Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Ганга” даҳасида университетимиз талабалари орасида машхур “бағри кенг” 3 хоналик ижара квартира бўлар эди. Университет ётоқхонасидан жой етмай, ташқаридан квартира топишга мажбур бўлган, бу квартирадан хабардор талабаларнинг хаёлига биринчи чора сифатида вақтинча бўлса ҳам шу квартирада яшаб туриш фикри келарди. Сабаби бу квартирада ўнтача атрофида талаба қўним топиши мумкинлиги, аксар ҳолда бу квартирада 1-2 та вакант жой бўлиши эҳтимоли катталиги, ҳеч бўлмаганда, бағри кенг талабалар, вақтинча бўлса-да, 12-13-талабани ҳам “бошини силаш”га тайёр эканликларида эди.
Менга ҳам бир муддат шу “кошона”да қўним топиш насиб этган. Кўпчилик эмасми, у ерда “хотиржам яшаш” учун фикрий плюрализм, феъл-атворларнинг хилма-хиллиги, манфаатлар тўқнашуви каби омилларга тайёр, бағрикенг, вазмин инсон бўлмасангиз, айб ўзингизда, асаббузарлик асоратлари тез кунларда сизга ўз таъсирини ўтказмай қолмасди.
Бу уйда “Келинлар қўзғалони”да қайнона кетиб қолган палладаги каби ҳар ким ўзи алохида қозон осишга ҳақли, уй тозалаш ишларида Сотти каби димоғдор “келин”лар иштирок этмаслиги ҳам мумкин эди. Кенг феъл бўлсангиз, кунора қизиқарли саргузаштларга бой ҳаёт сизга кафолатланган. Тошкентда вилоятдан келиб, вақтинча яшаган, прописка муаммоси-ю уйма-уй текширувларга учрамаган ким бор?!
Мазкур квартира анча йиллардан бери талабалар орасида қўлма-қўл бўлганидан участковой (шу ҳудуд нозири) бу ерда айнан талабалар туришини яхши биларди. Шундай бўлса ҳам, баъзан “план тўлдиргани” биздан фойдаланар эди. Ёдимда, талаба сифатида вақтинчалик пропискамиз бўлса ҳам, бир марта бизга тегмаётганларини пеш қилгач, РУВДга бориб, пропискасиз юрганлар қаторида бармоқ излари топшириб, плани тўлишига ҳисса қўшиб келганмиз. У замонлар бу тизимларда мантиқсиз иш юритишлар ҳозиргидан анча кўп эди. Улар билан, бу ишинг мантиқсиз деб тортишсангиз, битта аҳмоқ душманингиз кўпайгани қоларди, холос. Бу участкавойлар билан саргузаштларимиз кўп бўлган. Энг ғаройиби квартирамизда тинтув ўтказиб, диний “ашёвий далиллар” билан мелисахонага олиб чиқиб кетишганида бўлган. Жойнамозлар, китоб ва дисклар, ҳатто қовулган ўзбек чопони...
“Қулфланган” диск
Ишлар билан кўчада юргандим. Ҳамхоналардан бири телефон қилди. Участкавойлар ижарада турган квартирамизга кириб, тинтув ўтказибди. Кўзига шубҳали кўринган барча нарсалар билан бирга уйдаги болаларни ҳам мелисахонага олиб чиқиб кетишибди. Уйда бўлмаганларни телефон орқали чақиришларини талаб қилишибди. Борсам, уй остин-устин қилинган, “юз йил тегилмаган”, тахмонга йиғилган эски, увадаси чиққан кўрпачалар ҳам ерда сочилиб ётибди. Хонамга кирсам, баъзи китобларим ва 20-30 тача диск солинган қути жойида йўқ. Энг қизиғи, ноутбуким турибди. Афтидан ноутбук уларнинг кўзига китоб ва дисклардан кўра камроқ шубҳали кўринган. Китоб, дискларим орасида жавобгарликка тортишга арзигулик нарса йўқлигига ишонсам-да, кўнгилда ҳадик-қўрқув билан участкавой ҳузурига йўл олдим.
Мелисахонада хонадош талабалар турибди. Стол устида квартирадан топилган, ашёвий далил сифатида олинган диний, арабча китоблар, дисклар, араб тилидан конспект дафтарлар, жойнамозлар ва ўша аввал айтиб ўтганим, қовулган эски кўк рангли ўзбек миллий чопони. Уни тахмондаги кўрпачалар орасидан топишибди. Ҳатто ўзимиз ҳам бу тўнни аввал кўрмаганмиз. Қайси “антик давр” талабасидан мерос қолган у тўн, ёлғиз Аллоҳга аён. Участкавойнинг айтишича, қўшнилардан тушган шикоят асосида текширувга келишган экан. Яна ким билади дейсиз.
