14:05 / 08.02.2018
5 172

Ўзбекистонга 20 млн. долларлик инвестиция киритмоқчи бўлган хитойлик тадбиркор “фирибгарлик балоси”га дуч келди

Ўзбекистонга 20 млн. долларлик инвестиция киритмоқчи бўлган хитойлик тадбиркор “фирибгарлик балоси”га дуч келди
Бугунги кунда мамлакатимизда самарали иқтисодий ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди. Давлат ўзининг ҳимоячи ролини “темир қўл” билан бажармоқда. Сабаби тадбиркор иш ўрни яратади, бандлик масаласини ҳал этади.

Ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокчи бўлган ва Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни енг шимариб бажаришга киришган тадбиркор алдов қурбони бўлсачи?! Қўшимчасига тадбиркор хорижлик бўлса ва у Ўзбекистонда алдансачи? Уни кимдир ҳимоя қиладими? Бунинг ечими эса фақатгина одил судловда.

Ҳар йили юзлаб хорижий корхона ва компаниялар вакиллари Ўзбекистонга ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида ташриф буюради. Улар ҳам Президент ҳимоясидаги тадбиркорлар.

Инвестиция мамлакат иқтисодиётига кўмак, унинг оёққа туришида тиргак. Инвестор ўз улуши ва фойдасини олади ва кетади. Бироқ биз технологияли бўламиз, инновацияни жорий этишни ўрганамиз.

Вақти келиб эскирганини янгисига алмаштира оламиз. Энди инвесторсиз, мустақил.

Инвесторларни жалб қиладиган бир жиҳат бу мамлакатнинг ишончлилиги. Ўзбекистон бугун халқаро рейтингларда олдинламоқда. Ишончли деган мартабага ислоҳотлар сабабли эришмоқда. Аммо инвестор ишончли давлатдаги ишончли шерикни қидиради. Кўпчилик ҳолларда у топилади. Кимлардир топса, кимлардир топа олмайди. Қисқа қилиб айтганда алданади. Ё шериги “туширади” ёки сохта инқироз юз беради.

Бошида бозорни ўрганиш, муҳитни кузатиш мақсадида Хитой Халқ Республикаси фуқароси Жанг Сиопен Ўзбекистондаги тадбиркор билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Юқорида айтиб ўтганимиз, “ишончли” шерик хитойлик тадбиркорга ҳам учради. Хитойлик тадбиркор алдангани учун эшикма-эшик юрибди.

Қарийб 10 йиллик фаолият давомида ҳаммаси яхши эди, бироқ олинган маҳсулотнинг пулини тўлаб қўйиш вақти келганда эса, юртдошимиз Жанг Сиопенни танимаслигини айтиб бўйин товлади.

Келинг хитойлик тадбиркор Жанг Сиопеннинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига ёзган шикоят-аризасидан сатрлар келтириб ўтсак:

“Ўзбекистондаги баъзи мансабдор шахсларларнинг ўз ватани келажагини ва миллатининг обрўсини ўйламасдан фирибгарлар ботқоғига ботиб уларни ҳимоя қилаётганлиги нафақат Ўзбекистон, балки ўзбек халқининг ҳам халқаро ҳамжамият олдидаги обрўсини туширмоқда. Президент томонидан ўтказилаётган ислоҳотлар томирига болта урмоқда.

Шу йилда бизнинг компаниямиз 2017 йил май ойида Ўзбекистон Президентининг Хитой Халқ Республикасига қилган давлат ташрифи давомида иккала давлат ўртасида эришилган келишувлар доирасида бизнинг “Jia Sing Group” компаниямиз 2018 йилда Ўзбекистонда тиббий дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган замонавий завод қуриш учун 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Шу мақсадда бугунги кунда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан 5 хил турдаги дори-дармонларни ишлаб чиқариш бўйича лицензия олдик.

Бугунги кунда мени қийнаётган асосий масала шундаки, мен бир ярим йилдан буён турли давлат идораларига мени алдаб 449 355 АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотларимни олиб, пулини бермаётган шахсларга чора кўриш ва пулларимни ундириб бериш ёки товарларимни қайтариб бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилаётган бўлсамда, ҳозирча айбдорларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаётганлиги мени қаттиқ ташвишга солмоқда”, дея ёзади тадбиркор.

