18:20 / 04.03.2018
5 816

Тез бўлинглар, каттакон келаяпти!

Тез бўлинглар, каттакон келаяпти!
Бир куни маҳалламизнинг ўртасидан кесиб ўтган катта кўчага чиқсам нотаниш бир одам, ёнида маҳалламиз раиси, кўча ёқасидаги дўкон борми, новвойхона борми, эгаларини чақириб буйруқ бериб юрган экан:

— Ака, мана бу дарахтнинг хазон бўлган барглари куздан бери ҳали ётибдими? Наҳотки шуни шу пайтгача тозалаб олишнинг имкони бўлмаган бўлса? Тез йўқотинг. Кечгача ҳаммаёқ ёғ тушса ялагудек бўлсин, «тепа»дан комиссия келаяпти.

— Ҳой сомсачи, анави арава устига ўрнатилган тандирингни бугуннинг ўзидаёқ йўқот. Бир кун ишламасанг ҳеч нарса қилмайди. Меҳмонлар ўтиб кетишсин, кейин ишлайверасан. Унгача тандиринг кўзга кўринмасин.

— Ҳой сен, уста, дўконингни эртага бир кун ёпиб қўясан. Меҳмонлар ўтиб кетишсин.

— Ҳой новвой, бу нима? Тандирингни новвойхонанинг ичигами ёки орқа тарафигами қурсанг бўлмасмиди? Тез бузиб ол. Кўча тарафда тандир қурганингни кўрмай.

Бундай ҳолатни тез-тез кўравериб кўзларимиз ҳам ўрганиб кетди. Анави кўча тарафда тандир қурган новвой ҳадеб тандирини бузиб қуравергандан ўрганиб хам қолди шекилли. «Тепа»дан қандайдир меҳмон келаверса ёки ҳоким бобо ўтадиган бўлиб қолса тандирини бузади. Кейин новвойхонасининг ичида ҳам, орқа тарафида ҳам тандир қуришга жой бўлмагани учун эртаси куни тандирини яна ўша эски ўрнида тиклайди.

Бундай ҳолатни кўпинча катта йўллар ёқасида ишлаб турган ҳашарчилардан ҳам билса бўлади. Бир гала одам уёқ-буёқни тозалаяптими, демак, каттароқ кимдир келади.

Менда мана шу ерда ҳашарчига ҳам, ўша ҳашарчини олиб бориб мажбурлаб кўча тозалаттираётганга ҳам савол туғилади. Хўш, кўчани тозалаш керак экан, ҳамма ёқни ободонлаштириш керак экан, бунинг учун «тепа»дан келадиган каттани кутиш шартми? Катта келмасдан олдин аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориб ҳам шу ишларни бажарса бўлади-ку. Ёки катталарнинг маҳалла кўчасидан ўтишини кутиш шартми?

Рус ёзувчиси Гоголнинг «Ревизор» асарини ўқимаган ёки кинофильмини кўрмаган одам бўлмаса керак. Шу асар икки аср олдин, 1836 йилда ёзилган экан. Бу комедиянинг ёзилганига 182 йил бўлибди-ю, аммо унда моҳирлик билан тасвирланган муаммо ҳанузгача, ХХI асрнинг қарийб чорагини яшаб қўйибмиз ҳамки, бизда ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

Ҳурматли ҳокимларимиз, жойлардаги турли мутасадди раҳбарларимиз мендан хафа бўлишмасину, ҳанузгача «тепа»дан биронта каттароқ раҳбар ёки қандайдир текширувчи келадиган бўлса худди «Ревизор»даги ҳокиму мутасаддилардай типирчилаб қолишади. Асфальт кўрмаган йўллар асфальтланади, кўчалар ёқасига ҳатто саратон бўлса ҳам арчалар экиб қўйилади. Йиллар давомида тозаланмаган жойларни тозалаттиришади, кўз тушганда одамнинг одамни таъбини хира қиладиган жойларни турли плакатлар билан тўсиб қўйишади.

Ўша плакатнинг орқасига қарасангиз шундоқ ахлатхонани кўрасиз. Катта раҳбарлар келиб кетганидан кейин ўша гулдор плакатни уч-тўрт кунда шамол чирпирак қилиб узиб, йиртиб ташлайди. Чиқиндилар эса «тепа»дан бўладиган янги тафтишгача тозаланмасдан ётаверади.

Мен «Ревизор»ни такрор-такрор ўқир эканман, Гогол бобо ўша пайтда бу асарини қанчалик теран фикр билан ёзганини ҳис этаман. Энг муҳими, Гогол бобо шу асари келажак авлодлардан чиқадиган ҳоким ва мутасадди шахслар учун қанчалик ажойиб қўлланма вазифасини бажаришини билганмикин? «Ревизор»да кўтарилган муаммо бизда яна неча йил долзарб бўлиб тураркин?

Албатта, бу ерда аҳолининг ҳам айби йўқ дея олмайман. Айби бор. Уйининг кўча тарафини то кимдир келиб мажбурламаса ҳатто йилда бир тозалаб қўймайдиган одамлар ҳам бор. Катта кўчалар ёқасида дўкон ёки ошхона ишлатиб, атрофидаги кўз тушганда таъбни хира қиладиган чиқиндиларни йилда бир йиғиштирмайдиган одамлар борлиги ҳам рост.

Аммо кўча-кўйни шунчаки тозалаб қўйиш учун наҳотки «ревизор» келишини кутиш шарт бўлса?

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тез бўлинглар, каттакон келаяпти!