао битта. Ҳар иккала томон бир-бири билан яқиндан танишишади. Қариндош-уруғларга қудалар танитилади. Энг муҳими, Аллоҳ номи зикр қилиниб, ундан бунёд бўлаётган оила учун хайр-барокот сўралади. Менга бу яхши маросим бўлиб туюлди. Ахир Аллоҳ тақдирини қўшмаса ҳеч ким бир оила бўлиб яшай олмайди. Шу сабаб шукроналик мақсадида дастурхон ёзишнинг ёмон томони йўқ бўлса керак.

Бироқ… Яқинда қишлоққа борсам, опамларникига биров таклифнома ташлаб кетди. Поччам ва опамнинг номига келган бу нома фотиҳа тўйига чақирув экан. Опамга оғзаки айтишса бормайсизларми, фотиҳа тўйигаям таклифнома керакми, деб ҳазиллашдим. Кейин билсам, фотиҳа тўйлари ҳам тўйхоналарда ўтказилаётган экан. Табиийки, таклифномалар ҳам катталашган зиёфатлар учун. Бунинг яхши томони – тўй эгаси келган-кетган билан овора бўлиб юрмайди. Тўйхонада барчани бирдек меҳмон қилади. Айниқса, бирор жойда ишлайдиганлар учун тўйхонада тадбир ўтказиш жуда қулай. Тўйгача уч-тўрт кун, тўйдан кейин уч-тўрт кунлаб овора-тоғоралардан қутилади. Ихчам ва чиройли ўтказиладиган маросимни каттартириб, тўйхоналарга олиб чиқиш шартми? Фотиҳа каби муқаддас сура сўзи билан бошланадиган маросимни ичкиликлар (ичимликлар эмас) аралаштириб, тўйга айлантириш керакмикан? Бунақа саволлар кўп. Жавоби эса…

Биз турмуш тарзимизни ўзимиз ўйлаб чиққан маросимлар билан қийинлаштириб юборяпмиз. Фарзандларимиз тўй ва тўй олди маросимлари деб бошқа ўлкаларда саргардон бўлиб юришмаяптими? Тўғри, фарзандларимиз орқасидан баланд-баланд орзу-ҳаваслар қилишни яхши кўрамиз. Уларнинг тўйлари, яхши кунлари деб йиғинамиз. Лекин бизнинг орзуларимиз уларнинг тўйлари кечикишига, ҳар хил ишлар келиб чиқишига олиб келмаяптими? Яқинда ҳикматли сўзларда ўқиб қолдим: “Қаердаки, тўй қилиш қиммат бўлса, шу жойда зино кўпаяди”. Бу гапда ҳақиқат борлигини ўзимиз ҳам ичдан тан олмаяпмизми? Йигитларга-ку осон (ҳар ҳолда) уйланиш тўйини ўтказиб олса бўлди. Бечора қиз томон ҳали фотиҳа тўйи қилса, ҳали йигитнинг уйини тўлдириб берса, ҳали тўйдан кейинги маросимлар, бир йил ўтмай фарзандли бўлишса яна бешик тўй билан боғлиқ харажатлар… Тўғри, бу харажатларга куёв томонидан ҳам ёрдам бўлади. Бироқ мантиқсиз ҳаракатлар йўлидаги харажатлар қачонгача давом этади?

Юртимизнинг қайси гўшасига борманг, албатта, тўй-тўйчиққа таклиф этишади. Халқимиз тўйсевар, орзу-ҳавасли-да, деб хурсанд бўламиз. Бироқ бир ҳудуднинг одамига бошқа бир ҳудуднинг тўйларидаги ортиқча чиқимлар мантиқсиздай кўринади. Бундай олганда, бунақа мантиқсизлик ўз ҳаётимизда ҳам кўплаб топилади.

Яқинда икки зиёли инсон қуда бўлиб, фарзандларининг никоҳ тўйларини ўтказишди. Шу тўйга гувоҳ бўлганлар ҳавас қилишди. Мана, маърифий тўй қилса ҳам бўларкан-ку! Мен бу тўйда бўлмаган бўлсам ҳам таърифини эшитиб, ҳавасим келди.

Ким қандай тўй қилади, қанақа орзу-ҳавас қилади, бу ўзига ҳавола. Бироқ қадаҳсўз билан ёшларга бахт тиландими, бу бахтда хайр йўқ. Бу менинг гапим эмас. Қадаҳнинг лабида шайтон туради. Дуога эса фаришталар ҳамроҳ бўлишади. Энди ўзингиз танланг, тилакларингизга, орзу-ҳавасларингизга кимни шерик қиляпсиз?

Энг ёмон томони – муқаддас динимиз буюрган ишларга ҳафсала ва вақт йўғу, бошқа масалаларда сахий бўлиб кетяпмиз. Янги туғилган чақалоққа ақиқа ўрнига бешик тўй деган дабдабани ўйлаб чиққанмиз. Бунда фарзандни дунёга келтирган ота барча вазифалардан четга чиқиб, қуда томоннинг матоҳларига кўз тутиб ўтирилади.

Суннат бу – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларига эргашиш дегани. Биз бу маросимни қай тарзда ўтказаяпмиз? Тўйхона, бўлмаса, уйда дастурхон ёзиб, ичкилигу дабдабага берилиб кетамиз. Асл суннат амалининг моҳияти қолиб, яна бошқа орзу-истакларимиз режанинг биринчи қаторидан жой олади. Исрофгарчилик билан бошланиб, исрофгарчилик билан тугайдиган маросимларимиз тўғрисида ўзимиз бош қотирайлик. Эл қатори, элдан кам бўлмайлик, ёки фарзандларимиз ўксимасин, деб қилаётган тадбирларимизда бирор хайр борми?

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг замирида инсон ва унинг бахту иқболи, ёшларнинг порлоқ келажаги, аҳолининг тинч ва соғ-саломат умргузаронлик қилиши турибди. Бунинг учун давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳада туб ўзгаришларни амалга оширмоқда. Биз ҳам шу жараёнда фаол иштирок этиб, юртдошларимиз билан ҳамфикр бўлиб, ўзгаришни ўзимиздан бошласак, нур устига нур бўлар эди.

Тўй қилганимда… деган орзу-ҳавасларимизга бўлажак невараларимга кутубхона ташкил қилиб бераман, фарзандларимга Ислом динининг моҳиятини ўргатаман, менинг фарзандим қори бўлади, менинг фарзандим олим бўлади, сингари ичкин истакларни ҳам қўшсак, илло ниятларимиз ижобат бўлса ажабмас…
Манзура ШАМС

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фотиҳа тўйлари: мантиқсиз ҳаракатлар йўлидаги харажатлар