Китобларни мутахассисга текширтиришди, ўзимиз даъво қилгандек, ичкарида босилган “легальный” диний китоблар ва араб тили дарсликлари эканлиги ойдинлашди. Дискларни ҳам ўша ердаги компьютерда мен етиб келишимдан олдин очиб кўришибди. Ҳа айтганча, диск ичидаги файлларни текширишда қийинчилик юз берибди. Участкавой: “Сен дискдаги баъзи файлларни қулфлаб қўйган экансан. Менинг шундай ҳакер ёрдамчиларим бор, ҳар қандай дискларингни ҳам очиб бера оладиган. Файлларнинг ҳаммасини очиб берди”, ― деб тўнғиллади.
Эътибор берсам, гап PDF файллар ҳақида кетяпти. Афтидан компьютерида бу файлларни очадиган дастур (PDF reader) бўлмаган, натижада компьютер бу файлларни танимаган. Айтилган “ҳакер” эса ўша дастурни ўрнатиб, участковой айтган қулфни “очган”. У дискларда ҳар хил керак-нокерак дастурлар, электрон дарсликлар ва интернетдан кўчириб олинган, қандайлиги ўзимнинг ҳам ёдимда йўқ, мақолалар бор эди. У пайтлар ҳар доим интернетга киришга қодир бўлмаган, камсуқум, камхаражат талабалар қатори маълумотларни имкон бўлганда интернет кафедан тортиб олиб, дискка сақлаб оладиган одатим бор эди. Яна курсдошларда керакли маълумот топилиб қолса ҳам, кўчириб олардим. Дисклардаги маълумотлар 3-4 йил давомида тўпланганлиги сабаб, улар ичидаги ҳамма маълумотнинг ҳам қандайлиги аниқ эсимда йўқ эди.
Кўп ўтмай қўрқинчли ташкилот ― МХХ (ҳозирги ДХХ – таҳр.)дан чақирилган вакил келди. Ашёвий далилларга бир қатор назар ташлади-да, дискларни экспертизага топширишга, бошқаларини эса қайтариб беришга кўрсатма берди. Жойнамоз ва миллий ифтихоримиз чопонни кўрганда эса, мелисаларнинг савиясига “қойил” қолганини юз ифодасидан сезиш мумкин эди. Ҳарқалай “ўгай” бўлса ҳам, функционал қариндошлиги бор эмасми, бизнинг олдимизда уларни изза қилгиси келмади шекилли, индамади. Биз билан профилактик суҳбат ўтказди. Динга ортиқча берилмаслик, экстремистик тушунчалар, ташқаридан бўлаётган бузғунчи ғоявий хуружлар ҳақида гапирди. Биз эса катта жиноят устида ушланган айбдорлар каби бошимизни эгиб, гапларини тасдиқлаб, охиригача тинглаб ўтирдик. Дубайдаги бойларнинг “ШЕЙХ”, олим кишиларнинг эса “ШАЙХ” дейилишини, уларнинг бой ёки илмли эканини “Е” ва “А” ҳарфларидан ажратиб олиш мумкинлигини ҳам ўша суҳбатдан билганман. Лекин ҳозиргача, ўша мантиққа асосан, ҳам бой, ҳам олим киши бўлса, қандай аталиши ҳақида бир тўхтамга кела олмадим. Балки “ШЕАЙХ” бўлар, яна билмадим.
Профилактик суҳбат тугаб, кетишга рухсат беришди. Дискларнинг экспертиза жавоби келса, хабар беришларини, бир нима чиқса, ўзимдан кўришимни эслатиб, чиқариб юборишди. Қутилганимизга шукр қилиб, ҳамма ўзига тегишли нарсаларни олиб чиқиб кетдик. Барибир, кўнгилнинг бир четида экспертизага юбориладиган дисклардан озроқ хавотир қолди. Чунки “тинчликсевар” қўмитамиз пашшадан фил ясаши, паловдан бошқаси ўзбекнинг ошқозонига ёт, ҳазм қилолмайди дегандай ― ташқаридан олинган маълумотларни мазҳабимизга зид, экстремистик деб баҳолашлари эҳтимоли катта эди. Вақт ўтиб хавотирим ўринли бўлгани маълум бўлди.
Судланганлик тамғаси
Бир куни участкавойларимизнинг ёшроғи шошилинч чақириб қолди. Қароргоҳига борсам, тезда РУВДга боришимиз кераклигини айтди. Худди йўқ десам, ўзинг биласан деб, ўз ҳолимга қўядигандек, хўп деб, рози бўлдим. “Жигули”сига ўтказиб, учириб олиб борди. РУВДга киргандан сўнг аввал участкавой бир хонага кириб, мени олиб келганлигини айтиб чиқди. Кейин мен кирдим.