Хитойлик тадбиркор Ўзбекистонга нисбатан ҳурмати баланд эканини таъкидлашдан чарчамайди. Унинг навбатдаги режаси эса мамлакатимизга 20 миллион долларлик инвестиция киритишдир. У алданган бўлсада Ўзбекистонда адолат тикланишига, қонун устуворлигига ишонди.

Олий Мажлис Сенати сенатори билан учрашув, у билан боғлиқ ишга муносабат, яна ишонч пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Жанг Сиопен менга ушбу масала ҳақида ёзмай туришимни илтимос қилди. Бироқ унга ёрдам бермасликнинг ва адолат томонида бўлмасликнинг иложи йўқ.

Жанг Сиопен давлат идораларига 20 мартадан ошиқ, шу жумладан ИИВ, Бош прокуратура, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент шаҳар ИИББ, Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси ва шу туман ИИБга ёзма мурожаат қилган бўлсада, бирон-бир мансабдор шахс “Сен ўзи кимсан, нима сабабдан бунча ёзяпсан, нимадан норозисан?”, деб сўрамаганини айтиб ўтди.

67 ёшли тадбиркор Жанг Сиопеннинг юртимизга 9-10 марта келди. Шунча ҳаражат қилиб ўз пулларини ундириб берилишига умид қилишида қандайдир асос бордир? Бундай асос бўлмаса, “ишончли” шерикларга туҳмат қилаётган бўлса, уни туҳмат учун жиноий жавобгарликка тортиш зарурдир балки? Уни Тошкентда қарийб бир ярим йилдан буён сарсон-саргардон бўлиб юришидан нима наф?

Хитойлик тадбиркорнинг аризаси юзасидан тўрт марта жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тадбиркор адвокатининг айтишича, 2017 йилда Бош прокурор ўринбосари томонидан ўтказилган сайёр қабулдаги учрашувдан кейин Жанг Сиопеннинг ишида силжиш кузатилган, бироқ аниқ натижа бўлмаган. Унинг иши ҳозирги пайтда СВОЖЖДЛҚКДнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан текширилмоқда.

Бизда мавжуд маълумотларга кўра, хитойлик тадбиркор томонидан 2014-2015 йилларда Ўзбекистонга 792 қути маҳсулотлар ўзбекистонлик шерикнинг номига юборилган, унинг номига Урумчи шаҳрида очилган юк сақлаш жойида маълум вақт сақланган, ушбу маҳсулотлар мамлакатимизга божхона назорати орқали ўтган, буни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд. Лекин тўлов амалга оширилмаган.

Маълум бўлишича, таннархи Хитойда 185 АҚШ доллари турадиган ушбу товарлар божхона орқали ошиқча тўловлардан қочиш мақсадида 0,886 АҚШ доллари миқдорида баҳоланган (Тошкент шаҳар божхона бошқармасидан 2017 йил 15 июнда берилган 02-2/15-7167-сонли хатда кўрсатилган). Товарларнинг Ўзбекистонга олиб кирилгани ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлган ҳолатда суриштирув-тергов органлари нима сабабдан иш очиш учун асослар етарли эмаслигини рўкач қилаётганликлари тушунарсиз.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан хорижлик тадбиркор масаласига жиддий ёндашишларини ва унга қонун доирасида кўмак кўрсатишларини сўраб қоламиз.

Ўзбекистонда яратилган қулай шароит асосида ишлашни хоҳлаган инвестор, эртага бутун бир инвесторлар гуруҳини етаклаб келади. Улар ҳеч бўлмаганда ишончли ўзбекистонликлар туфайли ўз ҳаётини мамлакатимиз билан боғлайди. Келинг, биз ҳам ишончли бўлайлик.
Зоҳиршоҳ Жўраев, журналист

Манба: uznews.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонга 20 млн. долларлик инвестиция киритмоқчи бўлган хитойлик тадбиркор “фирибгарлик балоси”га дуч келди