Ичкарида тасаввур қилганимдан ихчамроқ, ўзидан кўра курсиси ҳайбатли формасиз ходим формали ёрдамчиси билан ўтирган экан. Мени кўрди-да, ёрдамчисидан қўмита юборган хулосани сўради. Қўмита хулосани анча олдин юборган, булар эса масъулиятсизлик қилиб, бошқа ҳужжатлар орасида эътиборсиз қолдиришган экан. Ходимнинг айтишича ҳужжатларни тартибга келтираётиб, кўзи тушиб, ёдига келибди. Сал бўлса, ишнинг муддати ўтиб кетиб, мен судга тортилиш “бахти”дан маҳрум бўларканман. Участкавой шошилинч чақирувининг сабаби ҳам шу бўлган экан. Ундан мени тезда олиб келишни сўрашибди.
Экспертиза жавобларини кўрсатишди. Дискларнинг биттаси чатоқ чиқибди. Ичида “четдаги ғаламислар” ёзган, ақидага оид 2-3 та мақолалар сақланган файллар бор экан. Биттаси эсимда, тавҳиднинг уч асоси ё тури деб номланган мақола эди. Қолганлари аниқ эсимда йўқ. Диний қўмитанинг “қимматли” вақтини олганимга жаҳли чиққанми ё алоҳида хулоса ёзишга эриниб, тайёр бошқа “каттароқ” ишнинг хулосасини ёпиштириб юборганми, билмадим. Лекин ёзилган хулосадан ўзимни “ҳизбут-таҳрир”нинг низоми билан қўлга тушгандай ҳис қилдим. Тинчликка рахна соладиган, одамлар орасида айирмачилик кетириб чиқарадиган, ўқиган одамни қўрқитадиган яна бир нарсалар билан баҳоланганди у топилмалар. ИИБ ходимларининг ҳам кўзи бу хулосаларга ўрганиб қолганми, ортиқча эътибор бермасдан, пешонасини тириштириб, бир-иккита насиҳат қилди. Мен ҳам надомат юз ифодасида тинглаб турдим. Кейин ишимни судга ошириб юборди.
Бир неча кундан сўнг суд ҳам бўлди. Судья ҳузурида турибман, тўполон қилган энг кичик ўғлига гапиргандек, ўдағайлаб уч-тўртта гап айтган бўлди-да, маъмурий кодекснинг қайсидир моддаси билан энг кам иш ҳаққининг нечадир баробарида (аниқ эсимда йўқ, лекин ўн баробардан кам) жаримага тортди. Бир оғиз вазиятимни тушунтириб, енгиллатишини сўрадим, инобатга олмади. Бу жарима у вазиятда катта кўринган бўлса-да, диний мотивлар билан айбланганларнинг ўша пайтлардаги қисматини эслаб, анча осон қутилдим деб ўйладим. Уйга қайтдим.
Ҳамхоналар билан суддаги таассуротларимни ўртоқлашдим. Ҳаммаси: “Майли ака, пул топилар, осон қутилибси” ― деб тасалли беришди. Мен ҳам шу фикрдалигимни айтдим. Ичимизда ҳуқуқ йўналишида ўқийдиган бир талаба ҳам бор эди. Бирдан шу бола: “Судланганингиз чатоқ бўлди-да, кейинчалик ишга киришда судланган деб, таъсир қилади”, ― деб қолди. Бу гапдан ҳамма ўйланиб қолди. “Мени маъмурий жавобгарликка тортишди. Судланган деб жиноий жавобгарликка тортилганга тамға босишади”, ― десам, бўлажак ҳуқуқшунос:
“Буни аниқлаштириш керак, сўраш керак”, ― деса бўладим. Охири деҳқонча мисол келтирдим. “Мендан олдин суд жанжаллашган эрига мелиса чақирган эр-хотиннинг ишини кўрди. Биров ажрашса ҳам, суд орқали кўради. Энди ажрашганларнинг ҳаммаси судланган деб ҳисобланадими?” ― деганимдан сўнг, тушунгандай бўлди.
Жарима пулини ҳам шериклар билан келишиб, ҳал қилдик. Орамизда ишлайдиган бола бор эди. Ўша бола пластик картасидан тўлаб турадиган, мен у болага кейинроқ қайтарадиган бўлдим. Ҳа, бу машмашадан жарима билан қутилдим. Лекин кейинроқ, анчадан бери атрофимда иси келиб турган фитнани кўтаришда, бундан ҳам фойдаланишди...
Отабек УСМОНОВ
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади